Россия Федерацияси Астрахань шаҳрида
“Анъанавий ислом: моҳият, имкониятлар ва муаммолар” мавзусидаги
I Халқаро илмий-диний конференция ўтказилди
Астрахань вилояти мусулмонлари минтақавий Диний идораси, Россия мусулмонларининг марказий Диний идораси, Астрахань вилояти губернатори Администрацияси томонларидан ташкил этилган “Анъанавий ислом: моҳият, имкониятлар ва муаммолар” мавзусидаги I Халқаро илмий-диний конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вакили И. Иномов иштирок этди.
Мазкур конференцияда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатларидан ҳамда Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси, Доғистон Республикаси, Чеченистон Республикаси ва бошқа минтақаларидан 230 дан ортиқ иштирокчилар, диний соҳа ходимлари, университет ректорлари, мутахассислар, илмий тадқиқотчилар, етакчи диншунос олимлар, илмий, сиёсий ва жамоат арбоблари, миллий диаспоралар вакиллари, талабалар ҳамжамияти вакиллари қатнашдилар.
“Бугунги кунда диний соҳада ибратли намуна мамлакат” деб нуфузли анжуманда таъриф этилган Ўзбекистон мамлакати вакилига шараф билан биринчи бўлиб сўз берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили I Халқаро илмий-диний конференция иштирокчиларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг катта салом ва дуои-хайрларини ҳурмат ила етказди.
Диний идорамиз вакили ўз сўзида давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистон заминидан чиққан буюк алломаларимизнинг илмий мероси, ҳозирги кунда уларнинг асарларини ўрганиш, таржима ва тадқиқ қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, халқаро илмий-тадқиқот марказлар фаолияти ва янгидан ташкил этилаётган олий диний таълим муассасалари ҳамда юртимизда азалий диний қадриятларимизга, миллий урф-одатларимизга энг юқори даражада ҳурмат билан жуда ҳам катта эътибор берилаётгани ҳақида сўзлаб берди.
Берилган маълумотлар анжуман меҳмонларида катта қизиқиш уйғотиб, яхши таассурот қолдирди.
Таъсирли мисоллардан сўнг конференция иштирокчиларидан тақдим этилган саволларга қониқарли ва батафсил жавоблар берилди.
Тадбир сўнгида бир овоздан қабул қилган Резолюцияда конференция иштирокчилари анъанавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш бўйича ўз қарашларини баён қилдилар.
Россия Федерацияси Астрахань вилояти мусулмонларининг Минтақавий Диний идораси раиси, муфтий Рауф Джантасов билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили ўзаро илиқ ва самимий суҳбат давомида Муфтий Рауф Джантасовга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг катта салом ва дуои-хайрларини ҳурмат ила етказди.
Муфтий Рауф Джантасов “Ислом оламида юқори нуфузга эга бўлган Ўзбекистон деган юртдан бизни ҳурмат қилиб, сўзимизни ерда қолдирмасдан, таклифимизни инобатга олиб, Ўзбекистон Диний идорасидан вакил юборгани учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари, Шайх Нуриддин Холиқназар жанобларидан чексиз миннатдормиз!” деб, хурсандлигини бир неча бор самимий изҳор этди.
Куннинг иккинчи ярмида ташкилотчиларнинг дастурларига биноан Халқаро конференция ишлари Астрахань давлат тиббиёт университетида давом этди.
57 давлатдан келган 2600 та талаба таҳсил олаётган университетда ислом динига мансуб 480 дан зиёд ўқитувчи-талабалар билан ўтказилган самимий суҳбатда маъруза қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили “Ота-она рози – Худо рози!”, “Ўзга дин вакиллари билан мулоқот одоблари”, “Истиқомат қилиб турган жойнинг қонун-қоидаларига нисбатан ҳурмат ва итоат”, “Ҳар хил бегона ғоялардан эҳтиёт бўлиш – замон талаби!” мавзуларида тўхталиб ўтди.
Қизиқтирган ҳар қандай диний саволлар бўйича ҳар бир ўқитувчи-талаба ўз юртларидаги Диний идораларининг расмий сайт-каналларидан фойдаланишга чақириб, зарурат пайдо бўлса, ўзи истиқомат қиладиган ҳудуддаги расмий масжид имом-хатибига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.
Айниқса бугунги кунда ҳар хил диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш долзарблиги – ҳам шариат буйруғи, ҳам замон талаби, ҳам давр эҳтиёжи эканлигига эътибор қаратилди.
Анжуман доирасида жаҳонга машҳур бўлган Астрахань давлат тиббиёт университети проректори тиббиёт фанлари доктори, профессор Башкина Ольга Александровна ҳам “Яқинда Ўзбекистонга Россия Президентининг давлат ташрифида борганини, Ўзбекистон диёри – ўзгача диёр эканлигини, гўё эртакнинг ичига кириб чиққанлигини ҳамда яна бориш жуда ҳам катта истаги борлигини” тўлқинланиб ифода этди.
Астрахань вилояти мусулмонларининг Минтақавий Диний идораси раиси Ўзбекистонда Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида диний-маърифий соҳада эришилаётган ютуқлар ва ислоҳотларга юқори баҳо бериб, “Биз сизларнинг юртингизга ҳавас қиламиз! Ўзбекистоннинг бу борадаги бой тажрибасидан кўп нарса ўрганишимиз керак” деб самимий эътироф этди.
Муфтий Рауф Джантасов ўзининг катта саломини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига етказишни сўради.
Конференция доирасидаги тадбирлар Астрахань вилояти мусулмонларининг Минтақавий Диний идорасининг
https://vk.com/islamastrakhan,
https://t.me/rdum_ao ҳамда
https://vgtrk.ru/russiatv Россия 1,
https://t.me/governorspressoffice/18869,
https://vk.com/video-40567160_456244639,
https://vk.com/video-217857666_456246465?access_key=b3c4ff78050a020a63 каби ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилди.
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан