#yil_imomi #tanlov
Бугун, 13 ноябрь куни Республикамиз масжидларида фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар иштирокида интиқиб кутилган “Йил имоми – 2024” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом домла ўзаро беллашди.
Нуфузли мусобақа иштирокчилари Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, меҳнат фаолиятлари давомида амалга оширган салмоқли ишлари ва ОАВларида эълон қилинган ижодларини намойиш этдилар.
Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида баҳоланди.
Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб деб топилди:
1-ўрин – Наманган вилояти “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобир домла Насриддиновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;
2-ўрин – Тошкент шаҳридаги “Фирдавс” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторовга II даражали диплом ва 16 млн. сўм пул мукофоти;
3-ўрин – Тошкент вилояти “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби Ёқуб домла Бухарбаевга III даражали диплом ва 13 млн. сўм пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, танловнинг "Йилнинг энг фидоий имоми" Қорақалпоғистон Республикаси “Мулла Исҳоқ” жоме масжиди имом-хатиби Алтинбек домла Зинуллаев ва Хоразм вилояти “Мирҳошим бобо” жоме масжиди имом-хатиби Оллаберган домла Ғойиповга насиб этди.
Мусобақа якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Йил имоми – 2024” соҳибига Ҳаж йўлланмасини топшириш асносида эзгу тилак ва хайрли дуоларни билдирдилар.
Танловнинг барча иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Аллоҳ таоло ғолибларга мукофотларни муборак айлаб, барча иштирокчиларнинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
MUSLIM.UZ
Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
“Аёлнинг дуолари ила инсоннинг фарзандлари динида барака бўлади. Бу нозик жиҳатни ёдда тутинг! Сиз кўрасизки, бир неча буюк диндор одамлар бўладилар. Магар, характерлари жуда ёмон ва оғир бўлгани сабабли, аёлларига доимо ёмон муомала қилаверадилар. Шу сабабли уларнинг фарзандлари диндор бўлмайди. Энди, булар ўзлари катта олимлар, муфтийлар. Лекин фарзандлари бенамозлигидан ташвишда бўладилар”.
Бир воқеа
Менинг олдимга бир куни бир катта муфтий жаноблари фарзандини олиб келди ва: “Ҳазрат, мен ўғлимни ҳадис давраларига қатнаштирдим. Унинг ҳаққига дуо қилинг. У фарз намозларни ўқимайди” деди.
Мен буни эшитиб титраб кетдимки, бола ҳадис даврасига қатнашган, шундан кейин ҳам фарз намозини ўқимайди...
Мен унга: “Фарзандингиз диндор бўлишини хоҳлайсизми?” дедим.
У: “Ҳа, албатта” деди.
Мен: “Аёлингизнинг дуоларини олинг”, дедим. Шунда, у қаҳқаҳа отиб кулиб юборди.
Мен: “Сиз буни оддий нарса деб тушунманг. Мен буни улуғларимиздан эшитганман ва баракасини кўрганман. Сиз аёлингизга меҳр қўйинг. Аёлингизнинг дуоларини олинг. Кейин, Аллоҳ таоло фарзандларингизни қандай солиҳ қилишини томоша қилинг” дедим.
Аллоҳнинг қудратики, икки йилдан кейин ўша муфтий ҳазрат яна келди ва “ўғлим таровеҳда хатми Қуръонга ўтди” деди.
Мен: “Фарз намозларни ўқимайдиган бола қандай қилиб хатми Қуръонга ўтди?" дедим.
У: “Ҳазрат! Сиз айтгач, мен аёлимга меҳр қўйдим ва унга “фарзандларимизнинг солиҳ бўлиши учун дуо қил” дедим. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилди ва фарзандларимизни солиҳ қилди” деди.
Ота-онанинг дуолар ила моддий ризқда барака бўлади. Устознинг дуолари ила файзда барака бўлади. Аёлининг дуолари ила инсоннинг фарзандлари солиҳ бўлади.
“Тааба манзил сирф деванэ гайэ” китобидан
Абдулқаййум Комил таржимаси