Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рўзанинг фалсафаси – Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ
Рўза ибодати фақат моддий ҳаётни истайдиган кишилар учун ёт ёки инкор этиладиган ибодатдир. Чунки бундай кишилар фақат тананинг эҳтиёжиларини тан оладилар, руҳиятни эътиборга олмайдилар. Фақат дунё ҳаётига ишонадилар ва охират кунига эътибор қаратмайдилар. Шунинг учун ҳам бундай кишилар шаҳвоний истакларни чеклайдиган, оз муддат бўлса ҳам нафсни тарбиялайдиган ибодатни ёқтирмайдилар.
Баъзи одамлар фақат даромадни кўпайтириш ва турмуш даражасини ошириш ҳақида ўйлайди, аммо бундан покроқ ҳаёт кечириш учун восита сифатида фойдаланишга аҳамият бермайди.
Овқат инсон организми учун иккита асосий вазифани бажаради.
Биринчиси – тананинг ҳаракатланишига ёрдам берадиган иссиқлик билан таъминлаш.
Иккинчиси – тананинг эскирган ҳужайраларини янгилаш ва ўсишини таъминлайди.
Диетолог олимларнинг айтишича, инсон танаси кунлик фаолиятини таъминлаш учун маълум миқдорда калория талаб қилади. Лекин амалдачи? Агар инсонга 100 калория керак бўлса, у камида 300 калория истеъмол қилади, ҳатто баъзан 1000 калориягача етиши мумкин!
Овқат – инсон учун ёқилғи. У танани қувватлантириш учун зарур. Автомобил ёки бошқа техника билан инсон организмининг фарқи шундаки, машинанинг ёқилғи баки аниқ бир миқдорни сиғдира олади ва ҳаддан ташқари тўлиш имконияти йўқ. Аммо инсон ошқозони кенгайиш қобилиятига эга ва керагидан кўп ейилса ҳам сиғаверади.
Автомобил ёқилғи билан таъминланганда, у бакдаги сўнгги томчисигача ишлатади. Лекин инсоннинг ошқозони керакли миқдорни қабул қилгандан сўнг, ортиқча қисмни ёғ шаклида тўплайди, бу эса вазн ортишига сабаб бўлади. Агар машинада ортиқча ёқилғи тўпланиши мумкин бўлганида, у танага пластик моддалар қўшиш ёки ғилдиракларни катталаштириш каби тасаввур қилиб бўлмайдиган натижаларга олиб келган бўлар эди!
Инсон ажабланарли мавжужотдир, у ҳар доим етарли миқдордан кўпроқ нарсага интилади. Баъзан у ўз танасига зарар етказадиган нарсага эришиш учун ҳатто уришишгача боради. Қўлидаги ортиқча ресурсни муҳтож кишиларга ёрдам бериш ёки камбағалларга озиқ-овқат сифатида тарқатиш ўрнига, ўзи учун захира қилиб тўплайди.
Бир куни мен кўп тамаки чекишни яхши кўрадиган бир дўстим билан учрашдим. Уни афсус билан кузатиб турдим ва Аллоҳдан уни бу иллатдан халос қилишини сўрадим. У эса кулган ҳолда: "Аллоҳ дуойингизни қабул қилмасин, мен сигаретнинг лаззатидан маҳрум бўлишни истамайман", деди.
Бу сўзлар мени жуда ҳайратлантирди. Чунки инсон – ўзига зарар етаётганини билган ҳолда ҳам, ўз зарарига ҳаракат қиладиган ягона мавжудотдир!
Рўза тутишнинг асосий тарбиявий мақсади – инсонни керакли миқдор билан кифояланишга ўргатиш ва уни ортиқча истеъмол қилишдан тийишдир. Лекин кўпчилик бу маънода рўза тутмайди, балки кундузи ўзини тийиб, ифтор вақтида кўпроқ овқат ейиш билан бу одатни бузиб қўяди.
Рўзанинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири – у инсонни турли қийинчиликларга чидамли қилишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб уйларида озиқ-овқат бор-йўқлигини сўрар эдилар. Агар йўқ дейилса, у ҳолда "Мен бугун рўза тутишни ният қиламан" дер эдилар ва кунларини одатдагидек ўтказар эдилар.
У зот ҳеч қачон очликдан шикоят қилмасдилар. Чунки Аллоҳга бўлган ишончлари комил эди: "Албатта, ҳар бир қийинчиликдан кейин енгиллик келади" (Иншироҳ сураси, 5-6).
Бутун жамият ҳам худди шундай руҳий қудратга эга бўлса, муаммоларга юзланганида енгил ва хотиржам қолиши мумкин. Жамият ҳаётида баъзан қаттиқ қийинчиликлар рўй беради: ҳосил камайиб кетади, иқтисодий инқироз юзага келади, одамлар оч қолишади. Улар бу ҳолатни норозилик билан қарши оладилар ва сабр қилишга мажбур бўладилар.
Лекин рўза тутиш мажбурий очлик эмас! У мусулмон кишининг ўз хоҳиши билан Аллоҳга яқинлашиш йўлидир. Инсон Аллоҳ учун оч қолади, шаҳватларини тияди, сабри эвазига ажр умид қилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Кимки Рамазон рўзасини иймон ва ихлос билан тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади".
Бу ҳадисдаги "иймон ва ихлос" сўзлари катта маънога эга. Бу дегани, киши қилган амалининг мукофотини дарҳол олмайди, балки уни Аллоҳнинг ҳузуридаги захиралар қаторида сақлайди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қачонки, Аллоҳнинг ёрдами ва ғалабаси келса” ояти нозил бўлганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлдилар.
Пайшанба куни у зот алайҳиссалом бошларини боғич билан боғлаб, одамларнинг олдига чиқдилар. Сўнгра минбарга чиқиб, ўтирдилар. Ранглари сарғайган, кўзлари ёшланиб турган эди. Кейин Билолни чақириб, Мадинада: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига тўпланинглар. Зеро, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сизларга охирги васиятлари» деб нидо қилишга буюрдилар.
Билол розияллоҳу анҳу одамларни чақирди, каттаю кичик – ҳамма тўпланди. Уйларнинг эшиклари очиқлигича қолди, бозорлар ҳам ўз ҳолига ташлаб келинди. Ҳатто бокира қизлар ҳам парда ортидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларини эшитиш учун чиқиб келдилар. Масжид йиғилганлар учун торлик қилиб қолди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Орқадагиларни ҳам сиғдиринглар”, дедилар. Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаб: “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дедилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, пайғамбарларга, жумладан ўзларига ҳам саловот йўлладилар. Кейин узун хутба ўқидилар, жумладан бундай дедилар:
«Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларни қиёматда катта бир тепаликка тўплайди. У кун оғир кундир. “У кунда молу-давлат ва бола-чақа фойда бермас”. Етказдимми? Эй одамлар! Тилларингизни сақланглар, кўзларингизни йиғлатинглар, қалбларингизни бўйсундиринглар, баданларингизни чарчатинглар, душманларингизга қарши курашинглар, масжидларингизни обод қилинглар, иймонингизда ихлосли бўлинглар. Биродарларингизга хайрихоҳ бўлинглар, ўзингиз учун охиратга яхши амал қилиб жўнатинглар, фаржларингизни сақланглар, молларингиздан садақа беринглар. Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, яхшиликларингиз кетиб қолади. Бир-бирингизни ғийбат қилманглар, ҳалок бўласизлар. Етказдимми?»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки бир мўминнинг айбини яширса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг айбини яширади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким одамларнинг (бир ривоятда: мусулмонларнинг) обрўсидан тилини тийса, қиёмат куни Аллоҳ унинг тойилишини (хатосини) кечиради”.
Бир мусулмоннинг обрўсини тўкмай, яхшилик қилгани сабабидан Аллоҳ таоло ҳам уни кечирим деб аталмиш улкан яхшилик билан мукофотлайди.
Ёрқинжон қори ФОЗИЛОВ