Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ аталган маҳрнинг ярмини вожиб қилади.
Бу ҳукм Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилса ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса», (бермайсиз) (237-оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда «мутъа», ундан кейингида «маҳри мисл» вожиб бўлади.
Бу ҳукм ҳам Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай марҳамат қилади:
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ» (236-оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».
Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб, талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳали тайин бўлмаганлиги учун бу келинга «мутъа» (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб, кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.
Уламоларимиз: «Мутъа ўз даврларининг ўлчовида берилади: бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош берсин», деганлар.
Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, кўнгиллари таскин топади. Дўст-душманнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас.
Оятда:
«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг», дейиляпти.
Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак, шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом экани:
«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деб яна бир бор таъкидланяпти.
«Маҳри мисл» ўша юртда, ўша замонда бошқа келинларга одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдордаги маҳрдир.
"Бахтиёр оила" китобидан
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига шарҳ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларни намоён этган ҳолда ҳамда давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 392 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 223 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 82 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
Шунингдек, 53 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 3 нафарини чет эл фуқаролари, 26 нафарини аёл, 14 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 166 нафарини ёшлар ҳамда 24 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.