Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Аллоҳим, еттинчисини ҳам қиз қилиб бер!

23.10.2024   9013   7 min.
Аллоҳим, еттинчисини ҳам қиз қилиб бер!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айрим одамлар Аллоҳ таоло уларга қиз фарзанд берса, хафа бўлишади, баъзан ғазабланишади ҳам. Бугун жамиятимизда бу каби ҳолатлар учрамаса керак, деётганлар адашишади.

Афсуски, орамизда ҳали ҳам шундайлар бор. Улар ўз норозиликлари билан бутун махлуқотни яратган, уларга жон томиридан ҳам яқин бўлмиш меҳрибон Зотга нисбатан одобсизлик қилишаётганини билишмасмикан? Аслида одамзод қиз фарзандни Аллоҳ таолонинг улкан туҳфаси деб қабул қилмоғи ва бунга хурсанд бўлмоғи лозим. Чунки ота-она қиз фарзандларига гўзал таълим ва тарбия берса, уларнинг фарзандлари ота-оналари учун дўзахдан тўсиқ ва парда бўладилар. Қуйидаги ҳадис сўзимизни тасдиқлайди:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо айтади:

«Ҳузуримга бир аёл икки қизи билан келиб, «Бирон нарса беринг», деб сўради. Битта хурмодан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Ўшани унга бердим. Аёл уни иккига бўлиб, ўзи емай, икки қизига берди. Сўнг ўрнидан туриб, улар билан чиқиб кетди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меникига кириб келдилар. Ўша аёл ҳақида айтиб берган эдим, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга қиз фарзанд бериб имтиҳон қилинса ва уларга яхши қараса, улар унинг учун дўзахдан тўсиқ бўлади», дедилар» (Бухорий ва Муслим иттифоқ қилишган).

Одатда одамлар қиз фарзанд кўришни хушламаганлари учун мазкур ҳадисда «имтиҳон қилинса» дейилди. Аслида бу сўздан «кимга шу каби қизлардан бирортаси берилса», деган маъно ирода қилинган. Қизларга яхшилик қилиш – уларни муҳофаза қилиш, тарбиялаш ва солиҳ жойга турмушга бериш кабилар билан ифодаланади. Қуйидаги ҳадисда ҳам қизларига яхши тарбия берган оталар охиратда муносиб тақдирланиши айтилган:

Абу Ушшона Маъофирийдан ривоят қилинади: «Уқба ибн Омирнинг шундай деётганини эшитдим: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг уч қизи бўлса, отаси уларга сабр қилса, уларни ўз мол-мулкидан едириб-ичирса ҳамда кийинтирса, ўша қизлар отаси учун Қиёмат куни дўзахдан тўсиқ бўлади» (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Ривоят қилинишича, бир кишининг олти нафар қизи бўлиб, хотини еттинчи фарзандга ҳомиладор экан. Серфарзанд ота ўғил туғилишини жуда қаттиқ хоҳлар, бу сафар ҳам қиз туғилиб қолишидан хавотирда экан. Шунда у ўзига-ўзи «агар бу сафар ҳам хотиним қиз туғса, уни талоқ қиламан», деб қасд қилиб, шу хаёллар билан ухлаб қолибди. Тушида Қиёмат қоим бўлгани, дўзах ҳозирлангани ва у дўзахга ҳукм қилинганини кўрибди. Аммо қачонки уни дўзахнинг эшиги олдига олиб боришса, қизларидан бири уни дўзахдан ҳимоя қилиб, отасининг у ерга киришига тўсқинлик қилар экан. Олти қизнинг отаси дўзахнинг олти эшиги олдидан ҳам шу тариқа ўтиб кетибди, яъни ҳар бир эшик олдида қизларидан бири унинг дўзахга киришига тўсқинлик қилибди. Еттинчи эшик олдида эса бундай ҳолат рўй бермабди. Натижада у даҳшатга тушган ҳолатда уйғониб, ўзича қасд қилган ҳолда хатога йўл қўйганини англабди. Қаттиқ пушаймон бўлиб, Роббига: «Аллоҳим, еттинчисини ҳам қиз қилиб бер!», деб дуо қилибди.

Одамларнинг қиз фарзандни хушламасликлари жоҳилият даврини эсга солади. У вақтда оилалар қиз фарзандли бўлишга рағбат қилишмасди. Аксинча, қиз фарзанд кўришдан нафратланишар, қиз фарзандни ор деб билишарди. Бу ҳақда Қуръони Каримда бундай дейилган:

«Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинур. Уни (қизни) хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон!» (Наҳл сураси, 58–59-оятлар).

Ажабланарлиси, жоҳилият аҳли аёл-қизлардан нафратланиш билан чекланишмасди, балки уларни қатл қилиш, тириклайин кўмишгача боришарди. Уларни заифа, кўп ишларга кучи етмайди, жангларда иштирок этолмайди, ўзини ҳимоя қилолмайди, аксинча, ўзи ҳимояга муҳтож бўлади, деб билишарди.

Ислом дини бу ҳолатни бутунлай ўзгартирди. Аёл шаънини кўтарди. Аёлларга улар эркакларнинг бир бўлаги, тенгдоши, ўхшаши деб эътибор қаратди. Ҳатто оятда қизларни эъзозлаб, «У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур» (Шуро сураси, 49-оят) деб, уларни эркаклардан муқаддам зикр қилди.

Аёлларга нисбатан қўполлик қиладиган эркакларнинг қалбини уларга нисбатан юмшатиб, уларни эркакларга суюкли қилиб қўйди. Эркакларга аёллар ўша эркакларни дунёга олиб чиқадиган оналар эканини билдирди. Шу эътибордан аёллар эркакларга нисбатан устунлик ва ортиқликка эга бўлишди.

Ислом дини аёлнинг жамиятдаги ўрни яхши бўлишида аёлнинг валийлари ва васийларига уни муҳофаза қилиши, авайлаб асраши, унга эътибор қаратиши ўта муҳимлиги ҳақида таълим берди. Чунки аёл-қизларга нафрат кўзи билан қаралса, улар эътиборсиз қолдирилса бундай муносабат уларнинг йўлдан тойиши, ҳаётдаги муҳим ролидан воз кечишига сабаб бўлиб қолади. Зеро, қиз болани оиласи яхши кўриб, ҳурмат қилса, қиз ҳам ўзини қадрлашни, ўз ҳурматини ва оиласининг шаънини сақлашни ўрганади, иззат-ҳурматини ҳимоя қилади, бирор кимса томонидан таҳқирланишни қабул қилмайди, ундан эрмак сифатида фойдаланишларига асло йўл қўймайди.

Оиласи даврасида қадр-қиммат ва ҳурмат-эҳтиром билан улғайган қиз шу оиланинг азиз аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳеч ким унга, ҳатто бир оғиз ортиқча сўз айтишга, алдашга журъат қилолмайди. Чунки унинг ортида оила-аъзолари ва қариндош-уруғлари ҳимоячи бўлиб турибди. Баъзи миллатлар аёл-қизларини қаттиқ ҳимоя қилишларини эшитганмиз. Шу сабабли ўша миллат аёл-қизларининг турли юртларда шаъни топталаётганини эшитмаймиз, кўрмаймиз. Шундай экан, оиланинг эркаклари – ота, ака-ука, ўғил, амаки ва тоғалар – аёл-қизларига уларни қадрлашларини кўрсатиб қўйишлари керак. Ана шунда аёл-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишларига ҳеч қандай зарурат ҳам туғилмайди.

Оиласида, ўзи яшаб турган жамиятда иззат-ҳурматини топган аёл-қизлар касб қилиш борасида ҳам кўп пул топишдан кўра ўз шаънини юқори қўяди, камроқ пул топса ҳам иззат-ҳурматини сақлайдиган касблар билан машғул бўлишга ҳаракат қилади. Миллатимиз аёллари, айниқса, китобхон, зиёли опа-сингилларимиз ана шундай аёллардандир. Бунинг акси ўлароқ, оиласида таҳқирланиб хорланган, ўз қадр-қимматини топмаган, оилада ўзининг муҳим ўрни борлигини билмаган, оила аъзолари томонидан турли турткиларга учраб улғайган айрим қизлар ўз қадрини тушириб, ўзлари ва яқинларига хиёнат қила бошлайдилар. Охир-оқибат ўзгаларнинг бир оғиз «ширин» сўзига алданиб, уларнинг эрмаги бўлиб қоладилар...

Шундай экан, қиз тарбиясида машғул бўлганимизда уларни оиламизнинг энг қардли вакили сифатида вояга етказайлик. Уларни яхши кўришимизни, улар биз учун энг азиз инсон эканликларини ҳис қилсинлар.

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Қудратуллоҳ Сидиқметов.
«Ҳилол» журнали 3(60) сон

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик" мақоласи эълон қилинди

14.09.2026   691   3 min.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг

Корея Республикасининг етакчи нашрларидан бири — "The Chosun Daily"да Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. 

Мақолада Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги тарихий ришталар, бугунги алоҳида стратегик шериклик, савдо-инвестисия алоқалари ҳамда муносабатларни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мақолада қайд этилганидек – 

сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошган;

Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестисиялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошган;

Айни пайтда мамлакатимизда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда;

КОICА, Корея Эксимбанки ва ЭДCФ билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 миллиард доллардан ортиқ;

2025 йилда Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 500 миллиард доллардан ошган.

Президент икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имконият эканини таъкидлаб, ҳамкорликни умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш даражасига олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

"Ишончим комилки, айнан шу асосда ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очишимиз — алоҳида соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтишимиз мумкин. Бу эса мамлакатларимиз барқарор ва узоқ муддатли фаровонлигининг янада мустаҳкам пойдеворини барпо этади".

Мақолада сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармасевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгиланган. Шунингдек, таълим ва инсон капиталига инвестисия киритиш, академик алмашинув ва қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги эътироф этган.

Президент, шунингдек, Марказий Осиё-Корея Республикаси саммити Ўзбекистон ва Корея муносабатлари билан бир қаторда, бутун минтақа билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон эканилигига алоҳида урғу берди.

"...Ўзбекистон сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги, самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббусларни илгари суриш ниятида. Бу ташаббуслар “Марказий Осиё — Корея Республикаси” форматини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, уни янада тизимли, динамик ва узоқ муддатли минтақавий устувор вазифаларга йўналтирилган механизмга айлантиришга қаратилган".

Президент мақоласида қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновация ва умумий тараққиёт учун янги имкониятларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

"Марказий Осиё ва Корея Республикаси тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган ҳамкорликнинг янги маконини шакллантира олишига чин дилдан ишонаман"- дейди Давлатимиз Раҳбари мақолада.

Маълумот ўрнида: The Chosun Daily — 1920 йилда ташкил этилган «Чосун Илбо» медиагуруҳи таркибидаги нашр бўлиб, Корея Республикасидаги йирик ахборот платформаларидан бири ҳисобланади. 

Нашр сиёсат, иқтисодиёт, жамият ва халқаро муносабатларга оид долзарб воқеаларни кенг ёритиб боради. Унда Ўзбекистон Президентининг мақоласи эълон қилиниши икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликка бўлган юксак эътиборнинг яна бир ифодасидир.

 

https://t.me/Rasmiy_axborot_official/18156 

Ўзбекистон янгиликлари