Тоғ узоқдан унчалик маҳобатли кўринмаса-да, лекин унга яқинлаша борган сари унинг пурвиқорлиги, баландлиги яққол кўзга ташланади. Худди шундай биз мутафаккир аждодларимизни яқиндан таниб, уларнинг бой илмий меросини ўрганибгина боболаримизнинг нақадар улуғ зотлар бўлганини англаб етамиз. Ана шу англаш орқали уларга муносиб авлод бўлишга интиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августдаги «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш каби вазифалар белгиланган.
Ҳақиқатан, аждодларимизнинг ҳаёт йўллари ва улар қолдириб кетган бой илмий мерос бугун биз чораларини ахтараётган кўплаб муаммоларни ечишда жуда қўл келади. Айниқса, устоз-шогирд муносабатлари, ёшлар таълим-тарбиясида Имом Термизийнинг ҳаёт йўллари, устози Имом Бухорийга бўлган муносабати барчамизга ибратдир.
Имом Термизийнинг устози Имом Бухорийга ҳурмати чексиз бўлган. Имом Бухорий 863–868 йилларда Нишопурда яшаган даврда Муҳаммад Термизий унинг дарсларида қатнашади.
Беш йил мобайнида Имом Бухорийдан ҳадис ва унга тегишли бошқа илмларни ўрганади ва: “Ҳадис илмида Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий)дан кўра илмлироқ бирор кишини кўрмадим”, деб устозига бўлган чексиз эҳтиромини намоён қилади.
Имом Термизий хотирасининг кучлилиги билан ўз даврининг олимларидан ажралиб туриши билан бирга, устози Имом Бухорийга ҳам ўхшаб кетар эди. Бу ҳақда тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг (1274–1347) “Тазкиратул ҳуффоз” (“Ҳофизлар ҳақида тазкира”) номли асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади: “Макканинг йўлида эдим. Бир шайхнинг ҳадисидан баъзи қисмларни ёзиб олган эдим. У ёнимиздан ўтиб қолди. Мен ушбу парчалар ўзим билан деб ўйлаб, унинг ёнига бордим. Мен билан бўлган юкимнинг ичида ҳам баъзи парчалар бор эди ва мен уларни ўша ёзиб олган парчаларим деб ўйладим. У менга изн бергач, парчаларимни олдим. Қарасам, улар оқ (яъни, уларга ҳеч нарса ёзилмаган). Мен ҳайрон бўлдим. Шайх менга ёддан ҳадис айта бошлади. Сўнг менга қаради ва қўлимдаги оқ варақни кўриб: “(Ёзмасдан ўтиришга)мендан уялмайсанми?” деди. Мен бўлган ишни гапириб бердим ва: “Айтганингизнинг ҳаммасини ёд олганман”, дедим. У: “Унда менга қайтариб айт”, деди. Мен унга бошидан охиригача айтиб бердим. Аммо у менга ишонмади ва: “Сен буларни менинг олдимга келишингдан олдин ёдлаб олгансан”, деди. Мен унга: “Булардан бошқасини айтинг”, дедим. У менга ўзининг нодир ҳадисларидан қирқтасини айтди ва: “Қани, қайтариб айт-чи?” деди. Мен уларни бошидан охиригача айтиб бердим ва биронта ҳарфда ҳам адашмадим. У: “Сенга ўхшашини кўрмаганман”, деди.
Имом Бухорий ҳам шогирди Абу Исо Термизийга юқори баҳо бериб: “Сен мендан фойдаланганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойдаландим”, деб таъкидлаган.
Имом Бухорийнинг шогирди Имом Термизийга бундай юксак баҳо бериши Имом Термизийнинг қанчалик даражада илмга эга эганлигини кўрсатади.
Имом Бухорий, Имом Термизий каби йирик муҳаддислар Қуръони карим, ҳадиси шариф ва саҳобаи киромларнинг сўзларини жуда ҳассослик билан ўрганишган. Мана, асрлар оша бу икки буюк муҳаддиснинг асарлари қўлдан қўймай ўқилади. Бу асарларни ўқиш ва уқиш орқали одамларнинг маърифатини юксалиб, ҳақ ва ҳақиқатни топиб бораверади.
Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан ўтказилаётган Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги аждодларимизни ёшларга танитиш, уларнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш, шу орқали фарзандларимизнинг баркамол бўлиб улғайишига замин яратади, иншоаллоҳ.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати