Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Май, 2026   |   11 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:13
Қуёш
04:54
Пешин
12:25
Аср
17:32
Шом
19:51
Хуфтон
21:25
Bismillah
29 Май, 2026, 11 Зулҳижжа, 1447

Басрадаги туя жанги

04.12.2024   9818   3 min.
Басрадаги туя жанги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(ҳижрий 36, милодий 656 йил)

Муовия ибн Абу Суфён Шомнинг волийси ўлароқ ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилмади. У киши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўчи олинишини талаб қилар эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу эса вазият барқарор бўлмагани учун ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўчини олишни орқага сурган эдилар. Шундай қилиб, Шом вилояти ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга итоат қилмасликни маъқул кўрди ва Муовия розияллоҳу анҳу у ерда мустақил бўлиб олди.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Шомга бориб, тушунмовчиликни ўз ўрнида ҳал қилишга тайёргарлик кўриб турганларида кутилмаган бошқа хабар келиб қолди. Унда айтилишича, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳум бошлиқ кўпчилик маккаликлар Басрага қараб кетишаётган эди.

Бу хабар ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни аввалгисидан ҳам қаттиқроқ ташвишга солди. У киши Шомни қўйиб, ушбу гуруҳга ҳақиқатни тушунтириш лозимлигини англаб етдилар ва улар томон юришга қарор қилдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва бир жамоа саҳобалар билан Маккадан Басрага бориб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдиришда иштирок этганларни қатл қилдирдилар. Бошқа шаҳарларга ҳам худди шундай қилишлари ҳақида мактуб юбордилар. Шунда ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Шомга юришни тўхтатиб, Басра томон юришга мажбур бўлдилар. Оиша онамизга ва у киши билан бўлганларга қилаётган ишларининг оқибати яхши бўлмаслигини баён қилиб одам юбордилар, шошилиш яхши эмаслигини айтдилар. Улар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг сўзидан қаноат ҳосил қилдилар ва сулҳ тузиш ниятида у кишининг лашкаргоҳи томон юрдилар.

Сулҳ ҳақидаги хабарни эшитган фитначилар талвасага тушиб қолишди. Улар сулҳ тузилиши ўзларининг адолатли жазога тортилишларини яқинлаштиришини яхши билишарди.

Фитначиларнинг бошлиқлари зудлик билан тўпланишди. Уларнинг ичида Аштар Нахаъий, Шурайҳ ибн Авфо, Солим ибн Саълаба, Ғулом ибн Ҳайсам ва бошқалар бор эди. Албатта, яҳудий фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъ уларга бош-қош эди. Уларнинг ичида саҳобалардан бирор киши йўқлиги алоҳида диққатга сазовор эди. Бу фитнанинг табиатини ва қаердан, кимдан келиб чиққанини кўрсатарди.

Фитначилар нима қилиб бўлса ҳам тун қоронғисида орада уруш қўзғашга келишиб олишган эди. Тонг отмай туриб, ададлари икки минг атрофида бўлган фитначилар сулҳ тузиш орзусида ухлаб ётган кишилар устига бирдан ҳужум бошлашди.

Икки тараф жанг қилди. Алий розияллоҳу анҳу урушни тўхтатишнинг имконини тополмадилар. У кишини оғир юк босди.

Жанг жуда ҳам қизиб кетди. Бу асосан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳавдажлари юкланган туянинг атрофида бўлди. Шунинг учун бу жанг «Туя жанги» деган номни олди. Жангда Басра лашкари мағлуб бўлди. Алий розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳурматларини жойига қўйиб, Маккага қайтариб юбордилар. Бу мусулмонларнинг биринчи марта иккига бўлиниб қилган жанглари эди.

Жангда мусулмонлардан жуда кўп одамлар вафот этди. Шундан сўнг Басрада ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилинди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Шом томонга юришни давом эттирдилар.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қурбон ҳайити намози қандай ўқилади?

28.06.2023   21041   1 min.
Қурбон ҳайити намози қандай ўқилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Аввало “Икки ракат ийдул азҳо намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, Каъбага юзланиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим” дейилади.

2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтади.

3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.

4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.

5. Имом “Фотиҳа” сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.

6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.

7. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.

8. Сўнгра “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.


Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар