Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Апрел, 2026   |   22 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:28
Қуёш
05:50
Пешин
12:29
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:18
Bismillah
11 Апрел, 2026, 22 Шаввол, 1447

Бу - Ислом қоидаси

04.11.2024   5932   4 min.
Бу - Ислом қоидаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Ноҳаванд фатҳидан қайтиб келаётиб, Ҳамадон аҳлининг сулҳни бузганликлари ҳақидаги хабарни эшитди. У киши бу кўнгилсиз хабарни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етказди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у томонга Нуъайм ибн Муқарринни юборишни амр қилдилар. У йўлидан қайтиб, Ҳамадон томон юрди. Ҳамма тарафни эгаллаб, шаҳарни қамал қилди. Душман сулҳ талаб қилди. Улар билан жизяга сулҳ тузилди. Сўнгра Нуъайм ибн Муқаррин Вожрўзда дайлимликлар, озарбайжонликлар ва райликларнинг қўшма лашкарини мағлуб қилди ва Умар розияллоҳу анҳуга хабар юборди. Умар розияллоҳу анҳу уни Рай томон юришга амр қилдилар.

Нуъайм ибн Муқаррин шаҳарга яқинлашиб борганида, уларнинг лашкарбошиси Абул Фархон сулҳ талаб қилиб, олдиларига чиқди. У подшоҳга хилоф қилиб чиққан эди.

Подшоҳ атрофдагиларни ёрдамга чақириб, жангга тайёргарлик кўрди. Шаҳар ташқарисида, тоғ ёнбағрида икки тараф тўқнашди. Қаттиқ жанг бошланди. Иш узайиб кетаётганини кўрган Абул Фархон Нуъаймдан ўзига бир гуруҳ жангчилар ажратиб беришини сўради ва форслар билмайдиган томондан шаҳарга кирмоқчи эканлигини айтди. У мазкур жангчиларни олиб, шаҳарга кириб борди. Нуъайм зарбани кучайтирди. Бирдан шаҳар ичида «Аллоҳу акбар!» садолари янгради. Форслар шармандаларча мағлуб бўлдилар.

Бу жангда Аллоҳ таоло мусулмонларни Мадоиндаги каби катта миқдордаги ўлжалар билан ризқлантирди. Нуъайм Абул Фархонни шаҳарга волий этиб тайинлади ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга фатҳ ҳақида хушхабар юборди.

Ўз навбатида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга: «Уканг Сувайдни Қавмисга юбор», деб амр қилдилар. Амр бажарилди. Сувайд розияллоҳу анҳу шаҳарни ҳеч қаршиликсиз фатҳ қилдилар. Қочиб кетган одамларни қайтариб келиб, сулҳ туздилар.

Сўнгра Сувайд розияллоҳу анҳу Журжон томон юрдилар. У ернинг подшоҳи Сувайд розияллоҳу анҳудан сулҳ талаб қилиб, мактуб ёзди. Сувайд розияллоҳу анҳу рози бўлдилар. Подшоҳ шаҳар ташқарисига чиқиб, у кишини кутиб олди.

Сувайд розияллоҳу анҳу Журжонда турганларида у кишига Тобаристоннинг бошлиғи мактуб ёзиб, сулҳ сўради. У киши рози бўлдилар ва қуйидаги ҳужжатни ёзиб бердилар.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Албатта, сен Аллоҳ азза ва жалланинг омонидасан. Шарт шуки, ўғриларингни ва ерингнинг атрофидагиларни тиясан. Бизга қарши бўлганларга жой бермайсан. Ким волий бўлса, унга ўз ерининг дирҳамидан беш юз минг дирҳам берасан. Қачон шуни қилсанг, биздан ҳеч кимнинг сенга ғарот қилишга ҳам, ерингга тегишга ҳам, сенинг изнингсиз киришга ҳам ҳаққи йўқ. Сизлар томон бизнинг йўлимиз изн ила омонли бўлур. Шунингдек, сизнинг йўлингиз ҳам. Сизлар бизга қаршиларга жой бермайсиз. Бизнинг душманимизнинг қочиб, кириб олишига ҳам йўл қўймайсизлар. Алдамчилик қилмайсизлар. Агар қилсангиз, сиз билан бизнинг орамизда аҳд йўқ.

Шоҳидлар: Савод ибн Қутба ат-Тамимий, Ҳинд ибн Амр ибн ал-Муродий, Саммок ибн Махрама ал-Асадий, Саммок ибн Убайдуллоҳ ал-Абасий, Утайба ибн ан-Нуҳҳос ал-Ажалийлар.

Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Басранинг Муғийрадан олдинги амири Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбонга мактуб ёзиб, уни Исфаҳонга юришга амр қилди. Абу Мусо ал-Ашъарийга унга мадад беришни амр қилди. Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбон бориб, у ерликлар сулҳ талаб қилгунларича уруш қилди. Сулҳ талаб қилган эдилар, сулҳ тузди. У Исфиҳоннинг атрофларини ҳам фатҳ қилди.

Агар эътибор берадиган бўлсак, мусулмонлар доимо сулҳ тарафдори бўлганликларини кўрмоқдамиз. Уруш бошланмасдан туриб, сулҳ сўраганларга ҳам, урушиб туриб, сулҳ сўраганларга ҳам, енгилишига кўзи етиб, сулҳ сўраганларга ҳам, сулҳ­га хиёнат қилиб туриб, яна сулҳ сўраганларга ҳам рози бўлиб, сулҳ бераверганлар. Бу Ислом қоидасидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ТУРКСОЙ эътирофи: Ислом цивилизацияси маркази музейи туркий дунёдаги энг яхши музей деб топилди

10.04.2026   13188   3 min.
ТУРКСОЙ эътирофи: Ислом цивилизацияси маркази музейи туркий дунёдаги энг яхши музей деб топилди

Ислом цивилизацияси марказида нуфузли халқаро анжуман доирасида тарихий ва маданий аҳамиятга эга воқеа юз берди. ТУРКСОЙ томонидан Марказнинг Ислом цивилизацияси маркази “Туркий дунёдаги энг яхши музей” деб эътироф этилди. Сертификат ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев томонидан тантанали равишда тақдим этилди. Бу эътироф Марказнинг қисқа вақт ичида халқаро майдонда юқори баҳоланаётганидан далолат беради.

 

Шунингдек, ТУРКСОЙ номидан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган “Турк дунёси адабиёти дурдоналари” 100 жилдлик китоблар тўплами ҳам сертификатга сазовор бўлди. Бу каби кенг қамровли нашр турк дунёсида илк бор амалга оширилди ва “дунёдаги энг яхши адабий лойиҳа” сифатида эътироф этилди.

 

 

— Бугун биз ТУРКСОЙ  халқаро ташкилоти номидан учта сертификат тақдим этдик. Биринчи сертификатимиз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган “Турк дунёси адабиёти дурдоналари” номли 100 жилдлик китоблар тўпламига берилди. Таъкидлаш жоизки, бу каби кенг қамровли 100 жилдлик нашр ҳозиргача турк дунёсида амалга оширилмаган. Бу, албатта, Ўзбекистоннинг катта ташаббуси бўлди. Бугунги кунда Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон каби давлатлар ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, турли ҳажмдаги — 20, 30, 40, 50 жилдлик китоблар нашр этмоқда. Шунинг учун биз ушбу тўпламни турк дунёсидаги ўзига хос адабий дурдона сифатида эътироф этиб, “дунёдаги энг яхши адабий лойиҳа” деб баҳолаб, сертификат тақдим этдик. Иккинчи сертификат эса Ислом цивилизацияси марказига “Туркий дунёдаги энг яхши музей” номинацияси бўйича берилди. Буни ТУРКСОЙ нинг юксак эътирофи, деб айтиш мумкин. Шунингдек, мазкур музей ТУРКСОЙнинг Турк дунёси музейлари ассоциациясига ҳам қабул қилинди, - деди ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Анжуманда Туркия, Франция, Италия, Германия, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Қозоғистондан келган етакчи олимлар иштирок этди. Улар Темурийлар даври тарихи, сиёсий тизими, шаҳарсозлик анъаналари, илм-фан ва маданият ривожи бўйича ўз тадқиқот натижаларини тақдим этдилар.

 

– ТУРКСОЙнинг бу эътирофи ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан қурилган марказимизга берилган муносиб баҳо бўлди деб ўйлайман. Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Ислом цивилизацияси марказининг доимий ва ишончли ҳамкорларидан бири. Биз бу ташкилот  билан узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Жорий йилда ҳам ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда халқаро ёшлар форуми, туркий давлатлар ҳунармандлари фествали сингари бир қатор тадбирларни ўтказишга келишиб олдик, - деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.

 

Хорижий иштирокчилар ҳам Темурийлар меросининг глобал аҳамияти, Европа ва Осиё цивилизациялари ўртасидаги маданий алоқалардаги ўрни ва халқаро илмий ҳамкорликдаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

 

Туркий дунёдаги энг яхши музей ва дунёдаги энг яхши адабий лойиҳа сифатида эътироф этилган ушбу Марказ ва нашрлар, Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий ривожланишидаги катта ютуқ сифатида тарихда қолади. 

iccu.uz

ТУРКСОЙ эътирофи: Ислом цивилизацияси маркази музейи туркий дунёдаги энг яхши музей деб топилди ТУРКСОЙ эътирофи: Ислом цивилизацияси маркази музейи туркий дунёдаги энг яхши музей деб топилди
Ўзбекистон янгиликлари