14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Қиёмат қоим бўлишининг яна бир белгиси – мусулмонларнинг Қуддусни фатҳ этиши саналади.
Сийрат ва тарих илми бўйича мутахассислар Қуддус фатҳи Умар розияллоҳу анҳу даврида ҳижрий 16 йилида якунланганини қайд этишган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг шахсан ўзлари Қуддусга маҳаллий аҳоли билан тинчлик шартномаси тузиш учун борадилар ва у ерда масжид қурилади.
Имом Аҳмад Убайд ибн Адамдан унинг Каъбул Ахбор билан суҳбатини келтиради:
“Умар розияллоҳу анҳу сўрадилар:
- Намозни қаерда ўқиганим яхши, деб ўйлайсиз?
Каъб айтади:
Умар розияллоҳу анҳу дедилар:
- Йўқ, бу яҳудийларникига ўхшаш бўлиб қолади. Мен намозимни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам адо этган жойда ўқийман.
Кейин Умар розияллоҳу анҳу қибла томонга қараб намоз ўқидилар, сўнг ридоларидан чангларни қоқиб ташладилар.
Шу ўринда Каъбул Ахбор раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида тўхталиб ўтсак. У аҳли китобларнинг буюк олимларидан бўлган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида Исломни қабул қилган. Умар розияллоҳу анҳу даврида Мадинага кўчиб ўтган. Сўнгра Шомда яшади ва Усмон розияллоҳу анҳу даврида вафот этган.
Маълумки, салибчилар Қуддусни 100 йил давомида эгаллаб турди. Ниҳоят бу муборак жойни буюк жангчи ва ҳимоячи Султон Салоҳиддин раҳимаҳуллоҳ фатҳ этган.
Аллоҳ таоло унга Умар розияллоҳу анҳунинг ғалабасидек ғалаба берди. Ғалаба кўлами бўйича унга тенг келадигани Константинополни забт этган Султон Муҳаммад Фотиҳ раҳимаҳуллоҳ эди.
Муҳаммад Фотиҳ (ҳижрий 832-886 / милодий 1432-1481) – 1444 ва 1451-1481 йилларда Усмонли султони. У фатҳ сиёсатини фаол олиб борди. Усмонли қўшинининг 26 та юришига раҳбарлик қилган. Константинополни 1453 йил қўлга киритди ва уни Усмонли халифалигининг пойтахтига айлантирди.
Византия мавжудлигига нуқта қўйди, кейин Сербия (1459), Мореа (1460), Требизонд империяси (1461), Босния (1463), Эвбеяни (1471) фатҳ этди.
Караман подшоҳлиги (1471), Қрим хонлиги ва Албанияни бўйсундирди (1475), Албания (1479). Оққўюнли давлати ҳукмдори Узун Ҳасан билан муваффақиятли урушлар олиб борган.
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.