Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 16-ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб, жорий йилнинг 11–16-ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади. https://t.me/DinQumita
Ҳафталик доирасида Республика умумтаълим мактабларида “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусида энг яхши иншолар танловлари, “Менинг бағрикенг дунёим” мавзусида энг яхши расмлар танловлари, бағрикенгликни тарғиб қилувчи шеърхонлик кечалари;
Республика олий таълим муассасаларида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик – жамият барқарорлиги шарти” мавзуларида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтади.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати