Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 11–16 ноябрь кунлари юртимиз бўйлаб Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилади.
Ушбу ҳафталик доирасида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" мавзусида Халқаро пресс-клуб бўлиб ўтди.
Унда бир қатор ташкилотлар, миллий маданий марказ раҳбарлари ва конфессия вакиллари иштирок этди.
Спикерлар томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсатига юқори баҳо бериб, юртимизда кенг нишонланадиган "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар халқларимиз орасидаги дўстлик ришталарининг ривож топишига, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида отинойиларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган тизимли ўқув семинарлари ва тренинглар юқори савияда давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, вилоят бош имом-хатиблари ва соҳа олимлари иштирокида ўтаётган ушбу машғулотларда асосий эътибор отинойилар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилмоқда.
Семинарлар давомида иштирокчилар билан жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, оилавий қадриятларни асраш, ёшлар тарбияси ҳамда бидъат ва хурофотларга қарши маърифат билан курашиш каби долзарб мавзуларда қизғин мулоқотлар олиб борилмоқда.
Айниқса, ислом шариатидаги фиқҳий атамалар таснифи, аёлларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, қайнона-келин муносабатлари ҳамда маҳаллий урф-одатларни тўғри талқин қилиш масалалари маърузаларнинг асосий мавзусига айланди.
Бу каби ўқувлар отинойиларнинг билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш билан бирга, аҳоли орасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати