Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Феврал, 2025   |   13 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:22
Пешин
12:42
Аср
16:11
Шом
17:56
Хуфтон
19:10
Bismillah
12 Феврал, 2025, 13 Шаъбон, 1446

Расулуллоҳ ﷺ қолдирган 2 нарса

10.01.2025   8412   10 min.
Расулуллоҳ ﷺ қолдирган 2 нарса

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосий манба Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга ҳамма ишлар – ҳукм, фатво, иқтисодий ва сиёсий низомларда асосий манба бўлганлар. У зотдан кейин ҳадислар ислом шариатида асосий таянч бўлиб келмоқда.

Лекин вақт ўтиши билан ҳадисларга бўлган қараш ўзгариб кетди. Айрим сиёсий оқимлар тарафидан ҳадисларга ҳужум бошланди. Ислом динидаги шаръий ҳукмлар фақатгина Қуръони каримдан олиниши, ундан бошқа ҳеч қандай нарсадан ҳукмлар олинмаслик даъвоси кўтарилди. Жумладан, ҳозирги кундаги шоҳидийлар ва қодиёнийлар каби фирқалар ўзларини “Қуръоний – фақат Қуръони карим ҳукмига амал қилувчи” санаб ҳадисларини инкор қилдилар. Қодиёнийлар фикрича ҳадислар тарихий эътибордан ўрганилади, ҳадис шаръий далил бўлмайди.

Айрим фирқалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилади. Лекин айрим тоифалар ҳадисларни очиқдан-очиқ инкор қилмаса ҳам “Қуръони каримга амал қилиш” шиори остида ҳадисларни инкор қилади. Шу сабабли ҳадисни инкор қилувчилар даъволари ва уларга раддия беришдан олдин ҳадис ва ҳадисларни Қуръони карим билан боғлик экани ҳақида маълумот бериб ўтиш зарурати туғилади.

Ҳадис муҳаддислар истелоҳида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл, тақрир, халқий (тана тузилишига оид) ёки хулқий (хулқ-атворга оид) сифат ва сийратдан иборат нубувватдан олдинги ва кейинги қолган асарлар. Сийрат, хулқ, шамоил, хабарлар, сўзлар ва феълларни нақл қиладилар. Булар билан шаръий ҳукм собит бўлиши ёки ҳукм собит бўлмаслигини эътиборга олмайдилар. Муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоятга бошлагувчи эканликлари эътиборидан ҳадис ҳақида баҳс юритадилар.

Усул олимлари истелоҳида ҳадис. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўз, феъл ва тақрирдан иборат нақл қилинган сўзлар. Усул олимлари ўзларидан кейинги мужтаҳидларга қоидаларни жорий қилган ва ҳаёт дастурини инсонларга баён қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида баҳс юритадилар. Усул олимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаръий қонунларни жорий қилувчи сифатида ҳадисларни ўрганадилар.

Фақиҳлар истелоҳида ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз ва вожиб бўлмасдан, балки буларга муқобил бўлиб собит бўлган ҳукмлар. Фақиҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни феъллари шаръий хукмга далолат қилишдан ташқарига чиқмаслигини эътиборга олишади. Шунинг учун шаръий ҳукмлар бандаларга нисбатан вожиб, харом ва мубоҳлиги ҳақида баҳс юритадилар.   

Биз усул олимлари ихтиёр қилган истелоҳ ҳақида баҳс юритамиз. Чунки, бу қисмнинг мавзусида ҳадиснинг ҳужжатлиги ҳақида сўз боради.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримдаги очиқ-равшан бўлмаган оятларни шарҳлар, баён қилиш вожиб бўлган ўринларни саҳобаларга баён қилар эдилар. Бу эса қисқача айтилганларни батафсил айтиш, умумий келганини қайдлаш ва мақсадларини равшан қилишлари билан бўлар эди. Баён қилиб бериш эса сўзлари ва қилган ишлари, буйруқлари, қайтариқлари ва ҳаётликларида саҳобаларини қилган ишларини тасдиқ қилишлари билан бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари ҳам ваҳийни ўрнида. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ижтиҳодларини хатога боришдан сақлаб қўйган. У зотнинг ижтиҳодлари оятдан олинган бўлиши ҳам шарт эмас. Масалан, намоз иймондан кейинги жуда муҳим бўлган ибодат. Унда рукуъ ва саждани ҳукми берилади. Қиём ва қаъданинг ҳам зикри айтилади. Лекин булар Қуръони каримнинг бирор жойида тўлиқ айтилмаган. Бу ишларнинг тартиби қандай бўлади? Намоз вақтларининг ҳар-хиллиги, ракъатларининг сони қандай бўлади? Намозни  қандай ҳолатда ўқилади? Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва амаллари билан мукаммал баён қилдилар ва саҳобаи киромларга уларни амалларини ўргатдилар.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ваҳий тўхтади. Қуръони карим ва ҳадисдан бошқа нарса қолмади. Саҳобалар Аллоҳ таолонинг Ҳашр сурасининг 7-оятидаги:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا

Расулуллоҳ нимани берса уни олингиз, ва нимадан қайтарса қайтингиз”, деган буйруғига бўйсуниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашга ҳаракат қилдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам:

تركت فيكم امرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما كتاب الله و سنة نبيه

“Сизга икки нарсани қолдирдим. Агар, уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз: Аллоҳнинг Китоби ва Набиййининг суннати” (Молик ривояти),  деганлар.

 Шу сабабдан ҳадисларнинг ислом жамиятидаги ўрни ҳар доим ҳaм юқори бўлиб келган. Зеро, ҳадисларда ислом динининг фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳaлoл, ҳаром, мубоҳ, макруҳ каби ҳукмлар ёритилган. Ундан ташқари ҳар қандай жамият учун зарур бўлган, маънавий комил инсонларни тарбиялашга хизмат қиладиган, юксак фазилатларга чорловчи қоидалар мажмуаси ҳам ўз ифодасини топган. Шу ақидадан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги пайтда ҳам ҳадисларнинг жамиятимиз учун тарбиявий ва амалий аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мўминлар Қуръони каримнинг кўпгина оятларида аввало, Аллоҳ таолога итоат қилишга амр қилинади, сўнгра Ўзининг Пайғамбарига итоат қилишга амр қилинганлар. Аллоҳ таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ

Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат этинглар ва Расулига итоат этинглар” (Нисо, 59-оят).

Аллоҳга итоат қилиш Қуръони каримдаги буйруқ ва қайтариқларга итоат қилиш билан бўлади. Расулига итоат эса, у зотнинг тирикликларида ўзларига итоат этиш билан бўлган бўлса, вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат  ва Расулига итоат қилиш алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки бир хил тушунча эканнини англаш керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо Аллоҳ итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари нарсага ҳеч қачон, ҳеч кимни буюрмаганлар.

Қуръони карим лафз ва маъно жиҳатидан  Аллоҳнинг каломи. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳийси. Суннат ва ҳадис эса моҳиятан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари эмас балки, Аллоҳдан нозил бўлган ваҳийларнинг у зотнинг иборалари билан тақдим этилиши ҳисобланади.

Исломнинг биринчи кунидан бошлаб мусулмонлар ҳар бир катта-ю кичик нарсани Пайғамбаримизидан ола бошладилар. Улар илоҳий дастур – Қуръони карим оятларидан тортиб ҳожатхонада қандай ўтиришгача бўлган нарсаларни қабул қилиб олар эдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳеч бир лаҳзаси саҳобаларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди. Чунки у зотнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлаётган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, ҳикмат ва насиҳатдан иборат эди. Дунё тарихида ҳаёти бунчалик очиқчасига оммавий равишда ўрганилган шахс яккаю ягона Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. У Зотнингнг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари бугунги кун атамаси билан айтганда шахсий оилавий ҳаётлари ҳам тўлалигича  ўрганилиб ривоят қилинган. Чунки  ислом дини мукаммал дин бўлгани сабабидан инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлган.

Бир сўз билан айтганда, у зот Қуръони каримни ўз шахсларида татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатишлари керак эди.  Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар, у зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишар эди. Ҳатто ўз ишлари билан машғул бўлган вақтларида бошқа кишилардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эътибор билан туришни, у зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари тайинлаб кетган одамларидан сўраб, ўрганиб олар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб олиб навбат ила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туришлари ҳақида у кишининг ўзидан ривоят қилинганлиги маълум ва машҳур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолган эмас. Буни душманлар ҳам тан олганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбия ҳодисасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида бир минг тўрт юз саҳобаи киромлар Мадинаи мунавварадан эҳром боғлаб Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, умра қилмоқчи бўлиб йўлга чиқадилар. Ҳудайбия деган жойда туриб қолганларида мушриклардан вакил бўлиб келган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  билан музокара олиб борган кишилардан бири ўз қавмига қайтиб бориб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч ким Муҳаммадни шериклари ҳурмат қилгандек ҳурмат қилмайди. У туфласа туфуги ерга тушмаяпти, саҳобалари қўллари ила илиб олмоқдалар”, деб айтган эди.

Мушрикнинг таъбирича туфуги ерда қолмаган зотнинг гап-сўзлари, ваъз-насиҳатлари, ҳукму васиятлари ерда қолармиди?! Уларнинг ҳаммаси ниҳоятда катта эътибор ва аниқлик билан ўрганилган. Таъкидлаш лозимки, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни ҳою ҳавас ёки билим, маданий савия кабилар учун қабул қилмаганлар. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар-хил ҳукмларга амал қилишни кўзлаб қабул қилганлар. Қолаверса, уларни бошқаларга ҳам етказиб, амалга чорлашни мақсад қилганлар.

Ойбек Ҳошимов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (3-қисм)

11.02.2025   3529   22 min.
ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (3-қисм)

 ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИни

УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

 

     (3-қисм)

УЛАМОЛАР  АЙТАДИЛАР-КИ...

  • Таомланиш – ҳар бир мўмин-мусулмонни қизиқтирадиган муҳим мавзулардан бири.
     
  • Овқатланиш – нафақат жисмоний жараён, балки қадриятларимиз ва эътиқодларимизни акс эттирувчи ибодат ҳамдир.
     
  • Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қандай овқатланишимиз кераклиги тўғрисида керакли ва етарли тавсиялар берилган. Ушбу тамойилларга амал қилган ҳолда, биз нафақат динимиз кўрсатмаларига амал қиламиз, балки соғлигимиз ва фаровонлигимиз ҳақида ҳам ғамхўрлик қиламиз.
     

Овқатланишнинг  асосий  тамойиллари:
 

  1. Миннатдорчилик: овқатланишни бошлашдан олдин, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим Аллоҳга миннатдорчилик сўзларини айтганлар. Шуни ёдда тутишимиз керакки, ҳар бир таом – Яратгувчимизнинг марҳаматидир.
     
  2. Модерация: Ислом овқатланишда меъёрни талаб қилади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: орнингизнинг учдан бир қисмини овқат билан, учдан бир қисмини сув билан тўлдиринг ва учдан бирини нафас олиш учун қолдиринг!", деб марҳамат қилганлар. Бу ортиқча овқатланишдан қочиш ва саломатликни сақлашга ёрдам беради.
     
  3. Тозалик: озиқ-овқат ҳалол (рухсат этилган) ва тоза бўлиши керак. Бу нафақат дин масаласи, балки танамизга ғамхўрлик қилишдир. Соғлигимизга зарар етказадиган ҳамда ман этилган нарсалардан қочишимиз керак.
     
  4. Биргаликда овқатланиш: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам биргаликда овқатланишни рағбатлантирдилар. Чунки бу одамлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди ҳамда дўстлик ва ўзаро тушуниш муҳитини яратади.
     
  5. Турли хиллик: танани барча керакли озиқ моддалар билан таъминлаш учун турли хил овқатларни истеъмол қилиш муҳимдир.
     
  • Шариатимиз кўрсатмаларига риоя қилиш – нафақат диний меъёрларга риоя қилиш, балки соғлом турмуш тарзига ҳам йўлдир.
     
  • Келинг, нима еяётганимизга диққатли бўлайлик ва кундалик таомланишимизда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишга ҳаракат қилайлик!..
     
  • Таомланиш аввало яшаш ва зикр учун бўлиши лозим.
     
  • Таомланиш пайтида шароитга қараб, имкон қадар Қиблага юзланиб ўтиришлик мақсадга мувофиқдир.
     
  • Агар овқат илм ўрганмоқ, унга амал қилмоқ ва хайрли ишларни бажармоқ нияти ила ейилса, ибодат ўрнига ўтади.
     
  • Таом ер экан, Аллоҳ таолонинг: «Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг энг покиза бўлганларини енглар!» амрига уйғун хатти-ҳаракат қилмоқликка ниятланмоқлик.
     
  • Таомнинг ҳалол ва пок бўлиши шарт ҳисобланади.
     
  • Ҳалол нарсаларни ейиш.
     
  • Ризқни Яратгандан деб билиш.
     
  • Унинг тақсимотига рози бўлиш.
     
  • Таом қуввати билан Унга гуноҳ қилмаслик.
     
  • Дастурхон ёзиб овқатланиш – мустаҳабдир.
     
  • Таомдан олдин қўл ювиш инсонга файз-барака келтиради ва кишидан фақирликни узоқ этади.
     
  • Дастурхон атрофида жам бўлган пайтда таомилга кўра дуо қилинади ва нонлар икки қўл билан синдирилади. Дуо қилиш, нон синдириш – аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келган энг улуғ қадриятларимиздандир.
     
  • “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” демоқлик билан таомланишни бошлаймиз.
     
  • Улуғ уламоларимиз: “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”ни тўлиқ айтмоқлик афзалдир, деганлар.
     
  • Дастурхонга қўйилган нон ва овқатларни айбламаслик ёки паст санамаслик ҳам чиройли одоблардан биридир.
     
  • Нонни эъзозлаш, уни ҳурматини жойига қўйиш – фазилати улуғ ва хислати беқиёс савобли амал.
     
  • Адаб манбаларида нонни эҳтиром қилган киши фақирликдан узоқ бўлиши ҳамда ноннинг ушоқларини ҳам исроф қилмасликнинг хосиятлари тўғрисида етарлича баён қилинган.
     
  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам нонга бўлган муҳаббатлари бошқача эди. У Зот: “Эй, Парвардигорим! Бизни имон ва ноннинг лаззати ила роҳатлантир!” дердилар.
     
  • Халқимиз нонни азалдан ҳурмат қилади, ризқ-насибалар орасида афзал, азиз ва муқаддас деб билади. Ота-боболардан ўтиб келаётган удум, анъанага биноан, ҳатто нон дастурхонга тескари қўйилмайди, устига бошқа нарсаларни қўйишдан қайтарадилар, нондан ҳатлаб ўтилмайди, агар нон қўлдан ерга тушиб кетса, дарҳол уни олиб, уч марта ўпиб, пешоналарига сурадилар. Нон ушоғи дастурхонга тушганда, улуғлар бизга бармоқни ҳўллаб, ушоқ устига босиб олиб, оғизга солишни ўргатишган.
     
  • Дастурхон атрофига ўтиришдан олдин соф сув билан таҳоратда ҳилоли билан ювилгани каби икки қўл бўғимигача қўшиб ювиш – динимиздаги суннат амаллардандир.
     
  •   Одобимизда олтин, кумуш идишларда таом ейиш ва ичимлик ичишдан қайтарилган.
     
  • Таом сузиладиган идиш сопол ёки ёғочдан бўлмоғи, зеро бундай овқатланиш ҳам лаззатли, ҳам саломатликка жуда фойдали бўлиб, инсонни кибр ва манманликдан узоқлаштиради.
     
  • Таом билан бирга дастурхонга сирка ва кўкат келтирмоқ, чунки сирка келтирилган дастурхонда барака кўп бўлиб, фақирликни кетказади.
     
  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Али, таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатинг, зеро туз етмиш иккита дардга даводир. Жумладан, жунун (девоналик), жузом, барас (тери касаллиги), қорин ва тиш оғриғи ва бошқа дардларга”, – деганлар. Шу билан бирга, туз очлик шиддатини пасайтириб, кам ейишга ҳам сабаб бўлади.
     
  • Ҳанафий мазҳаби олимлари таомни тик туриб ёки йўлда юриб истеъмол қилишни макруҳ ҳисоблайдилар. Бу тарзда таомланиш одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканлигини айтадилар.
     
  • Кимки тик туриб ва ё юриб овқат ейишга одатланса, унга муҳтожлик ва фақирлик эшиги очиб қўйилади, умри хор-зорликда ўтади, деб ривоят килинган.
     
  • Ўтирган ҳолда ичиш ва ейиш – мустаҳабдир.
     
  • Бир луқманинг 360 хизматчиси бордир. Бу хизматчиларнинг биринчиси – Микоил алайхиссалом бўлсалар, охиргиси – ўша нонни пиширган одамдир.
     
  • Бир бурда нон учун Аллоҳ таолонинг 360 та махлуқотлари фармонбардор бўлар экан. Аввал Аллоҳ таолонинг Раҳмат конидан Микоил алайҳиссалом сув олиб чиқар, сўнгра булутлар, Қуёш ва Ой, осмондаги бошқа фаришталар, ерда эса дехқонлар, охири нонвойлар хизматда бўлар экан.
     
  • Дастурхонга тўкилган нон ушоқларини одоб ва эҳтиром билан териб емоқ керак.
     
  • Ҳадиси шарифларда келишича, дастурхондаги нон ва таом ушоқларини териб еган кишининг ризқи кенг бўлиб, аввало ўзидан, фарзанд ва набираларидан жаҳл ва нодонлик кўтарилади.
     
  • Бошқа бир хабарда ушоқни терган кишининг айши фароғ бўлиб, фарзанди саломат ва айбсиз бўлади, деб марҳамат қилинган.
     
  • Таомни ёқтирмаслик ҳам – нодонлик аломати.
     
  • Овқатланишда тез ва шитоб билан ейиш қалбни қотиради ва кўрликка сабаб бўлиши мумкин.
     
  • Таомланиш пайтида сўзлашиш – мустаҳабдир.
     
  • Ноннинг бетини ва ичини еб, қолган жойини қолдиришлик одобдан бўлмай, у неъматни паст санашлик бўлади. Бу ҳолат эса инсон ва унинг оиласида ризқини танг бўлишига сабаб бўлади.
     
  • Ҳалол таом ва ноз-неъматларни, чиройли дастурхонни маъсият, гуноҳ нарсага айлантирадиган ножўя ва нопок нарсалардан узоқ бўлишлик, зеро ундай дастурхонлар бефайз, баракасиз бўлур. Бундай жойлардан фаришталар узоқлашурлар.
     
  • Нонни қошиқ, коса, товоқ ўрнида ишлатмаслик тўғрисида азалий ибратли анъаналарга эгамиз.
     
  • Идишларнинг энг яхшиси – лой-сополдан ясалганидир.
     
  • Идишларнинг лаби учмаган, дарз кетмаган ёки синмаганига эътибор бериш лозим.
     
  • Айрим нарсалар борки, уларни бирга истеъмол қилиш соғлиққа зарар ва суннатга хилофдир. Улар: балиқ билан сутни, сут билан нордон нарсани, сут билан тухумни, сут билан гўштни, қовурилган гўшт билан қайнатилган гўштни,  қотган гўшт билан янги гўштни қўшиб ейиш мумкин эмас.
     
  • Жуда иссиқ ва жуда совуқ таомни тановул қилиш суннатга хилофдир. Одамлар билан кўришадиган одам пиёз ва саримсоқни хомлигича ейиши дуруст эмас.
     
  • Саналадиган таомлар тановул қилмоқчи бўлса, тоқ сонни танлаган маъқул. Мисол учун, таомдан сомса, чучвара, манти, мевалардан олма, хурмо, анжир каби.
     
  • Бармоқларни ялашнинг ҳам ўзига яраша тартиби бор. Аввал ўрта бармоқ, кейин бош бармоқ, кейин кўрсаткич бармоқ яланади.
     
  • Тил билан тишлар орасидан чиқарилган таом қолдиғини ейиш макруҳ эмас. Аммо тиш ковлагич билан чиқарилган қолдиқни ейиш чиройли эмас.
     
  • Тишни кўп ковламаслик керак. Милкка салбий таъсир кўрсатади. Тишни кавлаётиб, оғизни бармоқлар билан бекитиб олиш керак.
     
  • Идишнинг оғзидан ва косанинг синган еридан сув ичмагайки, анда чирклар жам бўлади. Ва ариқдан ва ҳовуздан бошини тубан қилиб, оғзи бирлан сув ичмагайки, макруҳдир. Ва яна сув ичидан зарар қилғувчи нарса ичига кетиши эҳтимоли бордир.
     
  • Синиқ косада овқат еманг, сув ҳам ичманг!
     
  • Шарбат ёки совуқ сувнинг барчасини ўзи ичмасдан, балки ёнидаги кишиларга ҳам қолдириш керак. Бу – суннатдир.
     
  • Ҳанафий машойихларидан бирлари айтадилар: “Оилада дастурхонга зарурдан зиёда нонларни қўйиб ташлаш исроф амаллардан ҳисобланади. Таом солинган идишни тўғрилаш учун идиш остига нон қўйиш ёки нонлар устига идишларни қўйиш ҳам мумкин эмас. Хусусан, овқатлангандан сўнг бармоқларни ҳамда ишлатилган пичоқ, қошиқ ва идишларни нон билан артиш ҳам ислом динида макруҳ, яъни ёмон амаллардан саналган”.
     
  • Нонни эъзозлаш, хор қилмаслик, нонга таҳқир назари билан боқмаслик, ноннинг устига гўшт, нонхуруш ва пишириқларни қўймаслик, исроф этмаслик одобини доно ота-оналаримиз фарзандлари онгига сингдирганлар.
     
  • Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни эъзозланглар!” деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз нонни қадрлаб ўпиш, иззат-икромини ижро этиш лозим деб санашган.
     
  • Бизнинг китобларимизда ноннинг истеъмоли, сақланиши, дастурхон узра туриши юзасидан кўрсатмалар кўп. Айнан шундай кўрсатмалардан бирида унинг устига туздан бошқа нарсаларни қўйишдан қайтарилган. Аммо қора дона бўлмиш седанани нон устига қўйилишининг сабаби, седананинг шифобахш хосиятини баён қилувчи ҳадиси шариф борлигидандир. Зеро ҳадиси шарифларда “Қора дона седана ўлимдан бошқа барча дардларга даводир” дейилган. Нонга бундай эҳтиромнинг боиси – у ер-осмон баракоти ҳамда инсонларнинг севимли озуқасидир. Уни истеъмол қилган одам дарров тўқликни ҳис этади, нафси ором олади. “Нон – жасаднинг озуқасидир. Озуқа – руҳнинг қувватидир. Аллоҳ таоло нонни ризқларнинг шарофатлироғи қилиб яратди”.
     
  • “Доим тоза, покиза овқатлар енг!”
     
  • “Асал еб туринг, чунки у – минг дардга даво”.
     
  • “Беҳи ейиш юрак хасталигини кетказади”.
     
  • “Сигир сути – шифо, ёғи – даво”.
     
  • “Сигир сутини кўпроқ истеъмол қилинг, чунки у турли доривор гиёҳларни териб ейди”.
     
  • “Тишларингиз орасини тозалашлик билан уларни тоза-озода тутинг! Чунки бу – бир покликдир. Поклик, озодалик – имонга, имон эса ўз эгасини жаннатга бошлаб борур”. Шу боисдан тишларни тоза-озода тутишлик ризқнинг баракали, мўл-кўл бўлишига сабаб бўлур.
     
  • Мезбонни дуо қилиш – мустаҳабдир.
     
  • Адаб китобларида нонлар қайси шаклда пиширилган бўлмасин, истеъмол қилувчи ундан ўзига мақбул жойи (ўртаси ёки атрофи)ни еб, қолганини ташлаши мумкин эмаслиги таъкидланади.
     
  • Тўй ва зиёфатларда дастурхонга тортилган ноз-неъматлар ичида нон маҳсулотини етарлидан зиёда қилиш исроф дейилган. Айтиш жоизки, нон неъматини қайси ҳолатда бўлса ҳам истеъмол қилиш мумкинлиги исрофнинг олдини олади.
     
  • Инсон оламига қут-барака бўлган нон неъматининг яна ҳам баракотли бўлиши учун иззат-икром қилиш – одам фарзанди зиммасидаги бурчдир. Зеро уни иззат қилиш моҳиятида мавжуд ризққа рози бўлиш ифодаси ётади.
     
  • Ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни ҳурмат қилинглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотидан чиқарди” деганлар. Бу ҳадиси шариф шарҳларида: “Нонни босмаслик, ташламаслик унинг икромидан ҳисобланади. Агар уни улоқтирса, нопок жойларга ташласа, неъматларни инкор қилиб, ўзига жафо қилганлардан бўлади. Ризқнинг кенглиги – дин учун катта қувватдир. Агар неъматга жафо қилса, катта неъматлар нафратга айланади. Неъмат кетгандан сўнг қайтмайди. Зеро улар жафо билан муҳрлангандир”, дейилган.
     
  • Бошқа фиқҳий китобларда ҳам нонга оёқ босиш, уни асбоб қилиб ишлатиш, хамир ва нондан ҳар хил шаклларни ясаш, нон устида ўтириш, уни нопок жойларга ташлаш, хусусан, чиқинди ҳисобида улоқтириш мумкин эмаслиги тўғрисида аниқ ва батафсил таъкидланади.
     
  • Аллоҳ таоло инсонларни исрофнинг барча кўринишидан қайтариб, унинг ёмон оқибатларини ҳам баён қилиб берди. Неъматга хиёнат қилиш ва нотўғри жойларга ишлатишни “гуноҳ” деб баҳолади.
     
  • Ақл-идроклари билан бошқа аёлларга ҳам намуна бўла олган, тарбия ва заковати билан, ўз насиҳати билан оила, рўзғор одоб-ахлоқини тарқата оладиган доно аёллар рўзғорларини жуда усталик билан, моҳирона, тежамкорлик ила олиб борадилар. Бундай ажойиб фазилат ҳар бир оилага ёқади.
     
  • Аслида тежамли бўлиш ва исрофдан сақланиш – ҳар бир аёлнинг кундалик вазифасидир.
     
  • Ишбилармон уй бекаси кундалик ҳаётда сабзавот-меваларнинг айниб, чиришига йўл қўймайди, озиқ-овқатларни истеъмолга яроқсиз бўлиб қолишдан сақлайди, овқатларни пазандалик маҳорати билан мазали, тотли қилиб тайёрлайди, оила дастурхонидан ортган нонларни ташлаб юбормасдан, улардан пишириқ ва таомлар тайёрлаб, истеъмол қилиш чорасини кўради.
     
  • Агар назар солсангиз, оила ва рўзғор юритишда ҳар бир хонадоннинг динимиз ҳамда миллий удумларимизга мос бўлган ўз низом ва тизими бўлади. Бу тартибларнинг бажарилиши асосан оиладаги катталар томонидан назорат қилиб турилади. Хусусан, бу тартиб-қоидалар уй-жойни озода ва покиза сақлаш, анжомлар, либос ва кийимларни асраб-авайлаш, исроф қилишдан сақланишга ҳам тааллуқлидир. Рўзғорга келган озиқ-овқат, хом ашё, мева-сабзавот, ширинлик ва нон маҳсулотларини тўғри сақлай билиш ҳам – оила бекасининг зиммасида. Сифати тез ўзгарувчи озиқ-овқатлар ичида нон маҳсулоти ҳам суви қочиб, қаттиқ нонга айланиши тез-тез учраб турадиган воқеалардан. Уй бекаси аввало бунга йўл қўймаслиги, кундалик истеъмолга етадиган нон олинишини назорат қилиши, агар ортиб қоладиган бўлса, уни қотириб қўйиши зарур.
     
  • Баъзи оилаларда ўйнаб юрган болаларнинг қўлларига ҳам нон беришади. У болаларча иш тутади, ёш болалигига бориб, нонни у ер-бу ерга қўяди ёки ушоғини тўкади. Натижада катталар “ёшларни нон қадрини билмасликда” айблайдилар. Шунда савол туғилади: “Ота-онаси болага ноннинг қадр-қимматини, уни ҳурмат қилиш кераклигини ёшлигида тушунтирганмикан?”, “Бола ноннинг ушоғини ҳам исроф қилмаслик кераклигини билармикан?”, “Нон қадрини англамаган, исрофнинг зарарларини ҳис қилмаган одам ўз фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин?”
     
  • Гоҳида “Нон исрофи ношукрликдан келиб чиқаётган эмасмикан?” деган савол туғилади. Сабаби – шукроналик доимо инсонни итоатга, меҳнатсеварликка, бор неъматни қадрлашга ундайди.
     
  • Ердаги нон ушоқларини териб ейишлик – берилган неъматга шукронанинг ифодаси бўлади. Ҳадиси шарифларда: “Кимки дастурхондан тўкилган нон ушоғини териб еса, ҳаёти фаровон бўлади ва фарзанд, набиралари ҳеч ҳам танглик кўрмайди” дея марҳамат қилинган.
     
  • Китобларимизда исроф” – (гарчи инфоқ моддий харажатда машҳурроқ бўлса-да), у “инсон қиладиган ҳар бир амал ва ҳар бир сўзида ҳаддан ошишдир” дейилган.
     
  • Аллоҳ таоло берган улуғ неъматларни узрсиз, сабабсиз исроф қилганлар – Аллоҳ таолонинг буйруғи ва Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини бажармаган кишилар ҳисобланади.
     
  • Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, луғатда “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “меъёрдан ошиб кетиш”, “ҳаддидан ошиш”, “чегарадан чиқиш” каби маъноларни билдиради.
     
  • Истилоҳда эса моддий ва маънавий маънода ишлатилса-да, кўпроқ моддий сарф харажатларда ўз ифодасини топади.
     
  • Ҳар қандай ишда чегарадан чиқиш – исрофдир.
     
  • Инсон қиладиган ҳар бир амал ва ҳар бир сўзида ҳаддан ошиш – исрофдир.
     
  • Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, “увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.
     
  • Ҳар бир нарса заруратдан ташқари ёки нотўғри мақсадга ишлатилса, бунинг натижаси парокандаликка олиб бориши – исбот талаб қилмайдиган  ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам Қуръони карим оятларида алоҳида эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло берган неъматларни исроф қилмаслик лозимлиги тўғрисида кўп айтиб ўтилган.
     
  • Исроф – пул, мол ва Аллоҳ томонидан бизга берилган неъматларни ножўя сарфлашдир.
     
  • Уламоларнинг айтишларича, ИСРОФ:
    • фақирликка етаклайди,
    • жаннатдан узоқлаштириб,
    • дўзахга яқинлаштиради,
    • Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлади.
       
  • Ёшлари катталар дарров ўтган кунларни эслашади ва исрофли тўй тўғрисида “тўқликка шўхлик” деган халқ мақолини беихтиёр тилга олишади.
     
  • Уламолар янги келган ҳар бир меҳмон учун нон неъматининг “иссиқ нон” баҳонасида ушатилишини ҳам исрофдан деб баҳолайдилар.
     
  • Тўйларда хурсандчилик сифатида пул сочиш, уларнинг оёқ остиларида қолиши – ноўриндир. Зеро пул бирлиги давлат рамзи бўлиши билан бирга, миллий қадрият ҳамдир.
     
  • Ислом динида мол-дунё (тилла, кумуш, пул бирликлари)ни оёқости қилишлик, чиқинди жойларга ташлашлик, пулга туфлашлик, ақли ноқисларга беришлик каби ножўя амаллардан қайтарилган.
     
  • “Файзул Қадир” китобида ҳукамолар “Нон ўпилади, босилмайди!” деган масалани таъкидлаб келтирганлар.
     
  • Дарҳақиқат, ҳар бир замон даҳоси, доноси, олими, фозили, ҳозиқу ҳакими ёки фақиру фуқароси, ким бўлишидан қатъи назар, нонни эъзоз этишга ундайди ва бунга аввало ўзи амал қилишга интилади. Ҳеч бир замон аҳли қийинчилик, қимматчилик, қаҳатчилик, қурғоқчилик каби инсон учун оғир ва зарарли бўлган кун келишини хоҳламайди. Балки кундалик ҳаётида доимо ризқ-насибаси кенг, умри узоқ, ҳаёти фаровон бўлишини истаб Яратганга илтижо қилади.
     
  • Қаноатнинг иккинчи шарти – неъматларни режали харжлаш. Ҳаётда тадбирли кимсалар бировларга хушомад қилмайди, ёлғон гапирмайди, ҳирс ва тама балосига дучор бўлмайди.
     
  • Рўзадорнинг олдида таомланиш ҳурматсизлик ва беодоблик ҳисобланади.
     
  • Рўзадор ҳам таомланаётганлар ҳузурларида бўлмагани маъқул.
     
  • Рўза тутмаётган киши Рамазон ойларида одамларнинг олдиларида таомланмагани ҳурмат-эҳтиром ҳисобланади.
     
  • Ифтор пайтида шароитга қараб, азондан сўнг аввал оғизни очиб, енгилроқ таомланиб, шом намози адо этилиши афзалроқдир.
     
  • Бемор ҳузурига келган киши, агар бирор узури бўлмаса, бемор таклиф этган таомдан истеъмол қилгани маъқул бўлади.
     
  • “Нон ҳам нон, увоғи ҳам нон” – халқона ҳикмат. Унинг мазмунида гуноҳ, зое, исроф хавфи бор. Қаердаки, кимдаки бу хусусга андиша бўлмаса, бир жазоси бор. Бу ўгит шу сабабдин кўп такрор бўлган.
     
  • Таомдан сўнг берилган неъматларга шукрона келтириш, ҳамд-сано айтиб, таом тайёрлаган ва тақдим этганларга дуо қилиш – динимизнинг асосий таълимотларидан биридир.
     
  • Овқат ҳазм бўлмагунча ётмаслик. Чунки ҳазмдан олдин ётишлик қалбни қорайтиради.
     
  • Шунинг учун таомдан кейин лоақал 4 ракаат намоз ўқиш лозим, ёки 100 марта «Субҳоналлоҳ!» демоқлик ва ё 1 жуз Қуръон ўқимоқ даркор.
     
  • Хайр ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир” (Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ).

                                                    (3 – қисм тугади. Давоми бор...).

Иброҳимжон домла Иномов

 

Мақолалар