Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, шунингдек, олимлар, миллий маданият марказлари, турли конфессия етакчилари, этник-маданий бирлашмалар ва талабалар иштирок этди.
Шу билан бирга, АҚШ, Буюк Британия, Корея Республикаси, Туркия, Малайзия, Португалия, Арманистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан келган соҳа мутахассислари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхона ходимлари, дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Анжуман аввалида Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов сўз олиб, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда ҳамжиҳатликда яшаётгани бағрикенгликнинг ёрқин далили бўлаётгани, ҳукуматимизнинг чуқур ўйланган миллий ва диний сиёсат туфайли бугун Ўзбекистон бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида ўрнак бўлаётганини қайд этди.
Конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз чиқишлари давомида барча иштирокчиларни Халқаро бағрикенглик куни билан самимий муборакбод этиб, кейинги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш, ўзаро меҳр-оқибат, инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Муфтий ҳазратлари маърузалари давомида Аллоҳ таоло бандаларини бир-бири билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга амр қилганини оятлар асосида далиллаб, муқаддас динимиз ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш баробарида уларга мурувват кўрсатишга ҳам чақирганига урғу қаратдилар.
Ислом таълимоти ўзга дин вакиллари билан чиройли ва бағрикенглик ила муносабатда бўлишга чорлагани ва бу гўзал анъана бугунги кунда ҳам давом этиб келаётганини алоҳида таъкидлагди. Мазкур анжуман ҳам барча дин вакилларини илм-маърифат, тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва эзгуликка тарғиб этиши йўлидаги муҳим ташаббус экани қайд этилди.
Анжуманда турли халқаро ташкилот ва диний конфессия вакиллари мавзу доирасида сўзга чиқиб, мамлакатимизда турли дин ва миллат вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилганлиги ва диний жамоалар жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этаётганлигини таъкидлади.
Илмий-амалий конференция шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этиб, унда мавзу юзасидан бир қатор маърузалар ўқилди, ташаббус ва таклифлар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ