Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумада хутба қилиб турганларида бир одам ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули, чорвалар ҳалок бўлди, йўллар кесилди. Аллоҳга дуо қилинг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«У зот қўлларини кўтариб: «Аллоҳим! Бизга нажот (ёмғири) бер! Бизга нажот (ёмғири) бер! Бизга нажот (ёмғири) бер!» – дедилар. Жумадан жумагача ёмғирда қолишди. Шунда ҳалиги одам келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, уйлар йиқилди. Йўллар қирқилди. Чорвалар ҳалок бўлди», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Тоғлар ва адирлар устига, водийлар ичига ва дарахтлар ўсадиган жойларга», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Аллоҳим! Атрофимизга, бизнинг устимизга эмас!» – дедилар. Ўшанда (булутлар) Мадинадан худди кийим ечилгандек суғурилиб кетди. Унинг атрофига ёға бошлади. Унга бир қатра ҳам ёғмай қўйди. Мадинага назар солсам, худди гул билан ўралган тошдек бўлиб турган экан», дейилган.
Бешовларидан Термизий ривоят қилмаган.
“Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар” китобидан
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати