Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2025   |   26 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:22
Аср
16:38
Шом
18:31
Хуфтон
19:44
Bismillah
18 Сентябр, 2025, 26 Рабиъул аввал, 1447

Ислом оламининг энг буюк табиби

28.11.2024   11919   8 min.
Ислом оламининг энг буюк табиби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун тиббиёт соҳаси ихтироларига назар солар эканмиз, унда биринчи навбатда, Европа олимларининг кашфиётлари намоён бўлишини кўришимиз мумкин. Мазкур йўналишдаги янгиликлар, инсониятга катта наф келтирган тадқиқотлар асосан сўнгги икки юз йил ичида амалга оширилгандек гўё. Аслида ҳам шундайми? Ундай бўлса, минг йил олдинги Ислом цивилизацияси натижалари қаерда қолди? Ислом дини ҳаммани илмга тарғиб қилган ўша даврда наҳотки мусулмонлар қолоқ яшаган бўлса? Наҳот, улардан етук олимлар чиқмаган бўлса?

Дарҳақиқат, IX–XII асрлар оралиғи – тарихга Ислом оламининг Уйғониш даври (Ренессанси) сифатида муҳрланган. Бу вақтда кўплаб ихтиролар амалга оширилиб, дунё ҳамжамияти эътиборига тақдим қилинган. Жумладан, ўша даврда илм ўчоғи – Бағдодда «Байтул ҳикма» («Донишмадлик уйи»)га асос солинди. Мазкур даргоҳда кўплаб олимлар туну кун илм йўлида изланишлар олиб бориб, ҳар хил соҳалар, турли йўналишлар ривожига ҳисса қўшдилар. Шундай олимлардан бири – ғарблик шифокорлар ва алкимёгарлар орасида Разес, «Иккинчи Гален» номлари билан танилган, Бағдоддаги шифохонага раҳбарлик қилган Ар-Розийдир.

Алломанинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Закарийё Ар-Розий (милодий 865–925 йиллар) бўлиб, у Ироқнинг Рай шаҳрида дунёга келган. Тиббиёт, математика, фалакиёт, фалсафа ва кимё соҳаларида самарали фаолият юритган Ар-Розий икки юзга яқин асар ёзиб қолдирган. Уларнинг аксарияти Х асрдаёқ Европа тилларига таржима қилинган бўлиб, 63 таси ҳозирги кунгача сақланиб қолган.

Британиялик шарқшунос ва ёзувчи Эдвард Гранвил Браун Ар-Розий ҳақида ёзар экан, уни: «Барча мусулмон табиблари орасидаги ўзига хос ва улуғ табиб бўлиб, энг сермаҳсул асарлар муаллифи», дея таърифлайди.

«У ўрта аср Ислом оламининг энг буюк табибларидан бўлган», дейди Ар-Розийга юксак баҳо берган америкалик кимёгар ва тарихчи Жорж Сартон.

Эътиборлиси, бутунжаҳон миқёсида кўплаб шифокорларнинг маънавий устозига айланган Ар-Розий томонидан тиббиёт фанига киритилган бир қатор янгиликлар бугун ҳам замонавий медицина асосларини ташкил қилиб турибди.

Масалан, бугун шифохонага шикоят билан келган беморга «Касалликлар тарихи»нинг очилишини ҳаммамиз биламиз. Лекин бемор ҳақида барча маълумотни ўз ичига олган дафтарни биринчи бор амалда қўллаган олим Ар-Розий бўлганини кўпчилик билмаса керак (Gochfeld M. «Chronologic history of occupational medicine» -«J. Occup. Environ. Med.» 2005 Feb., 47(2), 96 – 114).

Зеро, манбаларда келтирилишча, Ар-Розий махсус дафтарга касалнинг исми ва отасининг исмини, ёши ва касбини, турар жойи ва жинсини, қандай дардга чалингани ва бошқа белгиларини, ўзи томонидан буюрилган дори ва муолажаларни, уларнинг беморга кўрсатган таъсирларини, ниҳоят, касал тузалиб кетгани ёки ўлгани ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдирган. Беморга хизмат кўрсатишнинг бундай самарали усули кейинчалик барча тиббий муассасаларда қўлланила бошланган.

Буюк табибнинг яна бир ихтироси чечак касаллигига қарши эмлаш билан боғлиқ. Гап шундаки, Ар-Розий «Китоб алжударий вал ҳасба» («Чечак ва қизамиқ ҳақида китоб») асарида тиббиёт тарихида биринчи бўлиб чечак ва қизамиққа таъриф бериб, уларнинг бошқа юқумли касалликлардан фарқини келтириб ўтади. Энг муҳими, чечак билан бир марта касал бўлган киши иккинчи марта бу касалликка дучор бўлмаслигини аниқлаб, эмлаш (киши танасига вирус инфекцияларини оз миқдорда юбориш) орқали оғир кечадиган дарддан фориғ бўлиш мумкинлигини баён этади. Кўп ўтмай вариоляция – чечак билан эмлаш амалиёти Шарқ ва Ғарбга кенг тарқалади.

Ўз навбатида, Ар-Розий тиббиётда пахта, ҳалқумдан ёт жисмларни олиш учун ишлатиладиган жарроҳлик асбоби, шунингдек, қўй ичагидан тайёрланиб, жароҳатларни тикишда фойдаланиладиган махсус ип – кетгутдан ҳамда симоб малҳамлардан биринчи марта фойдаланган табиб сифатида тарихда қолган.

Айнан мақоламиз қаҳрамони ташаббуси билан тиббиётга ҳар хил мутахассисликлар киритилган. Зеро, айнан Ар-Розий ўз асарларида «Бир табиб ҳамма касалликларни даволай олмайди» деган фикрни илгари сурган.

Бундан ташқари, у аҳолининг кам таъминланган қисми учун тиббий тавсиялар тузиб, бу маълумотларни «Ман ла яҳзуруҳ ат-табиб» («Шахсий табиби бўлмаганларга аталган тиббиёт») китобида жамлаган. Мазкур рисола кенг оммага мўлжалланган бўлиб, аҳоли ундан табиб топилмаган вақтда кенг фойдаланган.

Ар-Розий шифохоналарни ташкил этишда бинони қаерга жойлаштириш лозимлигига ҳам аҳамият бериш кераклигини биринчи бўлиб айтган тиббиёт илми вакилларидан биридир. Қизиғи, у касалхона учун жой танлашда ўзига хос усулдан фойдаланган. Жумладан, шаҳарнинг турли чеккаларига гўшт бўлакларини осиб қўйиб, уларни бир неча кун давомида кузатиб борган: қайси ҳудудда гўшт узоқроқ айнимай турса, касалхонани ўша ерда бунёд этишни тавсия қилган.

Юнон тиббиётини илк бора бир тизимга жамлаган ҳам Ар-Розийдир. Хусусан, беназир шифокор ўзининг энг йирик тиббий асари – «Ал-Ховий»да қадимги Юнонистонда яшаб, фаолият олиб борган олимлар табобатидан тортиб ўзи яшаган даврга қадар такомиллашган тиб илми ҳақида батафсил сўз юритган. Энг муҳими, Ар-Розий мазкур маълумотларга Рай ва Бағдод шифохоналарида ўзи олиб борган клиник кузатув ва тажрибалар натижаларини ҳам қайд этиб, қўшиб борган. 30 жилдли бу асардан ҳозир тиббиёт фанининг қомуси сифатида фойдаланилади.

Шу ўринда Абу Бакр Розийнинг самарали фаолиятини Дмитрий Менделеев ҳам эътироф этганини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Ироқлик табиб ёзган асарлар билан танишган таниқли рус олими ўзининг «Кимё асослари» («Основы химии») китобида қайд этишича, Ар-Розий кимёвий тажрибалар ўтказадиган хоналари кўпгина асбоб-ускуналар, хусусан, жом, колба, тоғора, кристаллаш учун шиша ликопчалар, кўзалар, кастрюллар, керосин лампалари, қўра, печь (атанор), эритадиган печлар, эговлар, шпатель, чўмичлар, қайчилар, болғалар, омбур, қум ва сув ҳаммомлари, мато ва юнгдан тайёрланган сузгичлар, алембик, алудел, воронкалар, кукурбитлар, дастали ҳовончалар, металл элаклар, жун ва ипакдан ясалган бошқа жиҳозлар билан таъминланган бўлган.

Бундан ташқари, Ар-Розий кимёвий жараёнлардан эритиш, декантация (чўкма устидаги суюқликни қуйиб олиш усули), фильтрлаш, дегидрация (сувнинг молекулаларга ажралиши), дистиллация (суюқликни дастлаб буғлантириб, кейин совитиш жараёни), сублимация (модданинг кристалл ёки қаттиқ ҳолатдан суюқ ҳолатга ўтмай туриб, бевосита газ ҳолатга ўтиш жараёни), амальгамация (симобли эритма билан бошқа металларни ажратиб олиш), коагуляция (қуюлтириш) каби турли кимёвий жараёнлар ҳақида маълумотлар қолдириб кетган (Д.И. Менделеев. Толковый тариф. Вып. 1. СПб., 1891, стр. 3).

Ниҳоят, Ар-Розийнинг болалар касалликлари ва уларни даволаш ҳақида ёзилган «Рисола фи амроз ал-атфол» номли асари ҳақида икки оғиз сўз: ушбу асар педиатрия бўйича батафсил маълумотлар тўпланган илк қўлланма бўлгани сабаб уни ўқиб-ўрганиб чиққан бир қатор олимлар табибга «педиатрия отаси» деган таъриф беришган.

Хулоса ўрнида Ар-Розийнинг кашфиётлари бу билан чегараланиб қолмаганини, унинг меҳнати ҳозиргача ўрганилаётганини айтиб ўтиш мумкин. Аҳамиятлиси, математика, мусиқа, фалсафа йўналишларида ҳам беқиёс асарлар ёзган Абу Бакр Розий ўз ихтироларини Ғарбнинг Бекон, Кеплер, Галилей, Коперник, Ньютон каби кўзга кўринган олимларидан олдинроқ кашф қилган. Бундан эса европалик олимларнинг кашфиётларида Ислом оламининг Ар-Розий каби уламолари ҳиссалари бор деган тўхтамга келиш мумкин.

Мунаввар Рустам қизи тайёрлади.
«Ҳилол» журнали 4(61) сон

 

Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ваколатлари –ҳукм чиқариш

17.09.2025   1702   14 min.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ваколатлари –ҳукм чиқариш

Қуръони каримнинг бир қатор оятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукм чиқаришдаги ваколатлари баён қилинган. Хусусан, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَاكْتُبْ لَنَا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآَخِرَةِ إِنَّا هُدْنَا إِلَيْكَ قَالَ عَذَابِي أُصِيبُ بِهِ مَنْ أَشَاءُ وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ فَسَأَكْتُبُهَا لِلَّذِينَ يَتَّقُونَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالَّذِينَ هُمْ بِآَيَاتِنَا يُؤْمِنُونَ الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آَمَنُوا بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُوا النُّورَ الَّذِي أُنْزِلَ مَعَهُ أُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ﴾

«Бизларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзгин. Биз Сенга қайтдик. (Аллоҳ) деди: Азобимни хоҳлаган кишимга етказурман. (Аммо) раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир. Уни (раҳматимни) тақвода бўлувчилар, закот берувчилар ва оятларимизга иймон келтирувчиларга ёзажакман. Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир»” (Аъроф сураси, 156-157-оятлар).

Оятга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифаларидан бирипок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади. Яъни яхшиликка буюриш ва ёмонликлардан қайтариш, улардан огоҳлантириш.

Нарса (амал)ларнинг шаръий ва ношаръий эканига ҳукм чиқаришга аввало ваколат бўлиши керак. Ушбу оятда бу ҳуқуқ айнан Пайғамбар алайҳиссаломга берилмоқда.

Шунга кўра, янги шаръий ва ношаръий масалаларни белгилашда фақат Қуръони карим билан кифояланмайди. Сурадаги: У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ояти бунга ишора қилади.

Оятнинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришга урғу бермоқда. Яъни шаръий ва ношаръий ишларни ажрата олиш ваколатларига ишониш шарт.

Навбатдаги оятдаги: у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар…. яъни Қуръони каримнурга эргашишга амр этилмоқда. Бунда “Матлув” (тиловат қилинадиган ваҳий) ёки “Ғойри матлув” (тиловат қилинмайдиган) ваҳий бўлсин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган, у зот алайҳиссаломнинг ахлоқ ва таълимотларида акс этган бутун амрларга эргашиш тушунилади.

Ушбу оят шубҳасиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги ҳукм чиқариш ваколатига эга эканликларига очиқ-ойдин ҳужжат бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

﴿قَاتِلُوا الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَا بِالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَلَا يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَلَا يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حَتَّى يُعْطُوا الْجِزْيَةَ عَنْ يَدٍ وَهُمْ صَاغِرُونَ﴾

«Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ дин (Ислом)ни дин қилиб олмайдиган аҳли китоблардан иборат кишиларга қарши – то улар ўзларини паст тутиб, жизя (солиқ)ни нақд бергунларига қадар жанг қилингиз!» (Тавба сураси, 29-оят).

У ёки бу нарсанинг ҳаром эканлигини эълон қилиш ҳуқуқи фақат Аллоҳ таолога хосдир. Аммо оятга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳнинг изни билан бу ҳуқуқни қўллай оладилар.

Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳуқуқлари орасидаги фарқ шубҳасиз ниҳоятда каттадир. Аллоҳ таолонинг ҳукм чиқариш ҳуқуқи бутунлай мустақил (ҳеч кимга ва ҳеч нарсага қарам бўлмаган). Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳуқуқлари Аллоҳ таолодан келадиган ваҳийга тобедир. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар сифатида ҳукм чиқариш ваколатига эгадирлар ва шу сабаб Аллоҳнинг ҳукмига итоат этиш шарт бўлгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам ҳукмларига бўйсуниш шартдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَنْ يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُبِينًا﴾

Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди (Аҳзоб сураси, 36-оят).

Ушуб оятда мўмин ва мўминалар Аллоҳ ҳамда Расулининг ҳукмига бўйсунишлари лозимлиги очиқ-ойдин таъкидланмоқда. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, оятда “Аллоҳ” ва “Унинг пайғамбари” ўртасида келган “ва” ҳам боғловчи, ҳам ажратувчи вазифасини бажаради. Бу ерда фақат "боғловчи" маъносида келган дейиш нотўғри талқин саналади. Энг маъқул ечим "ва" калимасини ҳам боғловчи, ҳам ажратувчи маъносида қўллашдир. Бунда Аллоҳ ёки Расули, ёки ҳар иккиси бирор нарсага ҳукм қилса, унга иймон келтириш, эргашиш лозимлиги тушунилади. Уларнинг ҳукмларини қабул қилишдан бошқа йўл йўқ, энг тўғри йўл – итоат (эргашиш)дир.

Демак, бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мукаллаф бўлган мўминларнинг шахсий ёки жамоавий (умумий) муаммоларини ҳал қилишда ҳукм чиқаришга шаръан ҳокимият эгаси бўла олишлари маълум бўлади.

Аллоҳ таоло бундай буюради:

﴿وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا﴾

Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз (Ҳашр сураси, 7-оят).

Бу оят фатҳ ва ғазотларда олинган ўлжа (ғанимат)ларга тегишли бўлсада, тафсир илмига кўра, бирор оят маълум ҳодиса ҳақида ваҳий орқали нозил бўлган ва қўлланилган ифодалар умумий бўлса, бу ифодалар умумий шарҳ қилинади ҳамда фақат бир ҳодисага хосланмайди.

Бу оят Набий алайҳиссалом ҳақларида умумий бир қоида бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломни чиқарган буйруқлари мўминларга тааллуқли бўлади ва қайтарган нарсалари эса улар учун ҳаром ҳукмини жорий этади. Бунга кўра, Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга, ҳукм чиқариш, қайтариқ қўйишда шаръий ҳуқуқ берган.

Шу ерда Набий алайҳиссаломнинг улуғ саҳобаларидан Абдуллоҳ ибн Масъуднинг бир аёлга берган ҳикматли жавобларини келтириб ўтсак.

حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني إملاء ، حدثني محمد بن سعيد القزويني ، نا عمرو ، عن منصور ، عن إبراهيم ، عن علقمة قال : قال عبد الله : « لعن الله الواشمات والمتوشمات المتفلجات للحسن المغيرات خلق الله » قال : فأتته امرأة من بني أسد ، يقال لها أم يعقوب فقالت : بلغني أنك لعنت كذا وكذا ؟ قال : ألا ألعن من لعن رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم وهو في كتاب الله ؟ قالت : فوالله إني لأقرأ بين اللوحين فما أجد هذا الذي تقول قال : بلى والله إنه لفيه :﴿ما آتاكم الرسول فخذوه وما نهاكم عنه فانتهوا[1] قالت : فأظن امرأتك منهن ؟ قال : فادخلي فانظري قال : فخرجت فقالت : ما وجدت كذلك قال : أما إنها لو كانت كذلك لم تجامعنا.

Алқама Абдуллоҳдан ривоят қилади «Абдуллоҳ: “Вашм[2] қилувчи, вашм қилдирувчи, қош терувчи ва ҳусн учун тишининг орасини очдирувчи аёлларни – Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчиларни Аллоҳ лаънатласин!” деди. Бу Бану Асадлик Умму Яъқуб деган аёлга етиб борибди. У келиб, “Сен фалон-фалондайларни лаънатлабсан-ми?!” деди. “Нега энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган ва Аллоҳнинг Китобида бўлганларни лаънатламас эканман?!” деди. У: “Мен икки муқова орасини ўқиб чиққанман, унда сен айтган нарсани кўрмаганман”, деди. У: “Ҳа, Аллоҳга қасамки у мана бу оятда: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз”, деди. Аёл: “Ўйлайманки, ўзингнинг аёлинг ҳам улардан бўлса керак?” деди. (Абдуллоҳ) “Кириб, кўр”, деди. (Абдуллоҳ) Аёл чиқиб айтди: “Излаган нарсамни топмадим”, деди. Шунда (Абдуллоҳ): “Агар шундай бўлганида, биз билан жам бўлмаган бўларди”, деди»[3].

Бу жавоб билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги оят Набий алайҳиссаломнинг бутун буйруқ ва қайтариқларини қамраб олувчи эканини ва қўйилган қайтариқлар Набий алайҳиссалом томонларидан келтирилгани учун унга бўйсуниш кераклигига ишора қилдилар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا﴾

“Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор иймон келтирмагайлар” (Нисо сураси, 65-оят).

Бу оятда ихтилофлар юзага келгандагина Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳукм чиқариш ҳуқуқлари бордек кўринади. Бироқ уни кенгроқ тушуниш керак. Бир ҳоким, шубҳасиз бирор ҳукмни чиқариши учун ҳокимиятга эга бўлиши лозим. Аммо унинг ҳукмини бажариш учун мусулмон бўлишлик талаб этилмайди. Агар ҳокимнинг ҳукми қабул этилмаса, бу жазоланишига сабаб бўлиши мумкин, лекин охирги натижа уни Ислом доирасидан чиқариб юбормайди.

Бундан фарқли равишда бу оятда Пайғамбар алайҳиссалом чиқарган ҳукмларни қабул этмаган банда мўмин бўла олмаслиги қаттиқ огоҳлантирилмоқда. Бу оятда Набий алайҳиссаломнинг ҳуқуқлари оддий ҳоким ҳуқуқ (ваколат)лари каби эмаслиги ва у зот алайҳиссаломнинг буйруқлари рад этилса, куфрга сабаб бўлиши айтилмоқда. Бу эса Набий алайҳиссаломнинг ҳукмлари муҳокама қилинадиган ҳукмлар сирасига кирмаслигини, уларнинг барчаси Аллоҳдан келган матлув ва ғойри матлув ваҳийга асосланган бўлиб, Аллоҳнинг тарафидан юзага келган ҳуқуқий ҳукмдир.

Шундай қилиб бу ҳуқуқий ҳукмни агар бирор мўмин рад этса, натижада “У Ислом дини чегарасидан чиқди ва илоҳий амрни рад этди”, деган тушунча юзага келади. Шу нуқтаи назардан юқоридаги оятга мувофиқ, Пайғамбар алайҳиссалом ҳукм чиқарувчи ҳоким сифатида қолмоқдалар. Ушбу оят билан у зот алайҳиссаломга илоҳий ҳуқуқ билан мусулмонлар тобеъ бўладиган ҳукм чиқариш ваколати берилмоқда. Қуръони каримда бундай дейилади:

﴿وَيَقُولُونَ ءَامَنَّا بِٱللَّهِ وَبِٱلرَّسُولِ وَأَطَعۡنَا ثُمَّ يَتَوَلَّىٰ فَرِيقٞ مِّنۡهُم مِّنۢ بَعۡدِ ذَٰلِكَۚ وَمَآ أُوْلَٰٓئِكَ بِٱلۡمُؤۡمِنِينَ ٤٧ وَإِذَا دُعُوٓاْ إِلَى ٱللَّهِ وَرَسُولِهِۦ لِيَحۡكُمَ بَيۡنَهُمۡ إِذَا فَرِيقٞ مِّنۡهُم مُّعۡرِضُونَ ٤٨ وَإِن يَكُن لَّهُمُ ٱلۡحَقُّ يَأۡتُوٓاْ إِلَيۡهِ مُذۡعِنِينَ ٤٩ أَفِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ أَمِ ٱرۡتَابُوٓاْ أَمۡ يَخَافُونَ أَن يَحِيفَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِمۡ وَرَسُولُهُۥۚ بَلۡ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ ٥٠ إِنَّمَا كَانَ قَوۡلَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ إِذَا دُعُوٓاْ إِلَى ٱللَّهِ وَرَسُولِهِۦ لِيَحۡكُمَ بَيۡنَهُمۡ أَن يَقُولُواْ سَمِعۡنَا وَأَطَعۡنَاۚ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ ٥١ وَمَن يُطِعِ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَيَخۡشَ ٱللَّهَ وَيَتَّقۡهِ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡفَآئِزُونَ ٥٢

«Улар: "Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик", дерлар. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар. Ана ўшалар мўмин эмаслар. Уларни қачонки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланса, баногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчилардир. Агар ҳақ улар (тарафда) бўлса, у (Пайғамбар)га бўйин эгиб келурлар. Уларнинг қалбларида мараз борми?! Ёки шубҳа қилдиларми?! Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқадиларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир. Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланганларидаги гаплари: "Эшитдик ва итоат қилдик", демоқларидир. Ана ўшаларнинг ўзларигина нажот топгувчилардир. Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир» (Нур сураси, 47-52-оятлар).

Бу оятдан мусулмон бўлиш учун Набий алайҳиссалом ҳукмларига сўзсиз таслим бўлиш шартлиги айтилмоқда. Даъват қилинганларидан сўнг ихтилоф чиқса Пайғамбарга мурожаат этмаганлари учун Қуръони каримга кўра, уларга мўмин сифатида муомала қилинмайди. Бу эса яна бир бор аввалги оятда зикр этилган асосга кўра: “Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтиришнинг асосий шарти – Пайғамбар алайҳиссалом ҳокимлигини бутун қалби билан қабул этишдир”.

Шунга кўра, мўминлар ихтилоф масаласида Пайғамбарга мурожаат қилишлари ва у зотга эргашишлари лозим.

Хулоса қилиб айтганда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳукмларига тўлиқ таслим бўлиш талаб қилинади.


"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси


[1] Ҳашр сураси, 7-оят.
[2] Вашм – игна ёки бошқа восита билан расм ёки сўзни танага ўйиб, нақш солиш (татуировка).
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳ; Имом Муслим. Саҳиҳ; Имом Аҳмад, Муснад; Доримий. Сунан; Ибн Можа. Сунан; Абдураззоқ. Мусаннаф; Ибн Абу Шайба. Мусаннаф; Табароний. Кабир; Байҳақий. Кубро; Бағавий.