Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Мисрдаги қўзғалон

24.12.2024   5826   3 min.
Мисрдаги қўзғалон

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хорижийлар
(ҳижрий 38, милодий 658 йил)

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан кейинчалик хорижийлар (хавориж) деб номланган алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. Аслида «хорижий» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар Алий ҳакамликни (Аллоҳнинг ҳукми ўрнига банданинг ҳакамлигини) қабул қилгани учун у зотни кофир бўлди деб фатво чиқаришди. Уларга ҳазрати Алийнинг ҳакамликни қабул қилганлари ёқмаган эди. Аслида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга хорижийларнинг ўзлари ‎ мажбурлашган эди. Энди эса Муовияга қарши урушга қайтишни талаб қила бошлашди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уларнинг талабини қабул қилмадилар.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта лашкар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида, орқадан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хорижийлар пайтни ғанимат билиб, ер юзидаги энг катта фасод ишларга қўл уришганди. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзлари учун ҳалол ҳисоблаб, мусулмонларнинг қонларини ноҳақ тўкиш, йўлтўсарлик қилишга қўл уришаётган эди. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳумо ва у кишининг ҳомиладор аёли ҳам бор эди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ортга қайтишга мажбур бўлдилар. Бориб уларга ваъз-насиҳат қилдилар ва огоҳлантирдилар. Аммо хорижийларга бу нарсалар таъсир қилмади. Улар сулҳни истамай, бир-бирларини жангга ҳозирлик кўришга тарғиб қила бошлашди.

Хорижийлар биринчи бўлиб уруш бошлашди. Урушда уларнинг деярли барчалари қирилиб битди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамларидан етти киши шаҳид бўлди, холос.

Хорижийлардан жуда камчилик одам қутулиб қолди. Ушбу жангнинг натижалари жуда ҳам хатарли бўлди. Ўлмай қолган оз сонли хорижийлар ҳар тарафга тарқалиб кетишди: улардан иккитаси Умонга, иккитаси Кирмонга, иккитаси Сижистонга, иккитаси Арабистон яриморолига ва биттаси Яманга қочиб кетди. Улар борган жойларида ўз жамоаларини туза бошлашди.


Мисрдаги қўзғалон

Юқорида бўлиб ўтган ишлар Шом аҳлига шижоат бағишлади. Улар байъат қилмасликда яна ҳам бардавом бўлдилар ва ўз ишларини кенгайтирдилар. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср томон юрди ва у ерни эгаллаб олди. Ҳижрий 38, милодий 658 йилдан бошлаб ўша ерда ўз ҳукмини ўрнатди. Шу тариқа Муовиянинг ҳукмронлиги кенгая бошлади. Муовия ибн Абу Суфён Мадинаи мунавварани, Маккани, Яманни ҳам эгаллаб олди. Лекин ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари у жойларни қайтариб олишди. Шу орада ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилдилар.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

15.09.2026   18607   1 min.
Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.

Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари