Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2025   |   2 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:42
Пешин
12:30
Аср
17:10
Шом
19:11
Хуфтон
20:29
Bismillah
25 Август, 2025, 2 Рабиъул аввал, 1447

17.02.2025   7562   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Умматнинг энг қалби яхшилари

25.08.2025   121   4 min.
Умматнинг энг қалби яхшилари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ بَيْنَ خَالِدِ بْنِ الْوَلِيدِ وَبَيْنَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ شَيْءٌ، فَسَبَّهُ خَالِدٌ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا تَسُبُّوا أَحَدًا مِنْ أَصْحَابِي، فَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَوْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلَا نَصِيفَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. وَلِلتِّرْمِذِيِّ: إِذَا رَأَيْتُمُ الَّذِينَ يَسُبُّونَ أَصْحَابِي فَقُولُوا لَعْنَةُ اللهِ عَلَى شَرِّكُمْ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Холид ибн Валид билан Абдурраҳмон ибн Авфнинг ўртасида бир гап ўтган эди. Бас, Холид уни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саҳобаларимдан бирортасини ҳам сўкманглар! Сизлардан бирингиз Уҳуд мислича олтин нафақа қилса ҳам, улардан бирининг муддича ёки ярим муддичасига ета олмас», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Термизийнинг ривояти:

«Қачон саҳобаларимни сўкаётганларни кўрсангиз, «Сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», денглар», дедилар».

«Мудд» – оғирлик ўлчови.

Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча хулосалар келиб чиқади:

1. Саҳобаи киромларни мутлақо сўкиб бўлмаслиги.

2. Саҳобаи киромларнинг қилган амаллари, жумладан, садақаларининг савоби ҳам кўп мартага зиёда қилиб берилиши.

3. Саҳобаи киромларни сўкиш шарр – ёмонлик эканлиги.

4. Саҳобаи киромларнинг сўкилаётганига гувоҳ бўлиб қолган киши у зотларни ҳимоя қилмоғи лозимлиги.

5. Саҳобаи киромларни сўккан одамларга: «Сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейиш лозимлиги.

Ояти карималар ва ҳадиси шарифлар саҳобаи киромларнинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини, уларни эҳтиром қилиш ва эъзозлаш лозимлигини кўрсатади. Биз, мусулмонлар бу ишни ихлос билан бажармоғимиз лозим. Шу билан бирга, ўзимиз бу улуғ инсонларнинг ҳеч бирларини сўкишга журъат қилмаслигимиз, баъзи бир ушбу нобакорликни қиладиганлар чиқиб қолгудек бўлса, уларни бу ишдан қайтаришимиз керак бўлади.

Энди саҳобаи киромлар ҳақида асар бўлиб қолган баъзи бир фикрларни ҳам ўрганайлик.

Абу Нуъайм «Ҳилятул авлиё»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қуйидаги гапларини келтиради:

«Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ихтиёр қилди ва у зотни Ўз рисоласи ила юбориб, Ўз илми ила танлаб олди. Сўнгра у зотдан кейинги одамларнинг қалбларига назар солди ва у зотнинг саҳобаларини танлаб олди. Бас, уларни Ўз динининг ёрдамчилари ва Набийсининг вазирлари қилди».

Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Ким бировнинг суннатини оладиган бўлса, вафот этган кишининг суннатини олсин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу умматнинг энг қалби яхшилари, энг илми чуқурлари ва энг такаллуфи озлари эдилар. Улар Аллоҳ таоло томонидан У Зотнинг Набийсига саҳоба бўлиш учун ва У Зотнинг динини нақл қилиш учун танлаб олинган қавм эдилар. Бас, уларнинг ахлоқлари ва тутган йўлларига ўхшашга урининглар. Каъбанинг Роббиси бўлган Аллоҳ ила қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мустақим ҳидоятда эдилар».

Саҳобаи киромларни эҳтиром қилиш ва уларга нисбатан беодоблик қилмаслик ҳақидаги шунча таълимотларга қарамасдан, кейинчалик баъзи бир томонлар у буюк зотларга нисбатан беодоблик қилишга ўтдилар. Орада кўплаб тортишувлар бўлди. Ниҳоят, «Аҳли Сунна ва жамоа» ақийдавий мазҳабининг уламолари саҳобаи киромларга нисбатан мўмин мусулмонлар қандай муносабатда бўлишлари кераклиги ҳақидаги гапларни ақийда китобларига битиб қўйдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Мақолалар