Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга эдилар. Шунда саҳобаларнинг кўзи қатъият билан меҳнат қилаётган бир кишига тушди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ундаги куч ва ғайратни кўриб:
“Ё Аллоҳнинг Расули? Қани энди бу киши Аллоҳ таоло йўлида ҳаракат қилса, ажойиб иш бўларди”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг фикри ва тасаввурини ўзгартириб:
“Агар у киши ёш фарзандларини боқиш учун кўчага чиқса, у Аллоҳ йўлидадир. Агар кекса ота онасини боқиш учун кўчага чиқса, у Аллоҳ йўлидадир”, дедилар.
Жамиятга хизмат қилиш, одамларнинг эҳтиёжини қондириш мақсадида қилинган меҳнат ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод саналади. Зеро, жиҳод фақатгина жанг майдонларида бўлмайди. Балки жамиятнинг тараққиётига хисса қўшиш ҳам жиҳоддир. Масалан, турли касб эгаларига бир назар солинг! Айтайлик, агар кўча супурувчилар уч кунга ишларини тўхтатсалар, биласизми кўча қандай аҳволга тушади?!
Агар дурадгор ёки темирчилар ҳам ўз ишларини тўхтатсалар, шаҳарнинг ривожланиши орқага кета бошлайди.
Ҳа, азизлар ҳар бир касб ўз ўрнига эга. Шунинг учун уларнинг ҳар бирини ҳурмат қилишимиз керак. Уларнинг ҳар бирига ҳаётимиз давомида муҳтож бўламиз. Улар турмушимизни енгил қилади. Улар фаррош, дурадгор ёки чилангар бўлсин...
Набий алайҳиссалом даврларида бир қари аёл масжидни супурар, тозалар эди. У вафот этди. Саҳобалар у аёлни дафн этишни, аммо бунинг хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишни унчалик муҳим деб ҳисоблашмади ва бу ҳақда у зот алайҳиссаломга ҳеч нарса айтишмади.
Бир муддат ўтгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлнинг нега кўринмай қолгани ҳақида сўрадилар, саҳобалар унинг вафот этганини айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нега менга маълум қилмадингиз?!" деб қаттиқ танбеҳ бердилар. Кейин: "Менга унинг қабрини кўрсатинг", дедилар. Қария аёлнинг қабрига бориб, унинг ҳақига дуо қилдилар.
У аёл ҳар куни намозхонлар намоз ўқишлари учун масжидни супуриб, тозалаб қўярди, бунга ҳеч ким эътибор ҳам бермасди.
Агар сиз бирор касб билан машғул бўлсангиз ёки меҳнат қилсангиз Аллоҳ таолонинг энг севимли бандалари – пайғамбарлар ҳам касб билан шуғулланишганини асло унутманг! Масалан, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Довуд алайҳиссалом темирчи, Закариё алайҳиссалом дурадгор, Мусо алайҳиссалом чўпон бўлганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса озгина ҳақ эвазига қўйларни боқардилар.
Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларида ҳам аҳли оилаларига ёрдамлашардилар, бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган. Уйни супуриш, тозалаш, уйдагиларнинг хизматини қилиш кишининг мақомини пасайтирмайди.
Меҳнат қилиш инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Аммо энг муҳими – зиммамизга юклатилган вазифани пухта, мукаммал қилиб бажариш Аллоҳнинг олдидаги бурчимиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган бандасини яхши кўради” деганлар.
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшилик қилишни буюрган. Агар қурбонлик қилсангиз, чиройли сўйинг. Пичоғингизни ўткирланг".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир касб эгасини ўз ишини пухта бажаришга ундаганлар. Биз бугун жамиятдаги ҳар бир касб эгаси ўз ишини пухта бажаришига ва ҳар бир касб эгаси ҳурмат қилинишига нақадар муҳтожмиз. Шунда жамият янада ривожланади. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида катта ўзгаришлар юз беради. Энг муҳими коррупция балоси йўқолади.
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг куёвлари, қурайшнинг энг жасури, жаннатий эканликлари башорати берилган бўлишларига қарамай, оддий ишчи бўлиб меҳнат қилардилар. Бу ҳақда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Кунларнинг бирида жуда оч қолдик. Иш излаб кўчага чиқдим. Маҳаллалардан бирида лой учун тупроқ уйиб қўйган аёлни кўрдим. Унга ҳар бир челак эвазига бир хурмо беришга келишиб, сув ташидим. Ўн олти челак сув билан тўлдирдим. Ҳатто қўлларим қизариб кетди. Сўнгра келиб, аёлга кафтимни очиб тутдим. У менга ўн олти дона хурмо санаб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келдим ва воқеани айтиб бердим. У киши мен билан бирга хурмо едилар”.
Демак, киши ким бўлишидан қатъи назар ҳалол касб қилиши, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилиши лозим экан. Зеро, меҳнат қилиш, фойдали иш билан шуғулланиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қилган тавсияларидандир.
Ҳар бир ёш авлод имкон қадар ўз маҳоратини ишга солиши керак. Улар ўзлари қизиққан иш билан банд бўлишлари, олдиларига қўйган мақсадлари сари интилишлари ва ўз ниятларига етгунларига қадар меҳнат қилишдан асло тўхтамасликлари лозим. Бунда шошилмаслик талаб этилади. Баъзи ёшлар бир зумда раҳбар ёки катта тадбиркор бўлишни исташади. Агар чиндан ҳам раҳбар бўлишни истасангиз, унда уйда ўтирманг! Босқичма-босқич мақсадингиз сари интилинг! Ҳаётда энг муҳими – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашаётганингизни унутманг!
Даврон НУРМУҲАММАД
Маскат, 2026 йил 3 ноябрь. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Ўмон Султонлигига амалий ташрифини бошлади. Ташрифда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, Марказ Илмий кенгаши аъзолари — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Шорустам Шомансуров иштирок этмоқда.
Ташриф доирасида делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди, хабар бермоқда iccu.uz..
Учрашувда Ўмон томони бошқарманинг асосий фаолият йўналишлари, тарихий ҳужжатларни реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштиришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳамда илғор тажрибалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, муассасанинг илмий нашрлари ва китоб тўпламлари тақдим этилди. Делегация аъзоларига бошқарма фаолияти ва унинг муҳим лойиҳаларига бағишланган видеоматериал ҳам намойиш қилинди.
Музокаралар давомида илмий ва маданий-тарихий ҳамкорликни ривожлантириш, архившунослик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳужжатли меросни асраб-авайлаш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.
Мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларга бағишланган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси бўлди.
Доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний икки халқнинг тарихий муштарак жиҳатлари, турмуш тарзи, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ҳамда тарихий нумизматика соҳасидаги алоқаларини чуқур тадқиқ этиш таклифини илгари сурди.
Ҳамкорлик истиқболларига тўхталар экан, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний қуйидагиларни таъкидлади:
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақанинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш учун катта имкониятлар яратмоқда. Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тараққиёти, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг кўламли маърифий ташаббусларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз. Давлат раҳбарининг эзгу мақсад ва режалари рўёбга чиқишини тилаймиз. Ишонамизки, Ислом цивилизацияси маркази билан Ўмон муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янги илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарихий манбалар алмашиш ва қўшма кўргазма лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади».
Ўз навбатида, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муассаса фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг уч йиллик дастурини ишлаб чиқишга киришдик. Ушбу дастурнинг асосий йўналишларидан бири халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий муассасалар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Ишончим комилки, Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг, айниқса, тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмалар билан ишлаш борасидаги тажрибаси ушбу дастур доирасида муҳим аҳамият касб этади ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Ташриф дастури Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан танишиш орқали давом этди. Делегация аъзолари тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва сақлашга ихтисослашган бўлимларда бўлиб, архив материалларини муҳофаза этишнинг замонавий усуллари, махсус ускуналар ва технологик жараёнлар билан танишдилар.
Айниқса, тарихий ҳужжатларга зарар етказиши мумкин бўлган замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши ишлов беришга ихтисослашган бўлим фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар архив материалларини биологик омиллар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича қўлланилаётган амалий усуллар ва махсус жиҳозларни намойиш этдилар.
Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг етакчи мутахассиси Фаҳд бин Муборак ал-Дамдамий тажриба алмашиш ва соҳавий кадрларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади:
«Ушбу соҳадаги 16 йиллик фаолиятим давомида архив меросини сақлашда замонавий лаборатория технологиялари ва мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги нақадар муҳим эканига амин бўлдим. Бизда зарур ускуналар ва тажрибали мутахассислар жамоаси мавжуд. Шу боис ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишга ва уларни иш жараёнида қўлланилаётган усуллар билан таништиришга тайёрмиз».
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Ўмон Султонлигига амалий ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати