Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

Меърож кечаси қачон?

24.01.2025   17350   5 min.
Меърож кечаси қачон?

Исро нима дегани?

“Исро” (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.


Меърож нима дегани?

“Меърож” (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.


Исро ва меърож кечаси қачон бўлган?

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро сураси, 1-оят), дейилган.

Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Аллома Муборакфурий раҳимаҳуллоҳ “Ар-Раҳийқул махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:

  1. Исро Аллоҳ таоло у зотни нубувватга мушарраф этган йили бўлган.
  2. Пайғамбар бўлганларидан беш йил кейин бўлган.
  3. Нубувватнинг ўнинчи йили ражаб ойининг 27-кечасида бўлган.
  4. Ҳижратдан ўн олти ой олдин нубувватнинг 12-йили рамазон ойида бўлган.
  5. Ҳижратдан бир йилу икки ой олдин нубувватнинг 13-йилида муҳаррам ойида бўлган.
  6. Ҳижратдан бир йил олдин нубувватнинг 13-йилида робиъул аввал ойида бўлган.
     

Бу кечанинг ҳикматлари кўп. Улардан бири –

Исро ҳодисаси Ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли тазйиқ ўтказишарди. Уларнинг зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб, Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этганди.

Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга қандай қилиб кўтарилдилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга ташлаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаброил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: (Соф) фитратни танладингиз”, деди. Кейин биз осмонга кўтарилдик...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
 

Набий алайҳиссалом самода қайси пайғамбарлар билан учрашдилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “...Биринчи осмонда мен Одам алайҳиссалом билан кўришдим.
Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё алайҳимассалом билан учрашдим.
Учинчи осмонда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим.
Тўртинчи осмонда Идрис алайҳиссаломни,
бешинчисида Ҳорун алайҳиссаломни,
олтинчисида эса Мусо алайҳиссаломни зиёрат қилиб, дуоларини олдим.
Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳиссаломни Байтул Маъмурга суяниб турганларини кўрдим”.
 

“Байтул Маъмур”дан “Сидратул мунтаҳо”га

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиёрат қиладиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига келдим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга келган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди”.


5 маҳал намозда 50 маҳал намознинг савоби бор...

Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ шу ерда менинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо алайҳиссаломнинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим.

Мусо алайҳиссалом: “Умматингиз бу амални бажаролмайди, Аллоҳдан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ ўртасида бир неча марта қатнадим, ниҳоят Аллоҳ: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”, деб марҳамат қилди.

Мусо алайҳиссалом яна мени қайтарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намознинг фарзлигига рози бўлдим”.


Бу кеча яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нималар берилди?

Бу кеча – беш вақт намоз фарз бўлди, Аллоҳга шерик қилмай, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар берилди ва “Бақара” сурасининг сўнгги уч ояти нозил бўлди...

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

Қурбонликка оид 30 масала

04.06.2024   4337   8 min.
Қурбонликка оид 30 масала

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Масала: Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди (41).

Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади (129).

Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади(130).

Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади (36).

Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир (131).

Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади (37).

Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (46).

Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди (47).

Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир (57).

Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас (58).

Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди (62).

Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади (62).

Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади (63).

Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун уларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда (78).

Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади (82).

Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди (91).

Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (96).

Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади (133).

Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди (98).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади (99).

Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир (99).

Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади (100).

Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир (102).

Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди (105).

Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (107).

Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки (612) 595 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.

Манба

Мақолалар