«...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо сураси, 19-оят).
Бугунги кунга келиб солиҳ эркаклар қатори солиҳа аёллар ҳам камайиб бормоқда. Ачинарлиси, эркакнинг ва оила аъзоларининг яхши муносабатини суиистеъмол қилаётган аёллар бор. Айниқса, эркак оилани сақлаб қолишни истаса, аёл арзимаган сабаб билан ажрашишга ҳаракат қилади. Шундай вазиятларда эрнинг нафсонияти билан ўйнашишдан ҳам тап тортмайди.
Хизмат юзасидан кўплаб хонадонларда бўламиз. Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни муросага келтириш вазифамиз. Шундай вақтларда эр-хотин жанжали, қайнона-келин можароси, қудаларнинг низосида бир бурчакда бу ҳолатга жавдираб қараб турган болалар юрагимни эзади. Болага буюмдай муносабатда бўлиб, уни у ёқдан-бу ёққа тортқилаётган катталарни инсофга чақириш осон эмас. Жаҳл чиққанда ақл кетади. Шу норасидаларнинг келажаги учун ҳам оилани асраб қолишга ҳаракат қиламиз.
2024 йилда Бухоро туманида ажрим ёқасида турган 62 та оила яраштирилди. Шулардан саккизтаси “Кучкумар” маҳалласидаги оилалардир.
Бундан бир йилча аввал бир нафар фарзанди бор эр-хотин ажрашишга қарор қилди. Қайнона кўзида ёш билан бундай дейди: “Ўзи учун овқат тайёрлаб, идишларини ҳам ювмай, хонасига кириб кетади. Ёш-да, юмушларга ўрганиб кетар, десам, бетгачопар, дангасалиги ортиб боряпти. Набирам бор, деб ўғлимни ажрашиш фикридан қайтаргандим. Орасидан гап ўтганми, бир куни ҳовлида ўғлим билан қаттиқ жанжаллашяпти. Шунда оилани ажрашиш фикридан қайтариш учун уларни келинининг муайян вақтгача онасиникида яшашига кўндирдик.
Келин бўлган уйида эри, қайнонаси койиган бўлса, икки ой ўтар-ўтмасдан дангасалиги боис онаси ва акасидан ҳар куни дашном эшитаверибди. Бир куни ўша келин менга қўнғироқ қилиб, пушаймонлигини, шундай яхши оиласининг қадрига етмаганини айтиб, йиғлади. Ота-онаси уни эрининг уйига олиб борди. Ҳозир оила аҳил, иноқ.
Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бўлган “Дуррул мухтор” китобида бундай дейилади: “Никоҳ ва иймон жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома муайян муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-биридан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Ҳар бир оила ана шундай саодатга эришсин! Мустаҳкам оилалар кўпайсин!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннатда бир бозор бор. Ҳар жума унга (жаннатийлар) келадилар. Сўнгра шамол эсиб, уларнинг юзларию кийимларига мушк сочади ва уларнинг ҳусни жамоли зиёда бўлади. Кейин (уларнинг) ҳусни ва жамоллари зиёда бўлган ҳолда қайтадилар. Аҳллари уларга: “Аллоҳга қасам, биздан кейин ҳусни жамолда янада зиёда бўлибсиз”, дейдилар» (Имом Муслим ривояти).
Тўхтанор НУРИДДИНОВА,
Бухоро тумани “Кучкумар” маҳалласи отинойиси
"Мўминалар" журналининг 2025 йил 1-сонидан олинди
Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.
Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).
Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.
Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз!
Жаъфархон Сўфиев,
Тўрақўрғон туманидаги
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби