Бирлашган Aраб Aмирликларидаги Зайд миллий музейи мутахассислари гуруҳи Қуръони каримнинг эрамизнинг 800-900 йилларгача бўлган тарихий қўлёзма нусхасини аниқлади.
“IQNA”нинг “ Al-Ittihad ”га таяниб ёзишича, бу Қуръон тилла қоғоз ва кўк варақда ёзилган бўлиб, Қуръоннинг дунёдаги энг машҳур қўлёзма нусхаларидан бири ва ислом хаттотлигининг йирик намунасидир.
Оятларни аниқлаш учун мултиспектрал тасвирлаш усулларидан фойдаланган Қуръоннинг ушбу шаклида “Нисо” сурасидаги оятлар кўринади. Ушбу услуб вақт ўтиши билан ўчиб кетган ва билинмас даражадаги кўзга кўринмайдиган матн ва тасвирларни таъкидлайди.
Ушбу қўлёзма нусханинг санаси милодий 800-900 йилларга тўғри келади ва ёрқин кўк ёки индиго саҳифалар, олтин куфий хаттотлик ва кумуш безаклар ушбу Қуръоннинг хусусиятлари ҳисобланади.
Мазкур Қуръон куфий ёзувида ёзилган бўлиб, нуқта ва унлиларсиз араб ҳарфлари қўлланилгани сабабли уни ўқиш қийиндир.
Қуръоннинг бу нусхаси дастлаб терига ёзилган 600 саҳифадан иборат бўлиб, бугунги кунда улардан атиги 100 саҳифаси музейлар ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда, 5 саҳифаси эса Зайд миллий музейида намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Юртимиз диний соҳа вакилларининг хорижда, хусусан, Россия Федерациясида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашувлари, уларнинг ижтимоий-маънавий ҳаётидан хабар олиш ва диний эҳтиёжларини қондириш борасидаги хайрли ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Сафар дастури доирасида Ленинград вилояти Кингисепп туманида жойлашган "RENCONS Heavy Industries" компаниясида фаолият юритаётган мингга яқин ватандош ишчи-ходимлар билан биргаликда муборак жума намози адо этилди. Намоздан сўнг ҳамюртларимиз билан самимий суҳбат қурилиб, уларга мусофирчилик одоби, ҳалол меҳнат ва Ватан соғинчи ҳақида гўзал мавъизалар қилинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳнинг Калининград шаҳрига ташрифи ҳам сермазмун учрашувларга бой бўлди. Жумладан:
Шаҳардаги маҳаллий «Нур» мусулмонлар диний ташкилотида пешин намозидан сўнг ватандошлар билан учрашув ташкил этилди;
Муҳташам «Эҳсон» жоме масжидида шом намози адо этилиб, йиғилган ҳамюртларимиз иштирокида навбатдаги маърифий суҳбат ўтказилди. Унда мусофир юртда иймон-эътиқод ва миллий қадриятларни асраш, ёт ғоялардан йироқ бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, Санкт-Петербург шаҳрида турли соҳаларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам бир нечта манзилларда юзма-юз учрашувлар уюштирилди. Учрашувлар давомида ҳамюртларимизни қизиқтирган шаръий саволларга батафсил жавоблар берилиб, уларнинг ҳаққига, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Бу каби жонли учрашувлар ватандошларимизга улкан маънавий қувват бахш этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати