Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Март, 2025   |   6 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:32
Қуёш
06:50
Пешин
12:39
Аср
16:34
Шом
18:22
Хуфтон
19:35
Bismillah
06 Март, 2025, 6 Рамазон, 1446
Мақолалар

Рўзанинг 8 ҳикмати

28.02.2025   8009   2 min.
Рўзанинг 8 ҳикмати

1. Ихлос ва тақво

Рўза – Аллоҳ учун қилинган ибодатдир. Унда риё ва намойишкорлик бўлмайди, чунки рўза тутган одамни фақат Аллоҳ билади. Қуръонда бундай дейилган: Эй иймон келтирганлар! Сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақволи бўлсангиз! (Бақара, 183).

 

2. Сабр ва ирода кучини мустаҳкамлаш

Рўза инсонни нафсига қарши мустаҳкам қилиб, унинг иродасини кучайтиради. Очлик ва чанқоққа сабр қилиш орқали киши ҳаётдаги бошқа синовларга ҳам чидамли бўлади.

 

3. Шукр ва қадриятни англаш

Инсон одатда неъматларнинг қадрини уни йўқотганда билади. Рўза тутиш орқали киши таом, сув ва бошқа неъматларнинг аҳамиятини ҳис қилади ва Аллоҳга шукр қилишни ўрганади.

 

4. Ҳақиқий бойлик тақвода эканини тушуниш

Рўза тутган одам, хоҳ у бой ёки камбағал бўлсин, бир хил аҳволга тушади. Бу эса инсонга моддий бойликдан кўра маънавий бойлик муҳимроқ эканини кўрсатади.

 

5. Соғлиқ ва тиббий фойдалари

Рўза организмни тозалайди, ҳазм тизимини дам олдириб, турли касалликлардан ҳимоя қилади. Илмий тадқиқотлар рўзанинг токсинларни йўқотишга ва метаболизмни яхшилашга ёрдам беришини кўрсатган.

 

6. Рўза ва ижтимоий бирдамлик

Камбағаллар ва муҳтожларнинг аҳволини ҳис қилиш орқали инсонда меҳр-оқибат, хайрия ва закот бериш ҳисси уйғонади. Бу жамиятда ҳамдардлик ва бирдамликни мустаҳкамлайди.

 

7. Дуоларнинг қабул бўлиши

Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди, чунки у Аллоҳ учун сабр қилиб, унинг розилигини истаган ҳолда ибодат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Учта одамнинг дуоси рад этилмайди: рўзадорнинг ифтор вақтидаги дуоси, одил подшоҳнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси (Имом Термизий ривояти).

 

8. Руҳий покланиш

Рўза нафақат жисмоний, балки руҳий покланишдир. У инсонни гуноҳлардан тийишга, яхши хулқ-атворга, гуноҳ ва ёмонликлардан узоқлашишга ўргатади.

Рўза инсон ҳаётининг барча жабҳаларига ижобий таъсир кўрсатувчи улкан ибодатдир. У нафақат савобли амал, балки инсонни маънавий ва жисмоний жиҳатдан юксалтирувчи буюк ҳикматдир.

Аллоҳ барчамизга рўзанинг ҳақиқий ҳикматларини англаб, уни чуқур ҳис қилишни насиб этсин!

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Саҳарликнинг охирги вақти қачон?

5.03.2025   1493   2 min.
Саҳарликнинг охирги вақти қачон?

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Савол: Саҳарлик қилиш қандай амал?

Жавоб: Саҳарлик қилиш мустаҳаб амалдир. Саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмасдан рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади. Рамазон рўзаси бўлса ҳам, нафл рўза бўлса ҳам.


Савол: Билмай субҳи содиқдан кейин таомланса, рўза дуруст бўлаверадими?

Жавоб: Йўқ, дуруст бўлмайди. Рўза субҳи содиқдан қуёш ботгунча Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида еб-ичиш ва жимоъ қилишни тарк қилишдир. Киши ҳали субҳи содиқ кирмади, деган ўйда саҳарлик қилсаю, субҳи содиқ кириб бўлган бўлса ёки қуёш ботиб бўлди, деган хаёлда ифторлик қилиб юборсаю, қуёш ҳали ботмаган бўлса, унинг зиммасига ўша кун рўзасининг қазоси лозим бўлади, каффорат эмас.


Савол: Саҳарликнинг охирги вақти қачон?

Жавоб: Субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Иккисининг ўртасини ажратиб турадиган учинчи бир вақт йўқ. Саҳарлик ўз вақтида бўлгани афзал. Лекин субҳи содиқ кирган-кирмагани борасида иккиланадиган даражада кечиктириш макруҳ.


Савол: Халқ орасида юрадиган «оқ ип билан қора ип ажрамагунча», «кесак отса кўринмагунча саҳарлик қилса бўлади» деган гаплар тўғрими?

Жавоб: Ояти каримада саҳарлик борасида келган «оқ ип билан қора ип» жумласида одамлар ўйлаганидек ҳақиқий оқ ва қора иплар эмас, балки «кун билан тун» назарда тутилган. Бир саҳобий бу ҳақда сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги оқ ва қора ипдан мурод ҳақиқий оқ ва қора ип эмас, балки кун билан тун эканини айтганлар.

Кесак отса кўриниш-кўринмаслиги туннинг ёруғ ёки қоронғулигига боғлиқ. Лекин ҳозирги кундагидек барча жойда электр чироқлар, соатлар мавжуд замонда субҳи содиқ кирган-кирмаганини бу каби йўллар билан аниқлаш тўғри натижа бермайди.

«Мўминнинг қалқони» китобидан