Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Исломий молиявий хизматлар Кенгашига аъзо бўлди.
Кенгаш фаолияти исломий молия институтларини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш, самарали корпоратив бошқарув механизмлари ва риск-менежмент тизимини жорий қилиш, шунингдек, мазкур соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ушбу масалаларда Кенгашга аъзо ташкилотларга кўмаклашишга қаратилган.
Мазкур ташкилотга аъзолик бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимизда исломий молия институтлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш соҳасида илғор халқаро тажрибани жорий этиш имконини беради.
Маълумот учун: Кенгаш 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, бош офиси Куала-Лумпурда (Малайзия) жойлашган. Бугунги кунда Кенгашнинг 188 аъзоси, шу жумладан, 81 та тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар, 10 та халқаро ҳукуматлараро ташкилот ва 97 та бозор иштирокчилари ҳисобланади. Шунингдек, Кенгашга Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон молиявий регуляторлари ҳам аъзо ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар бўлими томонидан отинойилар иштирокида “ZООМ” платформаси орқали ўқув семинарлари ўтказиш йўлга қўйилди. Бунда ақида, фикҳ, сийрат, ҳадис, мавлид ва жаноза масалалари тўғрисида тушунчалар бериб борилади.
Бугун, 29 январ куни тизимда фаолият олиб бораётган отинойилар учун Ақида ва фикҳ фанлари доирасида ўқувлар бошланди. Икки мингдан зиёд тингловчи қатнашган, “Ислом шариатида поклик масалалари” деб номланган илк машғулотни "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси Одинахон Муҳаммад Юсуф ўтказди.
Ўқув машғулотларини Фатво маркази мутахассислари, “Имом Бухорий” номидаги Тошкент ислом институти ва "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчилари олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати