Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Каъб ибн Молик ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўри етказган зарар, бир инсоннинг мол-дунё ва обрў-эътиборга ҳирс қўйиши динига етказган зарарчалик катта бўлмайди" (Термизий ва Аҳмад ривоят қилган).
Ҳадис шарҳи:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматига ҳақиқатни тушунтириш, уларга таълим бериш учун гўзал усул билан мисоллар келтирар эдилар. Ушбу ҳадисда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалам бир мисол келтирдилар. Бу орқали инсоннинг мол-дунё ва обрў-эътиборга бўлган ҳаддан ташқари ҳирс қўйишидан келиб чиқадиган зарарнинг кўламини баён қилганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалам дейдилар: "Қўйиб юборилган икки оч бўри", яъни улар очликдан қийналгани учун эркин қўйиб юборилса, "қўйлар орасига", яъни подага кириб қолса, унда бўриларнинг ҳужуми туфайли қўйлардан фақат жуда оз қисми омон қолади, аксарияти ҳалок бўлади. "Етказган зарарчалик катта бўлмайди", яъни бу зарар бўрилар қўйларга етказадиган зарардан кам эмас, балки унга тенг ёки ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
"Бир инсоннинг мол-дунё ва обрў-эътиборга ҳирс қўйиши динига етказган зарари" яъни инсоннинг мол-дунё ва обрў-эътибор излашга бўлган ҳаддан ташқари ҳирсининг динига етказадиган зарари, оч бўрилар қўйларга етказадиган зарардан ҳам каттароқдир. Чунки мол-дунё ҳирсига берилган киши уни қандай йўл билан топаётганига бепарво бўлиб қолади, ҳалол-ҳаромга ҳам аҳамият бермайди.
Шунингдек, мол-дунёга ҳирс қўйиш машҳурлик ва хўжакўрсинни мақсад қилган кишини шон-шарафга ташна қилиб қўяди. Ёки уни мансаб, обрў-эътиборни исташига олиб келади.
Ушбу ҳадисда мол-дунё ва обрў-эътиборга ҳаддан ташқари ҳирс қўйишдан қаттиқ огоҳлантириш бор. Чунки бу нарса инсоннинг динини барбод қилади.
Ҳадис бизга мол-дунё ва шуҳрат орқасидан қувиш динни қандай хавф остига қўйишини кўрсатади. Инсон бундай синовлардан сақланиши учун қаноатли бўлиши, ҳаромдан тийилиши ва обрў исташни эмас, балки Аллоҳнинг розилигини мақсад қилиши лозим.
Юнус Хўжамов,
Ҳадис илми мактаби талабаси.