Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июл, 2026   |   10 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:33
Қуёш
05:05
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:52
Хуфтон
21:22
Bismillah
24 Июл, 2026, 10 Сафар, 1448

Ҳаётингизни ўзгартирувчи 12 оят

08.10.2024   8962   2 min.
Ҳаётингизни ўзгартирувчи 12 оят

Қуръон барча эҳтиёжларингиз ва амалларингиз учун дастуруламал бўлувчи Китобдир.

1. Сиз: “Омадсизман”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Мўминлар нажот топдилар” деб марҳамат қилган (Муьминун сураси, 1-оят).
 

2. Сиз: “Бунчалик қийин”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” деб марҳамат қилган (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
 

3. Сиз: “Менга ҳеч ким ёрдам бермайди”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Мўминларга мадад бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган” деб марҳамат қилган (Рум сураси, 47-оят).
 

4. Сиз: “Ёлғизман”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Қўрқмангиз! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман” деб марҳамат қилган (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).


5. Сиз: “Гуноҳларим жуда кўп”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 222-оят).


6. Сиз: “Динга амал қилиш жуда қийин”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 185-оят).


7. Сиз: “Камбағал-фақирман”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун мағфират ва фаровон ризқ бордир” деб марҳамат қилган (Ҳаж сураси, 50-оят).


8. Сиз: “Беморман”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз” деб марҳамат қилган (Исро сураси, 82-оят).


9. Сиз: “Бунга кучим етмайди”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 286-оят).


10. Сиз: “Меҳнатларим қадрланмаяпти, ўзимни қадрсиз ҳис қиляпман”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, бу сизлар учун мукофот ва сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз (Аллоҳ наздида) мақбулдир” деб марҳамат қилган (Инсон сураси, 22-оят).


11. Сиз: “Шайтоннинг макри бунча кучли”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, шайтоннинг макри заифдир” деб марҳамат қилган (Нисо сураси, 76-оят).


12. Сиз: “Ғалаба узоқда”, деб айтманг!

Чунки Аллоҳ таоло: “Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 214-оят).

Аллоҳ таоло ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини Қуръони карим оятларига мувофиқ ўтказишимизга тавфиқ ато этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хўжайлида меҳр-мурувват тадбири: 70 дан ортиқ оилага саховат улашилди

23.07.2026   4789   1 min.
Хўжайлида меҳр-мурувват тадбири: 70 дан ортиқ оилага саховат улашилди

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб эълон қилинган «Маҳалла ободлиги ва меҳр-оқибат ойлиги» доирасида хайрли ва савобли тадбирлар изчил давом этмоқда.

Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда Хўжайли туманидаги «Пирим эшон» жоме масжиди ҳамкорлигида ўтказилди.


Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б.Разов, қози ўринбосари А.Джолаушиев, Хўжайли тумани бош имом-хатиби И.Шерниязов, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда жорий йилда Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган ҳожи оталар иштирок этдилар.


Саховатпеша ҳомийлар кўмаги билан ташкил этилган ушбу акция доирасида туманнинг 14 та маҳалласида яшовчи 70 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Хонадонларга ташриф буюрилиб, фарзандлар учун мактаб формалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди, диний соҳа вакиллари ва ҳожи оталар фуқаролар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар.


Халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бу каби хайрия тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Хўжайлида меҳр-мурувват тадбири: 70 дан ортиқ оилага саховат улашилди Хўжайлида меҳр-мурувват тадбири: 70 дан ортиқ оилага саховат улашилди Хўжайлида меҳр-мурувват тадбири: 70 дан ортиқ оилага саховат улашилди Хўжайлида меҳр-мурувват тадбири: 70 дан ортиқ оилага саховат улашилди Хўжайлида меҳр-мурувват тадбири: 70 дан ортиқ оилага саховат улашилди
Ўзбекистон янгиликлари