Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сурма қўйса, тоқ қўйсин. Ким шундай қилса, яхши қилган бўлади, ким қилмаса, ҳараж йўқ”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмид* билан сурма қўйинглар. Албатта, у кўзни равшан қилади ва киприкларни ўстиради”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Сурма кўзни муҳофаза қилади, кўздаги хираликни аритиб, чиркинларни чиқариб ташлайди, қувватлантиради, кўриш қобилиятини оширади, киприкларни ўстиради. Бу хусусият, айниқса, исмидда кўпроқ бўлиб, кекса ёшдаги кишилар учун фойдалироқдир.
Юқоридаги ҳадислардан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсий гигиенага аъло даражада эътибор қилганларини кўришимиз мумкин. У зот муборак кўзларининг парвариши учун сурмадан фойдаланганлар ва умматларига ҳам тавсия қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурма қўйишларини диққат билан ўрганадиган бўлсак, у зот сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ва уни ўнг кўзларига учта, чап кўзларига учта (ёки ўнг кўзларига иккита, чап кўзларига иккита ва яна биттани икки кўзларига ёки ўнг кўзларига учта, чап кўзларига иккита) қилиб тоқ қўйганлари маълум бўлади. Умматларига ҳам уни кечаси қўйишни ва тоқ қилишни буюрганлар.
Сурманинг кечаси қўйилишида фойдалар кўп. Кўзлар юмилган ҳолда сурмадан узоқ вақт – тонггача озиқланади. Кундузи эса, бундай натижага эришиб бўлмайди.
Ҳанбалийлар, баъзи шофеъийлар ва аҳли ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам феълларининг зоҳирига эътиборан эркаклар учун сурма қўйиш (зарурат бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар) мустаҳаб деган йўлни тутганлар.
Ҳанафийлар эса, модомики, у билан зийнатланиш кўзланмас экан, эркакларнинг ҳам сурма қўйиши жоиз дейдилар. Ҳанафийларнинг баъзилари ман қилинган ҳолатдан такаббурлик учун зийнатланиш назарда тутилган, жамол ва виқор учун зийнатланиш эмас, деб изоҳлашган.
Имом Моликдан ҳам икки қавл бўлиб, бирида жоиз дейилган бўлса, иккинчисида аёлларга ўхшаб қолиши эътиборидан макруҳ дейилган.
Демак, эркаклар учун сурмадан даво сифатида, кўзнинг парвариши учун фойдаланиш жоиз. Зийнат учун бўлса, ҳанафийлар ва моликийлар наздида макруҳдир.
Агар собит бўлган ҳадислар тааммул қилиб кўрилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сурмани зийнат учун эмас, балки кўз ва киприклар парвариши учун қўйганлари аён бўлади. Сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ҳам бу ишнинг зийнат учун бўлмаганини таъкидлайди.
Сурмадан зийнатланиш мақсадида фойдаланиш фақат аёллар учун мустаҳабдир. Чунки улар эрларига чиройли суратда кўринишлари лозим. Аммо эридан бошқаси учун зийнатланишлари жоиз эмас.
Эркакларнинг сурмадан зийнат мақсадида фойдаланишлари эса, агар ўша жамиятда бу иш одатга айланган бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Қадимда араблар чўлнинг жазирамасида кўзнинг хиралашиб, шикастланмаслиги учун сурмадан фойдаланишган ва уни кундузи ҳам қўйиб юришган. Шу боис уларда эркакларнинг ҳам сурмадан фойдаланишлари оддий ҳол бўлган. Аммо бошқа халқларда, масалан, бизнинг минтақаларда бу ҳолатга ўзини аёлларга ўхшатиш қабилидаги хатти-ҳаракат деб қаралади.
Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишларини Саудия Арабистони мутасадди идоралари вакиллари билан муҳокама қилдилар.
Учрашувда ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий, Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Диний идора ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини эътироф этдилар.
Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, улар учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди. Жумладан, ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига ҳаж зиёратчиларига хизмат кўрсатиш, уларга муносиб ва шинам шароитлар яратиш ҳамда ташкилий ишларини янада кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад — ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати