Аллоҳ отамнинг умрларини узоқ қилсин! Молларига барака берсин. Туғилганимдан бошлаб мени қўлларидан келганча ҳеч нарсага зориқтирмай ўстирдилар. Етмаганига ҳозиргача харажатларимни ўзлари кўтарадилар. Ҳозир 40 ёшдаман. Ҳозиргача зиёратларига келсам, мен уларга беришимнинг ўрнига дарров чўнтакларига қўл солиб, харажатларимга етадиган миқдордаги пулни қўлимга тутқазадилар. “Дадажон, ёшлигимда мени керагидан ортиқ таъминлаб қўйган эдингиз, энди пул бериш менинг навбатим” десам “Қизим, мен бу пулларни гўримга олиб кетармидим, олақол энди, сенга берсам, Аллоҳ менинг молимга барака беради” деб олмаганимга қўймайдилар. Бундан ташқари неваралари билан кўришга борсам, уларнинг ҳам чўнтакларига пул солиб қўядилар. Менга берганингиз ҳаммамизга етади десам ҳам кўнмайдилар. “Булар ҳам бир яйрашсин, музқаймоқ олиб ейишар” деб кулиб қўядилар.
Ҳа, оталар фарзадлари учун пул тугул, жонларини ҳам ўйлаб ўтирмай беришга тайёр бўлишар экан. Аллоҳ бахтимизга оталаримизни саломат қилсин!
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гоҳида инсонга бало ҳам бир неъмат бўлар,
Ва гоҳо Роббим неъмат билан имтиҳон этар.
Ибодатли, яхши бир ибодатли дўстимнинг аёли саратон касалига чалинди, уларнинг уч фарзанди бор эди. Дўстимга дунё тор келиб, ер зулматга айланиб қолди. Шунда уламоларнинг бири унга саҳарлари туриб ибодат қилиб, аёли учун истиғфор айтиб, замзам сувига қироат қилиб унга ичиришини маслаҳат берди. Аллоҳ таоло унинг йўлини дуо қилишга очиб қўйди. Аёли Қуръон ўқилган замзам суви билан жисмини тозалар, у эса аёли билан тонг саҳардан қуёш чиққунча, шом намозидан кейин хуфтонгача ўтириб биргаликда истиғфор айтиб дуо қилишарди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло унинг касалига шифо берди, унга гўзал тери ва чиройли сочлар ато қилди. Улар эса истиғфор ва тунги намозга боғланиб қолишди.
Синглим, агар сиз касал бўлсангиз Аллоҳ томонга юринг, истиғфор, тавба ва дуони кўпайтиринг. Шунда тез орада сизни хурсанд қиладиган хушхабар келади. Чунки дуони фақатгина Аллоҳ таоло ижобат қилади, қийинчилик ва ёмонликларни У Зотгина аритади.
Шуъла: Ўтган ва бугунги кунларингизни ҳисоб-китоб қилинг. Чунки ҳаёт кетма-кет синовлардан иборат, инсон бу синовлардан ғолиб бўлиб чиқиши лозим.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан