Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Йўқотиш
У охирги пайтда жиззаки, жаҳлдор, сабрсиз бўлиб қолди. Олдинги хушмуомалалигидан асар ҳам қолмаган. Аёлига ҳам қаттиқ гапиряпти. Ишхонадагилар билан кўп тортишадиган бўлиб қолди. Кўчадаги тирбандликларда ҳам аввалги хотиржамлик йўқ. Энг ёмони, намоз ўқишга ҳам эринчоқлик пайдо бўла бошлади. Сабабини чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрса – тасбеҳини йўқотиб қўйган экан...
Операция
– Дўхтир, ўғлим яхши бўлиб кетармикан?
– Операциядан кейин аниқ бўлади.
– Илтимос, дўхтир, бир иложини қилинг. Бу ёруғ дунёда ўғлимдан бошқа ҳеч кимим йўқ.
– Қўлдан келганча ҳаракат қиламиз.
Олийгоҳни суперконтракт билан битирган шифокор шундай деди-ю, операцияга кириб кетди.
Нома
Жавондаги қутидан арзимаган пулнигина топа олган ўғри уйдан чиқиб кетаётиб, стол устидаги бир варақ қоғозга кўзи тушиб қолди. Унда «Ҳозирча шу пулни амаллаб тур. Бир ойда қайтаман» деб ёзилган эди.
Тиббий текширув
Олтита қиздан кейин яна ҳомиладор бўлиб қолган аёл «Жинси: қиз» деб ёзилган таҳлил қоғозни эрига тутқазди. Ўн йилдан бери фарзанд кўриш орзусида юрган ҳамшира қиз хонадан чиқиб кетаётган эр-хотинни ҳавас билан кузатиб қолди-ю, кўзини рўмолчаси билан артди.
Эртаси куни «Шошилинч ёрдам» бўлимида кечаги аёлни кўриб қолди, калтаклар зарбидан бечоранинг боласи тушиб қолган эди.
Хато
Ўғил ҳаллослаб келиб, онасининг оёғига ёпишди: «Энди ҳеч қачон гап қайтармайман, ойи! Олдингизда уф тортмайман! Ишдан келганимда «Чарчадим, ойи, оёғингизни бошқа куни уқалаб қўя қолай», демайман. Кеч қолаётган бўлсам ҳам, эрталаб чойни сиз билан бирга ичиб кетаман. Хатоимни тушундим, ойи, мени кечиринг!».
– Қани, баравар кўтарамиз!
Жанозага келганлар аёлнинг тобутини кўтаришди.
Сўнгги роман
У янги романига нима деб ном қўйишни билмай, анча вақт бош қотирди. Ниҳоят, кутилмаганда хаёлига келган номни танлаб, биринчи саҳифанинг бошига ёзиб қўйди. Шу пайт азон айтилди. Одатдагидек, масжидга чиқиб, намозни жамоат билан ўқиди. Чап елкасига салом берди-ю, гилам устига оҳиста йиқилди. «Аллоҳ жонимни намозда олсин» номли романининг чоп қилинганини кўриш насиб қилмади.
Мадина шаҳри Ислом тарихида бир нечта номлар билан аталган. Улардан энг машҳурларидан бири “Тоййиба”дир.
Исломдан олдин шаҳар Ясриб деб аталган. Бу ном “айблаш” ва “ёмонлаш” каби маъноларни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ҳижрат қилганларида, унга янги ном бердилар. У зот алайҳиссалом шаҳарни “гўзал” ва “покланган” маъносини англатувчи “Тоййиба” деб атадилар.
Шунингдек, Тоййибага яқин бўлган ва ўхшаш маънони англатувчи “Тоба” номи ҳам ушбу шаҳар учун ишлатилган.
Мадинада топилган VIII асрга оид қоятош ёзувида шаҳар Тоййиба номи билан аталган. Бу эса ушбу ном Исломнинг илк асрлариданоқ қўлланиб келинганини кўрсатади.
Тоййиба билан бир қаторда, шаҳар муайян тарихий жиҳатларини акс эттирувчи яна бир неча номлар билан ҳам танилган:
| Номи | Маъноси |
| Мадина | Шаҳар |
| Мадинату Набий | Пайғамбар шаҳри |
| Мадинаи Мунаввара | Мунаввар шаҳар |
| Дорул Ҳижра | Ҳижрат диёри |
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси