Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ аталган маҳрнинг ярмини вожиб қилади.
Бу ҳукм Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилса ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса», (бермайсиз) (237-оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда «мутъа», ундан кейингида «маҳри мисл» вожиб бўлади.
Бу ҳукм ҳам Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай марҳамат қилади:
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ» (236-оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».
Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб, талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳали тайин бўлмаганлиги учун бу келинга «мутъа» (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб, кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.
Уламоларимиз: «Мутъа ўз даврларининг ўлчовида берилади: бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош берсин», деганлар.
Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, кўнгиллари таскин топади. Дўст-душманнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас.
Оятда:
«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг», дейиляпти.
Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак, шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом экани:
«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деб яна бир бор таъкидланяпти.
«Маҳри мисл» ўша юртда, ўша замонда бошқа келинларга одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдордаги маҳрдир.
"Бахтиёр оила" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина бозорида бир аъробийдан от сотиб олдилар. Ёнларида пул йўқ эди. Савдолашиб бўлгач, пулни олиб келиш учун шошиб уйларига кетдилар. Аъробийга ортларидан боришни тайинладилар. Аъробий секин юрди. Савдо пишганидан хабари йўқ кишилар аъробийдан отнинг нархини сўрай бошлашди. Улардан бири аъробийга Набий алайҳиссалом бермоқчи бўлган пулдан ортиқроқ пул таклиф қилди. Шунда аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан янги нарх берсалар сотишини, акс ҳолда, бошқа кишига беришини айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Мен сендан отни сотиб олган эдим-ку! – дедилар.
Аъробий айтди:
- Аллоҳга қасамки, мен уни сизга сотганим йўқ! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Мен сендан уни сотиб олдим! - дедилар яна. Атрофга одам тўпланди. Аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:
- Мени отни сизга сотганимга гувоҳингиз борми? Шунда Ҳузайма ибн Собит розияллоху анҳу ўртага отилиб чиқди ва:
- Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отни сендан сотиб олганларига гувоҳман! деди. Аслида, Ҳузайма савдога гувоҳ бўлмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ундан ажабланиб сўрадилар:
- Нима билан гувоҳлик берасан?
Ҳузайма деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни тасдиқлаганим билан гувоҳлик бераман. Самодан хабар келтирганингизни тасдиқлаб, ердаги хабарингизни ёлғонга чиқараманми?!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шунда ўша машҳур гапини айтдилар:
Ҳузайманинг гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенгдир!
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида Қуръон жамланди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳар бир оятни ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан эшитганига иккита гувоҳ келтирсагина ёзиб олар эди. Аҳзоб сурасига етганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган, аммо унутган бир оятни билиб қолди. Бу оятни Ҳузайма келиб унга эслатди. У оят Қуйидаги оят эди:
«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса кутиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар» (Аҳзоб сураси, 23-оят).
Зайд розияллоҳу анҳу: «Ҳузайманинг гувоҳлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, икки кишининг гувоҳлигига ўтади», деди ва бу оятни Мусҳафга киритиб қўйди. Биз бу оятни қиёмат кунигача тиловат қиламиз!
Аллоҳ таоло ҳақларни ҳимоя қилиш учун шартномаларни ёзиб қўйишни амр қилади. Харидорнинг ҳаққини, сотувчининг ҳаққини, қарз берувчининг ҳаққини, қарз олувчининг ҳаққини, ишчининг ҳаққини, иш берувчининг ҳаққини... Аммо шуни билишимиз керакки, гапига жавоб бермайдиган кишини ҳеч қанақасига эплаб бўлмайди. Инсонлар дунё эпчилники деб ўйлашади. Юқоридаги кўпроқ берадиган кишини топган ва савдосини бузган аъробий каби мол жамлаш уни қандай йўл билан топишингиздан қатъи назар даҳоликни талаб қилади деб хаёл қилишади. Инсонлар ҳаром у ёқда турсин, ҳатто ҳалолнинг ҳам куни келиб кетишини унутишади. Қолаверса, барака деган нарса бор. Аллоҳ таоло ёлғон қасам билан, хиёнат билан, ваъдага хилоф қилиш билан топилган молдан баракани тортиб олади. Қолаверса, бундан кейин ўлим, охират ва ҳисоб-китоб деган нарсалар ҳам бор. Унутмайлик!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди