Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Июл, 2026   |   17 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:42
Қуёш
05:12
Пешин
12:34
Аср
17:33
Шом
19:45
Хуфтон
21:12
Bismillah
31 Июл, 2026, 17 Сафар, 1448

Ташвишларни намоз билан енгишнинг уч босқичи

03.12.2024   6156   3 min.
Ташвишларни намоз билан енгишнинг уч босқичи

Бир қиз айтади:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайғуларини намоз билан енгганларини, мусибат етса, дарҳол намозга шошилганларини билганимдан кейин мен ҳам шундай қилишга қарор қилдим. Ғам-ташвиш етадиган бўлса, туриб, таҳорат қилиб, холис Аллоҳ учун икки ракъат намоз ўқийман.

Мен бу даражага етгунча учта босқичдан ўтдим.

Биринчи босқичкураш ва мустаҳкам туриш босқичи. Бошида намоз менга оғирлик қилди. Қайғуларимни, шайтонимни енггунимча анча қийинчиликларни бошдан кечирдим. Намозга турардим-у, намоз ўқиб бўлганимдан кейин маҳзунлигим аримагандай бўлаверарди. Лекин нафл намоз ҳам дорига ўхшар экан, уни ҳам вақтида, ихлос билан, бардавом қилиш керак экан. Ҳеч қайси дори бирдан самара бермайди. Аксинча, баъзан дори ичишни бошлаган пайтда касаллик бир кучайиб ҳам олади. Намоз ҳам шундай экан. Энди бошлаганингда қайтага ташвишлар, қайғулар бир кучайиб ҳам оларкан.

Иккинчи босқич: одатланиш ва енгиллашиш босқичи. Ҳар гал (каттами, кичикми) қайғуни ҳис қилганимда намоз ўқишга одатланганим сари намозлар менга малол келмай қўйди. Энди намозлар биринчи босқичдаги каби оғирлик қилмас эди. Бундан ташқари, намоз қайғуларимни бироз бўлса-да, енгиллатаётгандек эди.

Учинчи босқич – намоздан баҳра олиш босқичи. Бу менга Аллоҳ берган улкан инъом эди. Қаршилик ва одатланиш босқичидан кейин намоздан лаззатланиш босқичига ўтдим. Намозда ва саждада ўзгача руҳий осойишталик ҳис қила бошладим. Бу лаззат менга қайғуларни борича, бўрттирмасдан кўрсата бошлади. Мен ўзим учун илоҳий ҳикматни кашф этдим. Бошқалар ғам-қайғуларини дорилару маст қилувчи нарсалар билан унутишга ҳаракат қилиб юрибди (Аллоҳ асрасин!) Аммо кайфи тарқагач, ўша унутмоқчи бўлган ташвиши икки баробар бўлиб қайтади. Қарабсизки, бу бечора қайғуларини унутиш учун ундан ҳам кўп ичади ёки бундан ҳам оғирроқ гуноҳларга журъат қилади. Лекин ҳар қанча уринмасин, бу билан қалб маҳзунликларини ҳеч қачон даволай олмайди, аксинча, бундан бошқа дардни ҳам орттириб олади. Бу дард – гуноҳ сабабли пайдо бўладиган изтиробдир.

Ғам-ғуссаларини намоз билан муолажа қиладиган инсон эса қайғуларига қарши қийинчилик билан эмас, балки лаззат, саодат билан Парвардигорга яқинлашишдек улкан ҳиссиётлар билан курашади. Ҳар қандай ғам-ташвишларнинг шифоси айнан шудир. Қайғулар кўпроқ намоз ўқишга сабаб бўлаётган экан, шунинг ўзи ҳам Парвардигор берган улкан туҳфадир. Чунки кимнинг намози кўп бўлса, Жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Миллат маънавияти ва дин софлиги йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди

31.07.2026   2707   1 min.
Миллат маънавияти ва дин софлиги йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманган вилоятига сафарлари давомида вакилликнинг янги биносида туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Муфтий ҳазратлари юртимизда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳамда соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритар экан, имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги иш фаолиятларини жадаллаштиришлари зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек, соҳа ходимларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, имомларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва хорижда касб-маҳоратини юксалтириш борасидаги ишлар алоҳида эътироф этилди.

Таҳлилий мажлисда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят имом-хатиблари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, 40 мингта маърифий тадбир, ОАВларда 9 мингта чиқишлар қилиниб, 5 500 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани, 5 300 та мигрант оилалари билан мулоқот қилингани ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 5 млрд сўм, мадрасаларга эса 800 млн сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилгани юқори баҳоланди.

Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида масжидларни ободонлаштириш, тозалик ва техник хавфсизлик чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, Фатво маркази фаолияти, ўз устида ишлаш, имом-хатиблар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда muftiy.uz мобиль иловаси имкониятларидан самарали фойдаланиш таъкидланди.

Муфтий ҳазратлари сўзлари ниҳоясида ҳар бир бош имом-хатиб ўз ҳудудида фаолият юритаётган дин пешволарининг фаолиятларини таҳлилий ўрганиб, масъулият, садоқат, фидоийлик ва ташаббускорлик билан хизмат қилишларини таъминлаши лозимлиги айтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари