Кунлик сув истеъмоли инсон учун 2 литрни ташкил қилади. Ифторликдан саҳарликкача шу сувни ичишга интилинг. Ифторликда бир пиёла сувга асал қўшиб истеъмол қилинг.
Саҳарлик пайтида газли ичимликлар, консерва, қаттиқ қовурилган таомларни тановул қилмаслик, аччиқ ва шўр маҳсулотлар ҳамда хоним каби хамирли таомларни чеклашга интилганингиз маъқул.
Саҳарлик дастурхони оқсил ва углеводларга бой таомлардан иборат бўлиши керак. Маълумки, гўшт маҳсулотлари 16 соат давомида ҳазм бўлади.
Қайнатилган тухум ва сут маҳсулотлари қоринни тўқ тутиш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам айрим инсонлар саҳарликда қаймоқ ейишни афзал билишади.
Хурмо тановули эса организмга қувват бағишлайди, сабаби бу мева таркибида углевод, клетчаткалар, калий ва магний моддалари бисёр.
Шифокор Зуҳриддин Баҳриддинов
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати