Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.
Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:
– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.
Сўнгра саҳобаларга қараб:
– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.
Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.
Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.
Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.
Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.
Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.
Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.
Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.
Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.
Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.
Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.
Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.
Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.
Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.
Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.
Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.
Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».
Кунлар совий бошлади. Аммо Азамат ҳар кунги иши – пластик идиш ва қоғозларни йиғиши керак... Чунки уйда тўшакка михланиб қолган онаси ва синглисининг ризқи у топадиган шу пулга боғлиқ эди.
Ўн, ўн икки ёшлардаги бола мактабдан қайтиши билан елкасига қоп олиб, кўча кезарди.
Шундай кунларнинг бирида банкомат олдида шошиб, қулоғига телефон тутиб турган аёлни кўрди. У шошилганча пул ечиб олди-ю, банкомат тирқишида қолган картасини унутиб, мошинасига югурди.
Буни кўрган Азамат унинг ортидан?
– Ҳой, хола! – деб югурди.
Аёл уни кўринишидан тиланчи деб ўйлади, шекилли, ортиқ эътибор бермади. Автоуловига ўтираркан, Азамат унга етишди. Аёл эса машина ойнасини кўтариб, уни эшитмоқчи эмасди. Шунда Азамат унга картасини кўрсатди. Аёл картасини унутиб қолдирганини эслаб, хижолат бўлди.
– Сўнг эшигини очиб, болага раҳмат айтиб, картасини олди.
– Умрингдан барака топ, болам! Сендек ҳалол болани ўстирган ота-онангга минг раҳмат!..
Аёл унга пул бермоқчи эди, Азамат олмади:
– Мен бунинг учун қилмадим...
Сўнг ўз ишига қайтди. Аёл ортидан қараб қолди...
Кун ботиб, терган идиш ва қоғозларини топшириб, топган озгина пулига уйда касал ётган онаси учун дори ва нон олди.
Уйга етиб бориб, аввал онасига дорисини берди, сўнг амаллаб кечки овқат тайёрлади. Она ўғлининг чарчаган кўзларига қараб йиғларди:
– Болам, бизни деб қийналиб кетдинг. Аллоҳ иқболингни баланд қилсин...
Азамат онасининг қўлини маҳкам ушларди:
– Ундай деманг, ойижон. Кучим борича хизматингизни қиламан. Ахир ўзингиз ўргатгансиз-ку, ўғил бола оиланинг эркаги, боқувчи бўлиши керак, деб. Сиз қайғурманг...
Ўша кундан бери боланинг кунлик ишини кузатиб юрган ҳалиги аёл бир куни унинг қайси уйда яшашига қизиқди. Кузатиб, кўриб кетгач, бир куни у йўғида нарсалар олиб келиб, эшик олдига қўйиб, эшикни тақиллатди. Кириб, онаси билан танишди. Вазиятни билгач, ўзининг шифокор эканини айтиб, Азаматнинг онасини текширувга, сўнг даволанишга олиб борди. Бу ишга ўғлининг биргина иши сабаб бўлган эди...
Акбаршоҳ Расулов