Республикамизнинг барча ҳудудларида отинойилар ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш юзасидан давомли тадбирлар ўтказишмоқда.
Ўтган ҳафта давомида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича 220 та, эрта турмуш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш мақсадида 226 та, тўй, маърака-маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича 346 та, бидъат-хурофотларга қарши курашиш бўйича 260 та, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича 264 та оила билан суҳбатлашилди.
Моддий-маънавий кўмакка муҳтож 130 та хонадонга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа ҳадялар улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати