Кеча, Рамазоннинг 11 куни (11 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчилигида пойтахтимиз туманлари бош имомлари ҳамда Олмазор тумани имомлари туманидаги «Исломобод» жоме масжидида йиғилдилар.
Абдуқаҳҳор домла дастлаб Рамазонда амалга оширилаётган саховат тадбирлари ҳақида имомларнинг сўзларини тинглади.
Сўнгра тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон парваришланаётган оилаларга бориб, уларга зарур озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, ўтган йили юртимизда Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Чокардиза қабристони ҳудудидаги мажмуани қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган эди.
Умумий майдони 10,2 гектар бўлган ҳудудда зиёратчилар учун янги масжид барпо этилди. Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний мақбаралари тўлиқ реконструкция қилинди. Мажмуа таркибида аллома меросини чуқур ўрганишга мўлжалланган илмий марказ, кутубхона ва музей ташкил этилди.
Президентимиз ушбу илм масканларининг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Бундай илм ўчоқларини ташкил этишдан мақсадимиз – буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва ёшларимизга етказиш. Бизга бугун бу илм жуда керак. Бу ерда қанча ёшларимиз Мотуридий бобомизнинг минг йил олдин ёзган асарларини ўрганади. У зот минг йил олдин ҳар бир масалани чуқур илм ва аниқ далиллар билан асослаб, одамларни жаҳолатдан огоҳлантирганлар. Ушбу асарларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёшларимизга етказиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Зиёратгоҳнинг кириш қисмида пештоқ, ташриф буюрувчилар учун меҳмонхоналар ва автотураргоҳ барпо этилди. Мажмуа ҳудудига маҳаллий ҳамда юртимиз иқлимига мос хорижий дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Алломалар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбари мажмуага келган инсон Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий мероси ва ислом оламидаги ўрни ҳақида тасаввурга эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
– Бундай буюк қадамжоларни обод қилиш замирида катта маънавият, маърифат, таълим ва илм бор. Одамлар бу ерга келиб, нафақат зиёрат қилсин, балки билим олсин, ўзлигини англасин, – деди Президентимиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати