Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ الزُّرَقِيِّ، أَنَّ أَبَاهُ أَخْبَرَهُ قَالَ: كُنْتُ جَالِسًا فِي مَسْجِدِ الْمَدِينَةِ مَعَ عَمْرِو بْنِ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ، فَمَرَّ بِنَا عَبْدُ اللهِ بْنِ سَلَامٍ مُتَّكِئًا عَلَى ابْنِ أَخِيهِ، فَبَعُدَ عَنِ الْمَجْلِسِ ثُمَّ عَطَفَ، فَرَجَعَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ: مَاشِئْتَ عَمْرَو بْنَ عُثْمَانَ؟ - مَرَّتَيْنِ أَوْ ثَلَاثًا - فَوَالَّذِي بَعَثَ مُحَمَّدًا بِالْحَقِّ إِنَّ لَفِي كِتَابِ اللهِ - أَوْ قَالَ: فِي بَعْضِ كُتُبِ اللهِ أَوْ نَحْوِهِ، قَالَ الْحُسَيْنُ: أَنَا أَشُكُّ - لَا تَقْطَعْ مَنْ كَانَ يَصِلُ أَبَاكَ فَيَطْفَأَ بِذَلِكَ نُورُكَ.
Саъд ибн Убода Зуроқий отасидан ривоят қилади:
«Мадинанинг масжидида Амр ибн Усмон ибн Аффон билан ўтирган эдим. Абдуллоҳ ибн Салом жиянига суяниб ўтиб қолди. Мажлисдан бир оз узоқлашди-да, кейин бурилди. Уларнинг олдига қайтиб келиб, Амр ибн Усмонга: «Нима демоқчисан?» деб икки-уч марта айтди. (Кейин шундай деди):
«Муҳаммадни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Аллоҳнинг Китобида – ёки «Аллоҳнинг китобларидан баъзисида», ёки шунга ўхшаш гап айтди. Ҳусайн: «Менинг эсимдан чиқиб қолди», деган – отангга алоқаси бор одамдан ҳеч алоқангни узмагин. Яна ўша ила нуринг ўчиб қолмасин», дейилган».
Шарҳ: Демак, ота вафот этиб кетса-ю, отанинг дўстлари, яхши кўрган кишилари, эҳтиром қилиб юрган одамлари бўлса, улардан алоқани узмаслик лозим. Улар билан яхши бир муомалада бўлиб, қўлидан келган яхшилигини қилиб, дуоларини олиш, отасига кўрсатадиган ҳурмат-эҳтиромни уларга кўрсатиб юриш керак.
Отам ўлди, деб унинг дўстларини унутиб юборган кишининг нури ўчиб қолар экан. Бу ниҳоятда оғир бир мусибат бўлар экан.
عَنْ عِكْرِمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْحَارِثِ بْنِ هِشَامٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «وُدُّكَ وُدُّ أَبِيكَ، لَا تَقْطَعْ مَنْ كَانَ يَصِلُهُ أَبُوكَ فَيَطْفَأَ بِذَلِكَ نُورُكَ».
Икрима ибн Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отангнинг дўсти сенинг дўстингдир. Отанг алоқа қилган шахсдан алоқангни узма, яна нуринг ўчиб қолмасин», дедилар».
Шарҳ: Яъни «Отангнинг дўсти сен ҳам дўст тутишинг керак бўлган кишидир. Отанг билан алоқада бўлган кишидан алоқангни узмагин. Мабодо алоқани узадиган бўлсанг, нуринг ўчиб қолади».
Демак, фарзанд отага қилаётган яхшилигини унинг вафотидан кейин ҳам давом эттирай деган ниятда бўлса, ота-онасига дўст-дугона бўлган кишиларнинг ҳурматини қилиб, уларни отасининг ўрнида кўрса, ота-онасининг ортидан яхшилик қилганнинг ўрнига ўтар экан.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қатода ибн Диъома[1] исмли олим ҳикоя қилади: “Басра шаҳрида Утба ибн Абон исмли зоҳид, тақводор, маҳзунликда Ҳасан Басрийга ўхшаган, доим рўза тутадиган киши яшаб ўтган бўлиб, унинг Мисвар исмли кекса бир қўшниси бор эди. Қўрқуви қаттиқлигидан Қуръонни тинглашга бардоши етмасди. Агар унинг олдида Қуръондан бир-икки оят ўқилса, қаттиқ қичқириб, бир неча кун ақлини йўқотгандек юрарди. Бир куни унинг ёнига Хасъам қабиласидан бир киши келди. Ёнига ўтиргач, Қуръони каримдаги:
يَوْمَ نَحْشُرُ الْمُتَّقِينَ إِلَى الرَّحْمَنِ وَفْداً
“Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда”
وَنَسُوقُ الْمُجْرِمِينَ إِلَى جَهَنَّمَ وِرْداً
“Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз” (Марям сураси, 85-86-оятлар) оятларини ўқиди. Буни эшитган қария “Мен жиноятчиман. Тақводорлардан эмасман. Эй қори, ҳозир ўқиган оятларни яна ўқи!” деди. Бояги киши оятларни яна ўқиди. Қария баланд овозда бақириб, “Оҳ!” деди-ю, омонатни топширди”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобидан олинди
[1] Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Қатода ҳақида “Қуръон тафсири ва уламоларнинг турфа хил қарашларининг билимдони эди” деганлар.