ИНСОННИНГ ИШИ ЮРИШМАСЛИГИНИ
энг КАТТА 33 та САБАБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик!» (Аҳқоф сураси 46/15 оят);
Z «Биз инсонга ота-онасини рози қилишни буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юрди. Уни кўкракдан ажратиш муддати икки йилда битар. Биз инсонга буюрдикки “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон сураси 31/14 оят);
Z «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Эй, инсон! Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва дуода айт: “Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси 17/23-24);
Z «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир» (Бақара сураси 2/215 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ “Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:
– менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
– Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
– ота-онаси тирик бўла туриб, уларни хурсанд қилмаган”;
¯ “Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади”;
¯ “Кимни умри узун ва ризқи кенг бўлиши хурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин!” (Имом Аҳмад ривоятлари).
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
è «Ота-она рози – Худо рози!».
è «Яхши ўғил ота молини бийлар,
Ёмон ўғил ота молини сочар».
è «Яхшига қилсанг яхшилик –
Ҳам айтади, ҳам қайтади.
Ёмонга қилсанг яхшилик –
На айтади, на қайтади».
ИНСОННИНГ ИШИ ЮРИШМАСЛИГИ,
БАРАКАСИ БЎЛМАСЛИГИ,
БИРИ ИККИ БЎЛМАСЛИГИ ва
МУҲТОЖ, ҚАШШОҚ, КАМБАҒАЛ БЎЛИШЛИГИ га
ОТА-ОНАСИ билан БОҒЛИҚ энг КАТТА 33 та САБАБ:
1) ОТА-ОНАНИНГ ҳақларига дуо қилмаслик.
2) ОТА-ОНАНИ беҳурмат қилишлик.
3) ОТА-ОНАНИ кўнгилларини оғритишлик.
4) ОТА-ОНАНИНГ хизматларини қилмаслик.
5) ОТА-ОНАНИНГ дуоларини олмаслик.
6) ОТА-ОНАГА оқ бўлишлик.
7) ОТА-ОНАНИНГ номларини айтиб чақиришлик.
8) ОТА-ОНАГА итоатсизлик.
9) ОТА-ОНАНИ беписанд қилишлик.
10) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) ни ҳурматларини жойига қўймаслик.
11) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) га нисбатан беодоблик қилишлик.
12) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) олдиларидан кесиб ўтишлик.
13) Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) нинг олдиларига тушиб юришлик.
14) Ака-ука, опа-сингиллар билан бемеҳр бўлишлик.
15) Қавм-қариндошлар билан яхши муносабатда бўлмаслик.
16) Қўни-қўшнилар билан чиройли муомала қилмаслик.
17) Ўтганларнинг ҳақларига дуо қилмаслик.
18) Озига шукр қилмаслик.
19) Бир инсонни хафа қилишлик.
20) Олим-уламоларни хўрлашлик.
21) Худо берган неъматларни увол-исроф қилишлик.
22) Ахлоқсизлик.
23) Илмсизлик.
24) Турар жой (яшайдиган уй, ишхона) ларни озода тутмаслик.
25) Кийим кечак (либос, бош кийим, оёқ кийим) ларни покиза тутмаслик.
26) Аҳли аёли билан жанжаллашишлик.
27) Бир кишидан қарздор бўлишлик.
28) Меҳмонга ҳақорат ила қарашлик.
29) Беҳаёлик.
30) Бесабрлик.
31) Дангасалик.
32) Ҳайвон, парранда, ҳашарот ва наботот оламига зулм қилишлик.
33) Ёлғон гапиришлик.
Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Робиъа ибн Каъб розияллоҳу анҳу Aллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашган кунини бундай ҳикоя қилади:
«Қалбим иймон нури билан чароғон бўлганида ёшгина йигитча эдим. Илк марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришга мушарраф бўлганимдаёқ у зотни жуда қаттиқ яхши кўриб қолдим, бутун фикр-зикримни Aллоҳнинг Пайғамбарига бўлган муҳаббат эгаллаб олди.
Бир куни хаёлимга бундай фикр келиб қолди: «Эй Робиъа, Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматларига бормайсанми? Aгар таклифингни қабул қилсалар, ҳамиша ёнларида юриб, суҳбатларидан баҳраманд бўлардинг, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритардинг». Шу заҳоти умид билан Фахри коинот ҳузурларига бордим, хизматларини қилмоқчилигимни айтдим. У зот умидимни йўққа чиқармадилар, ходимликка олдилар.
Шу кундан бошлаб Ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломдан бир қадам ҳам узоққа кетмадим, қаерга борсалар, ҳамроҳ бўлдим. Нигоҳлари тушиши билан ҳузурларига чопиб бораман. Бирор нарсага эҳтиёжлари бўлса, бажаришга шошаман. Кун бўйи бирга бўлиб, хизматларини қиламан. Хуфтон намозидан сўнг уйларига кириб кетганларида мен ҳам қайтмоқчи бўлардим, аммо бир фикр кетишдан тўсиб турарди: «Қаёққа борасан? Мабодо тунда Расули акрамнинг ишлари чиқиб қолса-чи?» деб ўйлаб, эшик ёнида тонг оттирар эдим».
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ажойиб одатлари бор эди: бир яхшилик қилган кишига унинг яхшилигини ўн чандон қилиб қайтарар эдилар. У зот менинг хизматларимни ҳам тақдирламоқчи бўлиб, ҳузурларига чорладилар. Борсам, у зот:
– Робиъа, мендан бирор нарса сўра, – дедилар.
Мен нима сўрашни билмай ўйланиб қолдим:
– Ё Aллоҳнинг Расули, менга бироз муҳлат беринг, олдин ўйлаб олай, кейин нима кераклигини айтаман.
У зот маъқулладилар.
Ўшанда на оилам, на мол-дунёим, на уй-жойим бор эди. Ўзимга ўхшаган фақир мусулмонлар қатори масжиднинг супасида кун кечирар эдим. Одамлар бизни «Ислом меҳмонлари», «аҳли суффа» деб аташарди. Ким Пайғамбар алайҳиссаломга садақа-эҳсон олиб келса, ҳаммасини бизга юборардилар, кимдан ҳадя олсалар, арзимаган қисмини олиб қолиб, қолганини «Ислом меҳмонлари»га тарқатар эдилар.
Ўйлай-ўйлай, «Пайғамбар алайҳиссаломдан мол-дунё сўрасаммикин, қашшоқликдан қутулиб, бошқаларга ўхшаб, ҳовли-жой, бола-чақа қилардим», деган хаёлга ҳам бордим. Aммо бу фикримдан дарров қайтдим: «Нималар деяпсан, Каъбнинг ўғли? Мол-дунё ўткинчи нарса. Aллоҳ азза ва жалла ризқингни бериб қўйибди, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам келаверади. Расули акрам Парвардигоримиз ҳузурида шундай мақомга эгаларки, нима сўрасалар, рад этилмайди. Шундан фойдаланиб, Aллоҳдан охират яхшилигини сўрамайсанми?»
Бу фикрдан кўнглим равшан тортди. Хушнуд ҳолатда Сарвари олам жанобимизнинг олдиларига бордим.
– Хўш, нима дейсан Робиъа? – дедилар у зот.
– Ё Aллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Aллоҳ мени жаннатда сизга йўлдош қилсин, – дедим.
– Буни сенга ким ўргатди? – деб сўрадилар.
– Ҳеч ким. Аввал бойлик сўрамоқчи ҳам бўлдим, аммо ўткинчи яхшиликдан абадий неъматни афзал билиб, сиз билан жаннатда бирга бўлишни сўрашни Aллоҳ дилимга солди.
Расули акрам узоқ вақт сукут қилиб қолдилар. Кейин:
– Балки бошқа бирор нарса сўрарсан? – дедилар.
– Йўқ, – дедим қатъий, – менга бошқа нарсанинг кераги йўқ!
– У ҳолда менинг дуоим қабул бўлиши, сенинг талабинг ҳосил бўлиши учун кўп сажда қилгин, – дедилар Сарвари олам.
Шундан кейин янада кўпроқ ғайрат билан ибодат қиладиган бўлдим. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломга дунёда ходим ва суҳбатдош бўлганим каби, охиратда ҳам ҳамроҳликка эришиш иштиёқида эдим».
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси