- 54دُخُولُ النَّاسِ فِي الْجَنَّاتِ فَضْلٌ مِنَ الرَّحْمَنِ يَا أَهْلَ الأَمَالِ
Маънолар таржимаси: Эй умидвор бандалар, инсонларнинг жаннатларга киришлари Ар-Роҳманнинг фазлидир.
Назмий баёни:
Жаннатга эришмоқ Ар-Роҳман фазли,
Бу муҳим эътиқод, эй умид аҳли.
Луғатлар изоҳи:
دُخُولُ – мубтадо.
النَّاسِ – музофун илайҳ.
فِي – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.
الْجَنَّاتِ – луғатда “дархтзор боғ” маъносини англатади. Жор мажрур دُخُولُ га мутааллиқ.
فَضْلٌ – хабар. Луғатда “марҳамат” ва “мурувват” каби маъноларни англатади.
مِنَ – “табйиния” (уқтириш) маъносида келган жор ҳарфи.
الرَّحْمَنِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.
يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи.
أَهْلَ الأَمَالِ – музоф мунодо. Луғатда “умидворлар” маъносига тўғри келади.
Матн шарҳи:
Қайси бир инсон жаннатга кирадиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг лутфу марҳамати билан кирган бўлади. Шунинг учун У меҳрибон зотнинг фазлу марҳаматидан умидвор бўлиб ҳаракат қилиш лозим.
Жаннатдаги даражалар қилинган амаллар эътиборига кўра эгалланса-да, унга кириш фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига боғлиқ бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганлар:
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ سَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَاعْلَمُوا أَنْ لَنْ يُدْخِلَ أَحَدَكُمْ عَمَلُهُ الْجَنَّةَ وَأَنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ أَدْوَمُهَا وَإِنْ قَلَّ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри бўлинглар, ғулуга кетманглар, билингларки сизлардан бирортангизни амали жаннатга киритмайди, албатта амалларнинг Аллоҳга севимлироғи оз бўлса-да, давомлироғидир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Яъни бирор инсон ҳам яхши амаллари кўплиги сабабли ўзининг жаннатга киришини нақд қилиб қўя олмайди, балки жаннат фақатгина Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлган бахтли инсонларгагина насиб этади.
Шунинг учун ҳар бир банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Қуръони каримда тақводор бандаларнинг жонлари олинаётганда фаришталар уларга салом бериб, жаннат башоратини беришлари баён қилинган:
Ушбу ояти каримадаги ب ҳарфи “сабабия” маъносида бўлса ҳам, “бадалия” маъносида бўлса ҳам, ҳадисда баён қилинган маънога зид бўлиб қолмайди. Агар “сабабия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз сабабли Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” деган маъно тушунилади. Агар “бадалия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз бадалига Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” бўлади.
Модомики, барча Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлиш билангина жаннатга кирар экан, доимо У зотнинг раҳматидан умид узмай амал қилиб бориш лозим. Аммо умидвор бўлиш билан хом хаёл суришнинг орасини ажратиб олиш керак. Хом хаёл суриш – бирон иш қилмасдан фақатгина “ширин хаёл” суришнинг ўзи бўлса, умидвор бўлишнинг ўзига яраша бир қанча шартлари бор.
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар
Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар ҳақида “Талхису шарҳи ақидатит Таҳовия” китобида қуйидагилар айтилган:
“Кимки бир нарсадан умидвор бўлса, унинг умидворлиги бир қанча ишларнинг бўлиши зарурлигини келтириб чиқаради:
1. Умид қилган нарсасига муҳаббатли бўлиши;
2. Умид қилган нарсасига эришолмай қолишдан қўрқиши;
3. Умид қилган нарсасига эришиш учун имкони борича ҳаракат қилиши.
Ушбуларнинг бирортасига ҳам боғланмасдан, умид қилиш хом хаёл суриш бўлади. Умидворлик ва хом хаёл суриш бошқа-бошқа нарсалардир”[2].
Демак, кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга муҳаббатли бўлиши, уни доимо ёдида сақлаши ва унга олиб борадиган йўллардан юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришолмай қолишидан қўрқиши, ундан ажратиб қўядиган нарсалардан сақланиб юриши лозим.
Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришиши учун унга эриштирадиган барча омилларни ишга солиб имкони борича ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ муваффақ қилсин.
Кейинги мавзулар:
Улуғ ҳисоб-китоб бўлиши баёни.
Муборак Қурбон ҳайити арафасида юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар кенг кўламда амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари доирасида “Вақф” хайрия жамоат фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида бемор болаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Фарғона вилоятида ҳам ташкил этилди. Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари Фарғона туманида бўлиб, икки босқичли мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим бўлган болажонлар ҳолидан хабар олдилар.
Самимий мулоқот давомида бемор болалар ва уларнинг ота-оналарига маънавий далда берилиб, шифо тиланди. Шунингдек, даволаниш жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган хайрия маблағлари ўз эгаларига топширилди.
Бу каби тадбирлар жамиятимизда меҳр-шафқат ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга, бемор фарзанд тарбиялаётган оилаларга халқимизга хос ғамхўрлик кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати