Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб келинади. Барча уламолар мана шу масалага мувофиқ келади. Натижада суянишнинг энг олий чегарасига чиқиб борилади.
Бу суяниш ниҳоятда қувватли бўлади, иймон келтирадиган даражада аниқ бўлмаса-да, шунга яқин келади. Аҳли суннанинг ўзига хос хусусияти мана шудир. Нима учун бу фиқҳ залолатдаги фиқҳ бўлмайди? Чунки унда хато бўлиш эҳтимоли жуда кам, чунки ундаги ижтиҳод бир кишига тегишли эмаски, унинг аксари хато бўлса... Балки бу нарса илмий мактаб ижтиҳодига, қарорига айланди. Бундай илмий мактабда эса хато қилиш эҳтимоли жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динини илмий мактабларнинг мана шундай тартибли илмлари орқали муҳофаза қилди.
Акс ҳолда Аллоҳ таоло Ўзининг динини Зайд, Амр ёки Юсуфнинг қўлида, яъни бир ёки бир неча кишининг қўлида муҳофаза қилган бўлиб қолар эди. Бу гапга ақл бовар қиладими? Йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг динини кучли, асосли, жуда кўп уламоларни ўз ичига олган қатъий, собит илмлар орқали муҳофаза қилади.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати