Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таолонинг биз, бандаларга ато этган неъматлари беҳисоб, уларнинг саноғига етиш ҳам қийин. Аммо Парвардигорнинг бир неъмати ҳам борки, унинг нақадар муҳимлигини ҳар бир мусулмон жуда яхши билади. Бу неъмат инсонларнинг ҳаёт кечириш ва ибодат қилиш вақтларини аниқлаб-белгилашга хизмат қилувчи йил ва ой ҳисобининг жорий этганидир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса, Роббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз” (Исро сураси, 12-оят); “Аллоҳ қуёшни зиё (таратувчи) ва ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун (ойни) манзилларга ўлчаб қўйган Зотдир” (Юнус сураси, 5-оят).
Мусулмон олами Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага кўчишлари, яъни ҳижрат қилишларидан ҳисоби юритилувчи ҳижрий-қамарий тақвимга кўра йил ҳисобини юритади. Ана шу тақвимнинг ўнинчи ойи шавволдир. Маълумки, муборак Рамазон ойи билан хайрлашиб, мана шаввол ойини ҳам бошлаб юбордик. Бу ой динимиздаги фазилатли ойлардан ҳисобланади. Шаввол ойи ҳам зулқаъда ва зулҳижжа ойлари каби ҳаж ибодатини қилиш мавсуми саналади.
Шаввол ойининг фазилатларидан энг муҳими ва эътиборлиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойда олти кун рўза тутишни биз, умматларига суннат қилиб қолдирганлар. Юқорида айтганимиздек, шаввол ойи ҳижрий сананинг ўнинчи ойи ҳисобланади. Бу ойда соғлиғи ва имкони бўлган киши нафл рўзасини тутса, Аллоҳ таоло бу бандасига кўп ажру мукофотларларни беришини ваъда қилган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: “Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ривояти).
Юқоридаги ҳадис Аллоҳ таолонинг оятидаги: “Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” сўзининг изоҳидир. Чунки бир ҳижрий сана деярли 360 кундан иборат. Рамазон рўзаси ўттиз кун бўлиб, бунинг ўн баравари уч юз кунга тўғри келади. Бу ёғига яна олтмиш кун қолади. Агар шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутилса, бу олтмиш кунга тенг бўлиб, бир йил тўлиқ бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деган эканлар (“Ат-Тарғиб ват-тарҳиб” китобидан).
Шаввол ойи рўзасини тутиш борасида бошқача фатволар ҳам мавжуд. Баъзи уламолар: “Узлуксиз олти кун кетма-кет тутиш керак”, дейишган. Аммо “Оламгирия”, “Заҳирия” ва “Хулоса” номли фатво китобларида келтирилишича: “Икки ҳайит кунлари, ташриқ кунлари (қурбон ҳайити арафасидан бошлаб беш кун давомида) нафл рўза тутиш макруҳдир. Рўза ҳайитидан кейин олти кун шаввол ойида рўза тутиш мустаҳаб амаллардандир. Лекин пайдар-пай эмас, балки ҳар ҳафтада икки кундан тутиш лозим бўлади”.
Қолаверса, нафл рўзанинг энг афзали бир кун тутиб, бир кун тутмаслик экани тўғрисидаги фатволар ҳам бор.
Қўшимча қилиб шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, агар бир киши Рамазон рўзасидан айрим кунларни тутолмаган бўлса, аввал унинг қазосини ўтайди, кейин нафлга киришади. Зеро, фарзлар мукаммал бўлмасдан, нафл ибодатларини қилиш мақбул эмасдир.
Рамазон ойидан кейин келадиган шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилишнинг ўзига яраша ҳикмати ва аҳамияти бор. Аввало, динимизда ҳамиша турли нафл ибодатларга, хусусан ҳамиша нафл рўза тутишга тарғиб қилинади. Қолаверса, бутун Рамазон ойи мобайнида рўза тутиб юриб, шавволда бирдан ўзини овқатга уриш ҳам руҳий, ҳам саломатлик жиҳатидан унча тўғри бўлмайди. Табиблар ҳам очликдан чиққан кишиларга овқат истеъмолини аста-секин кўпайтиришни тавсия қилишади.
Шаввол ойи яна Ислом тарихида пайғамбарликнинг ўнинчи йилида тоифликларни Исломга даъват қилиш учун бориб катта машаққат ва хўрликларга учраган ой сифатида ҳам маълумдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Тоиф сафарлари айнан шаввол ойида бўлган эди. Тоиф ҳозирги Саудия Арабистонидаги бир шаҳар бўлиб, у Маккадан 60 мил (115 км.) узоқликда жойлашган. Ислом келганида Тоифда яшовчи Сақиф қабиласи бутпараст бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом тоифликларни Исломга даъват қилиш мақсадида Макка даврининг ўнинчи йили шавволида (милодий 609 йили) Тоифга сафар қиладилар. Шаҳар аҳли ўн кун мобайнида қилинган даъватга қулоқ солмади, аксинча Расулуллоҳ ва у зотнинг шерикларини тошбўрон-ҳақоратлар билан Тоифдан қувиб чиқаради.
Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз мавлолари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳликларида ўзлари гўдакликларида эмизиш, кўксиларини ёриб тозалаш воқеаларини ва шундан кейинги бир муддатни ўтказган Бани Саъд қабиласи ерлари орқали Тоиф томонга кетмоқдалар. Улар шояд Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса, деган умиддалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга етиб борганларидан кейин диёр аҳолиси асосини ташкил қилувчи Сақиф қабиласи аҳёнлари билан учрашдилар. Улар билан мажлис қуриб, Исломга даъват қилдилар. Аммо уларнинг жавоби энг ёмон жавоб бўлди. Улар у зот алайҳиссаломни масхара қилишди. Бу ҳам етмаганидек ўзларининг эси пастлари, қуллари ва бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишга, ортларидан қичқиришга ва тош отишга чорлашди. Тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб, у зот олдиларидан ўтаётганда аёвсиз тошбўрон қилишди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонга, қалблари эса дарду аламга тўлди. Аммо бағри кенг, комил хулқ эгаси бўлмиш Пайғамбар алайҳиссалом шунда ҳам тоифликларни баддуо қилмадилар, имконлари бўлиб кейин ҳам ўч олиб ўтирмадилар. Аксинча тиллари Аллоҳ таолога илтижога-дуога тўлди: «Эй бор Худоё! Ўзингга қувватим заифлигидан, ҳийлам озлигидан, одамлар олдида ожизлигимдан шикоят қилурман! Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси, Сен заифҳолларнинг Парвардигорисан! Сен Парвардигоримсан! Мени кимларга топшириб қўйдинг?! Мени ёқтирмайдиган нотанишларгами?! Ёки ишимни душманга топширдингми?! Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, буларга эътибор бермайман! Фақат Сенинг офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган ҳамда дунё ва охират ишини салоҳиятли қилган юзинг нури ила, менга ғазабинг нозил бўлишидан ва қаҳринг тушишидан паноҳ тилайман. Токи рози бўлгунингча узримни айтаман. Фақат Аллоҳдагина имкон ва қувват бордир».
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу дуоларини дарҳол қабул қилди. Шу ондан ишлар аста-секин юриша бошлади. Шунда Аллоҳ таоло у зотнинг ҳузурларига тоғ фариштасини юборди. У келиб, икки тоғни бир-бирига уриштириш билан Тоиф аҳлини ҳалок қилиб юборишга изн сўради.
Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бу ишга изн бермадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам тоғ фариштасига: “Уларнинг пушти камаридан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган одамлар чиқишини умид қиламан”, дедилар. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни бундай ҳолда кўрган Утба ибн Робиъа ва Шайба ибн Робиъаларнинг раҳмлари келди. Ўзларининг Аддос исмли насроний қулларини чақириб: Узилган узумдан олиб, манави товоққа солгин-да анави одамга олиб бор, ундан есин”, дейишди. Аддос узумни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди ва “Енг!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бисмиллаҳ” дедилар-да қўлларини узатиб, узумдан олиб едилар. Шунда Аддос ажабланиб: “Аллоҳга қасамки, ушбу диёр аҳли бу гапни айтмайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан “Сен қайси юртдансан, қайси диндансан?” деб сўрадилар. “Насронийман, Найнаво деган юртданман”, деди у. “Солиҳ киши Юнус ибн Маттонинг қишлоғиданмисан?” дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. “Юнус ибн Матто ким бўлди?” деди Аддос. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У биродарим, набийлардан эди, мен ҳам Набийман”, дедилар. Шунда Аддос ўзини у зотга отиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари, оёқ-қўлларидан ўпа бошлади. У мусулмон бўлди.
Макка фатҳидан кейин Ҳунайн ва Автос ғазотларида мағлубиятга учраган бутпараст Ҳавозин қабиласи раиси Малик Тоифга қочиб борган эди. Чунки шаҳар бутпарастликнинг охирги уяси бўлиб турарди. Шунинг учун мусулмонлар Тоифни қамалга олишди. Бир ойлик қуршов ва ҳужумлардан кейин улар шаҳарни ташлаб кетишди. Тоифликлар бир қанча вақт ўтиб мусулмонликни қабул қилишди ва бутларни парчалаб ташлашди.
Мана, шаввол ойидаги биргина воқеанинг тафсилоти билан танишдингиз. Ушбу ойда бундай воқеа-ҳодисалардан жуда кўпи содир бўлган. Ҳижрий биринчи йили шаввол ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳога уйланганлар. Иккинчи ҳижрий сана шаввол ойида Бани Қайнуқоъ ғазоти бўлган. Худди шу пайтда Сувайқ уруши ҳам бўлган. Учинчи ҳижрий йилнинг 15 шаввол куни Ислом тарихида чуқур из қолдирган Уҳуд жанги бўлиб ўтди. Бешинчи ҳижрий йилнинг шу ойида Ҳандақ уруши бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниинг мўминлар онаси Умму Салама розийаллоҳу анҳога уйланишлари ҳижрий тўртинчи йилнинг шаввол ойида бўлиб ўтди.
Шунинг учун ушбу ойнинг фазлидан олти кун нафл рўзаларни ихлос ва эҳтимом билан тутиб, савобли ишларимизни янада кўпайтирайлик. Аллоҳнинг Расули башорат берганларидай ушбу ойда олти кун нафл рўза тутиб, бир йил мобайнида рўзадор юрганлик савобига эришайлик. Аллоҳ таоло қилган ибодатларимизни ва тутган нафл рўзаларимизни ҳусни қабул айласин, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин!
"Ҳилол" электрон журналидан
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати