Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар хазратларининг ташаббуслари билан Республикамиздаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноибларининг Қуръон қироати бўйича билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида тажвид илми бўйича ўқув-амалий машғулотлари бошланган эди.
Мазкур ўқув-амалий машғулотларининг навбатдагиси шу йил 27 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблар учун Нукус шаҳридаги "Имом Эшон Муҳаммад" жоме масжидида бўлиб ўтди.
Ўқув машғулотида "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ҳам иштирок этиб, тингловчиларга керакли тавсияларни берди.
Шу куннинг ўзида Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" мадрасасида ҳам “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум иштирокида талабалар билан илмий суҳбат бўлиб ўтди.
Суҳбат асносида мадрада талабалари Қуръон тажвиди борасидаги саволларига батафсил жавоб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
2026 йил 3 феврал куни Ҳиро маданий туманидаги Қуръон музейида 312 х 220 см ўлчамдаги ва 700 саҳифадан иборат дунёдаги энг катта Қуръони Карим намойиш этилди. Музейдаги ушбу Қуръон дунёдаги энг катта мусҳаф сифатида Гиннеснинг рекордлар китоби сертификатини қўлга киритди.
Ушбу Қуръон ҳижрий 10 аср, милодий 16 асрга оид тарихий қўлёзманинг катталаштирилган нусхаси бўлиб, унинг асл ўлчами 45 х 30 см эди. Унинг суралари сулс хатида, Фотиҳа сураси эса насх ёзувида ёзилган бўлиб, ўша даврдаги хаттотликнинг пухта танланганлигини ва ушбу соҳанинг нафосатини акс эттирувчи ўзига хос мусҳафдир.
Мусҳаф араб хаттотлиги, зарҳаллаш ва муқовалашнинг ноёб намунаси бўлиб, унда ислом санъатининг жозибаси нафис нақшлар, гулли ва сарлавҳа саҳифалари ҳамда мусҳафнинг номи битилган саҳифаларидаги қуёшсимон шакллар орқали намоён бўлади. Бу эса ўша даврда ҳукм сурган бадиий ижодкорликнинг юксак даражасини ифодалайди.
Қайд этилишича, ушбу мусҳаф ҳижрий 1300 йил, милодий 1883 йилда вақф қилинган бўлиб, унинг асл нусхаси бугунги кунда Қирол Абдулазиз номидаги вақф қилинган асарлар академиясида сақланмоқда.
Намойиш этилган ушбу мусҳаф мусулмонларнинг Аллоҳнинг Каломига ва ислом санъати дурдоналарига бўлган эътиборининг тарихий шоҳидидир.
Islom.uz