21-октябр – Ўзбек тили байрами куни
Ҳақ таоло Одам фарзандларига энг буюк неъмат ўлароқ тил берди. Барча мавжудотлар орасида инсон ана шу тили ва ақли орқали азиз ва мукаррам бўлди. Башарият турли миллат ва элатлар қилинди. Улар эса асосан, тил орқали фарқланади. Ҳар бир миллатнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк бойлиги бу – ўша халқнинг тилидир.
Ўтган асрлар давомида тилимиз жуда кўп тараққиёт ва инқирозни бошдан кечирди. Шукрки, истиқлол шабадалари эсиб, миллат ўз тили, дини ва ўзлигига қайтиб, 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Афсуски, Қонун қабул қилинганига 35 йил ўтган бўлса-да, тилимиз софлигини асраш, уни ривожлантириш борасида бирор ютуққа эриша олганимиз йўқ.
Тан олиш керакки, бугун хориждан ўзлашаётган сўзларни тўғридан-тўғри қабул қилиш оддий ҳолга айланган. Кундалик сўзлашувимизда ҳам қанча ажнабий сўзлардан фойдаланимишимиз ўзимизга аён. Кўча-кўйдаги турли баннер ва реклама ҳамда дўкону турли савдо пештахталаридаги номларнику айтмай қўя қолай. Имло хатолар билан ёзилган эълон ва рекламаларнинг йиллаб тўғриланмаслигидан оғринамиз ҳам. Уларни ўз вақтида огоҳлантириш, танбеҳ беришга эса истиҳола қиламиз. Бу эътиборсизлигимиз оқибатида тилимиз қадрсизланади.
Тил меъёрларсиз яшай олмайди. Аммо бу меъёрлар ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, ривожланиб, такомиллашиб боради. Жамиятимиз тараққиёт пиллапояларидан кўтарилган сайин она тилимиз янги сўз ва атамалар билан бойиб бормоқда. 1981 йили чоп этилган икки жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 60 минг сўз изоҳланган эди. 2006–2008 йилларда нашр қилинган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса 80 мингдан ортиқ сўз бор. Бу луғатлар орасида 20 минг сўз фарқ қилади. Бунга сабаб шуки, янги нашр биринчи луғатга киритилмай қолган сўзлар ва тилимизга янги кириб келган сўзлар ҳисобига бойитилган.
Ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган сўз ва иборалар билан тилимизни булғаш, луғатимизда таржимаси бўла туриб, бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатиш ҳам муомала маданияти қоидаларига зиддир. Кўчиб кирувчи сўзлар тўплами айрим ҳолларда “интернационал сўзлар” сифатида хас-пўшланади. Бунга “бизнес”, “маркет”, “мини”, “супер”, “менежер”, “вип”, “лидер”, “аудио”, “видео”, “аут”, “интер”, “сервис” каби бир қанча сўзлар мисол бўлади. “Оргтехника”, “канцелярия” ва буларга боғлиқ воситалар, жиҳозлар номланиши ҳам шундайлигича қабул қилинган. Айниқса, компьютер соҳасидаги иборалар хорижий номлари билан аталиши давом этиб келмоқда (масалан: файл, сайт, корзина, ссылка, гиперссылка, сноска, домен, сетевое окружение, слайд, спам, булутус ва ҳоказо). Биз бу сўзларнинг иложи борича ўзбекча муқобилини топишимиз керак ва лозим. Агар бунга эътибор қаратмасак, глобаллашув даврида тилимиз ўзга тилга “ютилиб” кетмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Тилга қиёс берар экан, бобокалонимиз Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонида бундай деган:
Айтиб совумас таронасен сен,
Олиб қурумас хизонасен сен.
Бу мисраларнинг маъноси шуки, тил ишлатган сари ва сарфлаган сайин янада бойиб, сайқалланиб борадиган неъмат. Тил – миллатнинг тарихи, бугуни ҳамда келажагидир. Тилнинг энг асосий манбаи – сўз. Бироқ шу тилда сўзлашувчи халқ унга нисбатан эътиборли ва масъулиятли муносабатда бўлмаса, ўз она тили, луғати сўзга бой бўла туриб, нутқида бошқа миллат тилидан кириб келган сўзларни ишлатса, мумтоз сўзлар маънолари изоҳланмаса, бора-бора бу тил унутилиши, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Тахминларга кўра, шу кунгача дунёда 30 000 га яқин тиллар йўқ бўлиб кетган ва яна бир қанчаси йўқ бўлиш арафасида.
Бир сўз билан айтганда, қаерда бўлмайлик она тилимизга эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Чунки тил миллат кўзгусидир. Унда халқимизнинг асрлар силсиласидан, мустабидлик тўфонларидан сабр-матонат билан босиб ўтган ҳаёт йўли, маданияти, тарихи, савияси, ақл-заковати акс этади.
Шукур ЖАББОР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.
Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.
Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди