Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Аллоҳ унинг эҳсонини қабул қилмади

4.11.2024   1265   2 min.
Аллоҳ унинг эҳсонини қабул қилмади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Др. Умар Абдул Кафий ёзади: “Бир муаллима билан ғаройиб бир воқеа бўлган экан. Ҳикоя қаҳрамони бундай дейди:

“Мадраса масжидини жиҳозлаш ва кондиционер ўрнатиш учун ҳамкасбларимдан оз-оздан пул йиғардим. Доимий равишда уларга буни савобли ва яхши амал эканлигини эслатардим, ҳар сафар озгина озгинадан пул йиғиларди ва бу ишлар тахминан бир ой давом этди.

Бир куни ҳамкасбларимдан бири: “Ҳар доим пул сўрайверасанми, безиб кетдик”, деди. Мен эса: “Валлоҳи, бу яхши амал ва садақа жаннат эшигининг калити. Бир сўм билан бўлса ҳам садақа қил”, дедим.

Шунда у: “Сенга бир сўм берсам бўлдими, бошқа безовта қилмасликка ваъда берасанми?” деди. Мен эса: “Ҳа”, деб жавоб бердим. Шунда ўша ўқитувчи ўз сумкасидан бир сўм пул олиб, менга зарда қилган ҳолда, ғазаб билан пулни улоқтирди.

Пул йиғиш ишларини мадрасадан ташқарида яқинларим ва дугоналаримдан сўраб давом эттирдим ва Аллоҳнинг марҳамати билан етарлича пул тўпладим. Бу пул билан мадраса масжидини жиҳозладик ва кондиционер ҳам ўрнатдик.

Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига қасамки, сотиб олинган нарсалар ҳисоб варағи келганида, йиғилган маблағдан атиги бир сўм ортиқча чиқиб қолди. Шу ортиқча пулни мени безовта қилишда айблаган ўша ҳамкасбимга қайтардим. Шунда кўнглимда Аллоҳ унинг садақасини қабул қилмагани ҳақида ўй пайдо бўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа муҳтожга етиб боришидан олдин, Аллоҳнинг ҳузурига етиб бориши ҳақида айтганлар. Шунинг учун Оиша онамиз доимо қиладиган садақаларини хушбўйлантириб қўяр эдилар ва у Аллоҳнинг қўлига тушишини айтар эдилар.

Ҳамкасбим садақани чин юракдан эмас, ғазаб ва менсимасдан бергани учун Аллоҳ уни қабул қилмади ва ўша пул ўз эгасига қайтди.

 

Одамнинг икки ўғли Ҳобил ва Қобилнинг қурбонликлари ҳақидаги ҳикояда Аллоҳ бундай деган: Ва уларга Одамнинг икки ўғлининг ҳақиқий ҳикоясини айтиб бер. Икковлари қурбонлик қилган эдилар, бири (тақводорнинг) қурбонлиги қабул қилинди, иккинчисининг қурбонлиги эса қабул қилинмади. У шунда: “Сени албатта ўлдираман”, деди. У эса: “Албатта Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади”, деди(Моида сураси, 27-оят).

Аллоҳ садақасини қабул қилган одам бахтиёрдир, чунки бу унинг тақводорлигига Аллоҳ томонидан берилган гувоҳликдир”.

 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар

Сеҳр таъсирида айтилган талоқ

25.11.2024   7845   1 min.
Сеҳр таъсирида айтилган талоқ

Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:

إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً

“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф  эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).

Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.