Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Дин фақатгина намоз ўқишинг, рўза тутишинг, закот беришинг, ҳаж қилишинг, шаҳодат калимасини айтишинг холос ва шу билан иш тугайди деб ҳаёл қилма. Йўқ. Булар ибодатлардир. Фарз ибодатлардир. Диннинг шиори бўлган ибодатлардир.
Лекин муомалат ибодатлари соғлом бўлмас экан, буларнинг самарасини сезмайсан ва ибодатларни асл мақсади, ҳадафини англамайсан. Сени динга шаклий яқинлигинг олдинга ҳам сурмайди, ортга ҳам.
Уйингни тўрига Каъбанинг суратини қўйиб олишинг кифоя эмас.
Машинангга Мусҳафи шарифни қўйиб қўйишингни ўзи кифоя эмас.
Дўконингни деворига Қуръон оятлари ёзилган плакатни осиб қўйишни ўзи кифоя эмас.
Қўлингда тасбеҳ тутиб юришингни ўзи кифоя эмас.
Умра зиёратига ўттиз марталаб боришингни ўзи кифоя эмас!
Дин – бу истиқоматингдир.
Дин – бу шариатга мувофиқ муомалангдир.
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳ
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳининг биродари вафот этганида бир қанча киши таъзия билдириш учун келди.
Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ҳам таъзия билдиргани келди. Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳи туриб, уни ўз ўрнига ўтқизади ва ўзи унинг олдига ўтиради.
Инсонлар кетганидан кейин талабалари Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳидан: "Ғалати иш қилганингизни кўрдик", дейишди.
У эса: "Бу киши аҳли илмдир. Илми учун турмасам ҳам ёши учун тураман. Ёши учун турмасам ҳам фиқҳи учун тураман. Фиқҳи учун турмасам ҳам тақвоси учун тураман", деб жавоб берди.
Манба: Ҳаравий. "Мирқотул мафотиҳ шарҳу Мишкотул масобиҳ". Ж. 1. - Б. 30.