Ҳайитда ота ўғлига оёқ кийим олиб бериш учун бозорга олиб борди. Дўконда ўғли бир оёқ кийим ёққандай бўлди. Шу пайт дўкон ёнидан бир бола нарса сотиб ўтиб қолди. У дўконга мўралаб, сотаётган егулигидан олишга чорларкан, отаси оёқ кийим олиб бераётган болага ҳавасланиб қараб қолди. Ота ўғлининг эътибори тенгдошига тушганини кўрди. Ўғли унинг эскириб кетган кийим-бошига қараб, ачинганини сезди. Боягина ўзига ёққан оёқ кийимни кийиб, шодланган чеҳраси маюслашди.
Ота ўғлидан: “У болани ҳам хурсанд қилмоқчимисан?”, деб сўради. Ўғлининг юз-кўзлари қувончдан порлади: “Отажон! Унга ҳам шу оёқ кийимдан олиб берасизми?” дея отасини қучоқлаб миннатдорлик билдирди. Ота нарса сотиб юрган болани чақирди. Ўғлига олиб берган оёқ кийимдан унга ҳам олиб, кийдирди. Бола олдинига ишонқирамади.
Сўнг хурсанд бўлганидан йиғлаб юборди. Бу саховатли амакига раҳмат айтиб, қўлини ўпмоқчи бўлди. Амаки эса унинг бошини силаб: “Ҳайит муборак бўлсин, болам!” деди. “Сизга ҳам байрам муборак бўлсин, пулларингиз бундан ҳам кўпайсин!” дея тезда жавоб қайтарди бола. Ота зимдан ўғлига қаради. Унинг хурсандлигини кўриб, Аллоҳ таолога шундай салим қалбли фарзанд бергани учун шукроналар айтди. Ўйлаб қараса, у ўғлига ҳайитлик учун бир оёқ кийим олиб берибди. Ўғли эса унга бебаҳо нарсалар – яхшилик қилишнинг ҳузури ва шукроналик туйғусини ҳадя қилибди.
Ҳақиқий ҳайитликни Аллоҳ таоло учовларига ҳам ато этибди.
Яхшилик қилиш бандани жаннатга олиб бориши Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда жуда кўп айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар.
Акбаршоҳ Расулов
Ҳар йили 21 октябрь куни юртимизда она тилимизнинг байрами катта шодиёна билан нишонланади. Бу сана биз учун нафақат миллий ўзликни англаш, балки Парвардигоримиз томонидан инъом этилган улуғ неъмат, сўзлаш иқтидори ҳақида тафаккур қилишга чорлов фурсатидир.
Аллоҳ таоло Рум сурасининг 22-оятида: "Осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят-аломатларидандир", деб марҳамат қилади. Ушбу илоҳий ҳикматдан кўринадики, инсонларнинг турли тилларда сўзлашиши ва ҳар бир халқнинг ўз она тилига эга бўлиши Яратганнинг инсониятга берган бебаҳо бойлигидир.
Асрлар давомида Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб алломаларимиз ўзбек тили ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарлари орқали туркий тилнинг нақадар бой ва балоғатли эканини исботлаб, унда илоҳий ишқ, гўзал ахлоқ ва маърифатни бетакрор тарзда тараннум этганлар.
Қолаверса, она тилимизда битилган ё ўзбекчага ўгирилган минглаб диний-маърифий, ахлоқий манбалар халқимизнинг иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Динимиз сўзга ўта масъулиятли бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин", деб огоҳлантирганлар.
Она тилимизни асраб-авайлаш фақатгина унинг луғат бойлигини сақлаш эмас, балки тилни беадаб сўзлардан, ғийбат ва ёлғондан пок тутиш, ундан хайрли ва маърифий ишларда фойдаланиш билан бўлади.
Демак, бизнинг она тилимиз ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати. Бу омонатни асраш, уни келажак авлодга соф ва гўзал ҳолда етказиш, фарзандларимизга она тилимизда эзгулик ва покликни ўргатиш инсоний бурчимиздир. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, она тилимизни ҳамиша бой ва жарангдор айласин!
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ