Инсон гуноҳдан холи бўлмайди. Баъзан билиб-билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйиши мумкин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло кўплаб оятларда инсонларни тавба қилишга буюрган. Жумладан, Таҳрим сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса” (8-оят).
Бошқа ояти каримада «...Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят), дейилган.
Инсон тавбани ўзига лозим тутиши керак. Аммо унинг тавбаси қабул бўлиши учун эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар бор. Хусусан, тавба қилишда чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраши керак. Сўнгра истиғфор учун маълум бир дуолар, ижобат бўладиган онлар фазилатидан фойдаланиш зарур.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ (унинг) тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Инсон тавбага шошилиши лозим. Луқмони Ҳаким ўғилларига: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим тўсатдан келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: 1) гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни қоплайди, сўнгра уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди; 2) касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди”, деган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло билмай қўл уринган гуноҳга зудлик билан қилинган тавбани қабул этишини баён қиляпти.
Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилмагани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки гуноҳ ишга пушаймон бўлиш холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга, надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ривоят қилинади. У: “Мен отам билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Отам унга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганмисиз?” деб айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ҳа, у зотнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганман”, деди» (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланса, тавбаси холис бўлиши учун бир неча шартлар бор:
– гуноҳ қилишдан дарҳол тўхташ;
– қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш;
– бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қилиш;
– тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш;
– истиғфор айтиш;
– гуноҳга қайтмасликни барча аъзолари билан амалга ошириш;
– гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, улардан узр сўраб, рози қилиш.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.
Бугун, 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ислом цивилизацияси марказидаги янги биносида “Миллий қадриятлар ва ўзлигимиз тимсоли” номли адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, диний-маърифий соҳа вакиллари, таниқли олимлар, ижодкорлар ва идора ходимлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Анжуманда Давлатимиз Раҳбари томонидан тилимизга қаратилаётган юксак эътибор, хусусан, халқаро минбарларда ўзбек тилида баралла маърузалар қилинаётгани, бугун лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонуннинг имзолангани ушбу айёмга ўзгача тарихий аҳамият бағишлагани мамнуният билан эътироф этилди.
Маросимда таниқли олимларнинг маърузалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Жумладан, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов соҳибқирон Амир Темурнинг "Биз ким, миллатларнинг энг қадимийси ва энг улуғи туркнинг бош бўғинимиз" деган эътирофи ва буюк тилшунос Маҳмуд Кошғарий туркий тилни бошқа тиллар билан тенг пойгада ўзиб кетаётганини жонли мисоллар билан ёритиб берди.
Таниқли шоир, "Маънавий ҳаёт" журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукур бугунги глобаллашув ва ижтимоий тармоқлар даврида тилимиз дуч келаётган хавф-хатарлар ҳақида гапирди. У тил – шунчаки алоқа воситаси эмас, миллий тафаккур ва онг эканини таъкидлаб, ёшларни ҳушёрликка чақирди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Маърифий тарғибот маркази директори Мирзоҳид Хидиров ҳам маъруза билан иштирок этди.
Байрамона кайфиятда ўтган тадбир якунида меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғалари топширилди.
Она тилимизнинг нуфузи ва қадри доимо юксак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати