Тошкент ислом институтининг 3-курс қорияси Робияхон Музаффархонова 30 пора Қуръони каримни бир кунда, 12 соат давомида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Робия Нажмиддинова ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб боришди.
Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари номзоди Уйғун домла Ғофуров мазкур натижани эътироф этиб, устозларга ғайрат ва шижоат тилади. Қуръони каримни 12 соатда ёддан ўқиб хатм қилган Робияхон Музаффархонова ноутбук ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, “Қуръон илмлари” кафедраси устозларининг меҳнати натижасида Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ёддан ўқиб бериш анъанага айланди. Бугунга қадар бундай ютуққа эришган қория талабалар сони 12 нафарга етди.
Шу вақтгача ушбу натижага Гулруҳ Кенжабек қизи, Робия Нажмиддинова, Фотима Абдуллаева, Ҳавасхон Акбарова, Назокат Сайдиллаева, Ҳуснора Мираҳмадова, Мухлиса Муҳамматханова, Хадича Қурбонова, Муҳсина Орифжонова, Амина Хўжаёр, Руқайя Юсуфий эришган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати