Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2025   |   30 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:12
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Июл, 2025, 30 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Қизнинг сепидан закот бериладими?

05.12.2024   5095   1 min.
Қизнинг сепидан закот бериладими?

Cавол: Мен қизим учун сеп йиғаяпман. Анча мунча нарса йиғдим. Шундан закот бераманми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Турмушга чиқмаган қизнинг сепидан закот берилмайди. Чунки у тижорат мақсадида олинмаган. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади:

إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَأْمُرُنَا أَنْ نُخْرِجَ الصَّدَقَةَ مِنْ الَّذِي نُعِدُّ لِلْبَيْعِ. رواه الامام أبو داود.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савдо учун тайёрлаб қўйган мол-мулкдан закот беришимизга буюрардилар”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Агар сеп учун олиб қўйилган кийим-кечак ва буюмларнинг қиймати нисоб миқдорига – 85 гр тилланинг қийматига етса ҳам, ундан закот бермайди. Лекин ҳожати аслиясидан ташқари нисоб миқдорида моли бўлгани учун закот ололмайди. Аммо қурбонлик қилиши вожиб бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, агар сеп учун сақланаётган буюм тилло тақинчоқлар бўлсаю, оғирлиги 85 гр.га етса, уни олинганидан бир йил тўлганидан кейин тақинчоқнинг закотини бериш лозим бўлади. Чунки тилла буюм ва тақинчоқлар шариатимизга кўра пул ҳисобланади ва нисобга етиши сабабли закоти фарз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди

24.07.2025   9010   2 min.
Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди

#xabar #kirish_imtihoni #hadis_ilmi_maktabi

Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабининг 2025-2026 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди. 


Шу муносабат билан эрта тонгда Тошкент шаҳридаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидида бўлиб ўтган тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, имтиҳон олувчи педагог-ўқитувчилар, абитуриентлар иштирок этди.

 

Дастлаб Ҳадис илми мактаби ректори Барот домла Амонов қабул имтиҳонларини юқори савияда ўтказиш учун кўрилган тайёргарлик ишлари, абитуриентларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.


Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов нутқ сўзлади. Нотиқлар юртимизда диний таълимга берилаётган эътибор ҳақида сўз юритиш баробарида қабул имтиҳонларида абитуриентларнинг билимлиларини саралаб олиш асосий мақсад эканини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилиши таъминланишига урғу беришди.  


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи ўринбосари Шерзод Чўлпонов томонидан ижодий имтиҳонни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тушунтирилди. Шундан сўнг Қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон варақалари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилиб, ижодий имтиҳонга старт берилди. 


Маълумот ўрнида, бугун “Ҳадис” ва “Мусталаҳул ҳадис” фанларидан оғзаки ижодий имтиҳон ўтказилади. Эртага, 25 июль куни Араб тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтади. 


2025-2026 ўқув йили имтиҳонлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz телеграм саҳифасида кузатиб боринг. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди Ҳадис илми мактабига кириш имтиҳони бошланди
Ўзбекистон янгиликлари