Шу ўринда бир ибратли ривоятни келтириш мақсадга мувофиқдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ етук фақиҳ, муҳаддис ва Аллоҳнинг дўсти эди. Аллоҳ таоло унга олий мартаба ато қилган эди. Вафот этгандан кейин бир киши тушида у зотдан: “Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?” деб сўради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таоло мени мағфират қилди, фазлига олиб, улкан марҳамат кўрсатди. Лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб бўлмади”, деди.
Киши уйқудан уйғонди, дилида темирчининг кимлиги ва қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Муборакка насиб қилмаган нарса унга берилганини ўйлаб, унинг маҳалласига борди.
Суриштириб, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг темирчи қўшниси борлигини, у ҳам ўша кунда вафот этганини аниқлади. Бориб, темирчининг хотинидан: “Эрингиз нима қилар эди?” деб сўради ва тушида кўрганларини айтиб берди.
Аёл: «Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига ҳаваси келиб, ҳасрат қилиб: “Биз ҳам кенгчиликда бўлганимизда туни билан таҳажжуд ўқир эдим”, дер эди. Яна у ишлаётганида қулоғига азон товуши кирса, мабодо болғасини тепага кўтарган бўлса, шуни уриб қўяйин, демасди. Ўша заҳоти болғасини пастга тушириб: “Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди”, деб масжидга кетар эди», деди.
Темирчи ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи даражадаги фарз билан иккинчи даражадаги фарз рўбарў келди. Биринчи даражадагисини устун қўйди ва Аллоҳ буюк муҳаддисларга бермаган мақомга эришди.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан
Ҳар йили 21 октябрь куни юртимизда она тилимизнинг байрами катта шодиёна билан нишонланади. Бу сана биз учун нафақат миллий ўзликни англаш, балки Парвардигоримиз томонидан инъом этилган улуғ неъмат, сўзлаш иқтидори ҳақида тафаккур қилишга чорлов фурсатидир.
Аллоҳ таоло Рум сурасининг 22-оятида: "Осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят-аломатларидандир", деб марҳамат қилади. Ушбу илоҳий ҳикматдан кўринадики, инсонларнинг турли тилларда сўзлашиши ва ҳар бир халқнинг ўз она тилига эга бўлиши Яратганнинг инсониятга берган бебаҳо бойлигидир.
Асрлар давомида Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб алломаларимиз ўзбек тили ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарлари орқали туркий тилнинг нақадар бой ва балоғатли эканини исботлаб, унда илоҳий ишқ, гўзал ахлоқ ва маърифатни бетакрор тарзда тараннум этганлар.
Қолаверса, она тилимизда битилган ё ўзбекчага ўгирилган минглаб диний-маърифий, ахлоқий манбалар халқимизнинг иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Динимиз сўзга ўта масъулиятли бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин", деб огоҳлантирганлар.
Она тилимизни асраб-авайлаш фақатгина унинг луғат бойлигини сақлаш эмас, балки тилни беадаб сўзлардан, ғийбат ва ёлғондан пок тутиш, ундан хайрли ва маърифий ишларда фойдаланиш билан бўлади.
Демак, бизнинг она тилимиз ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати. Бу омонатни асраш, уни келажак авлодга соф ва гўзал ҳолда етказиш, фарзандларимизга она тилимизда эзгулик ва покликни ўргатиш инсоний бурчимиздир. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, она тилимизни ҳамиша бой ва жарангдор айласин!
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ