Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Апрел, 2026   |   26 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:44
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:24
Bismillah
15 Апрел, 2026, 26 Шаввол, 1447

100 та сирли ибора

08.04.2025   10987   20 min.
100 та сирли ибора

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

ёхуд

ОДАМЛАР БИЛАН

МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ

100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

(1-қисм)

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z “...Одамларга ширинсўз бўлинг!” (Бақара сураси 2/83 оят).

 

Z “Аллоҳнинг раҳмати сабабли Сиз, эй, Муҳаммад, саҳобаларга мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, гуноҳлари учун кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!” (Оли Имрон сураси 3/159 оят).

 

Z “Эй, Мусо! Сиз ўзингиз ва биродарингиз Ҳорун Менинг оятларимни одамларга олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у «Мен – худоман», деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса (Тоҳо сураси 20/42-44 оятлар).

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;

¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;

¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);

¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;

¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);   

¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;

¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари);

¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;

¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);

¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;

¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;

¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” дейди»;

¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;

¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);

¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;

¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;

¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;

¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;

¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;

¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;

¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;

¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);

¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;

¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;

¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;

¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

 

(1 қисм тугади. Давоми бор...).

 

Иброҳимжон домла Иномов

 

Бошқа мақолалар

Ҳадис илми ва мусталаҳига оид асар

14.04.2026   3669   4 min.
Ҳадис илми ва мусталаҳига оид асар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Нававий (ваф. 676/1277-й.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёзган асарлари билан Ислом илмлари, хусусан ҳадис ва фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган йирик олим саналади. Ижтиҳод ва фатволари шофеъий мазҳабида мўътабар ва мўътамад ҳисобланганидек, ҳадис илмида ёзган асарлари ҳам соҳа уламолари наздида қадрли ва мавқеи баланд китоб ҳисобланади. Имом Нававийни “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ” асарини уламолар тарожимлар (олимларнинг ҳаёти ёритилган асарлар)да муаллифнинг муҳим таълифлари қаторида зикр қилишади.

Китобнинг тўлиқ номи: “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ ила маърифати сунани хойр ал-халоиқ”. Бу китоб ҳадис илми ва мусталаҳига бағишланган асар бўлиб, Имом Нававий бу китобни ёзишда Ибн Салоҳ Шаҳрозурий (ваф. 643/1245-й.) раҳимаҳуллоҳни “Маърифат анваъи илм ал-ҳадис” китобини асос қилиб олганлар.

“Муқаддима” номи билан машҳур бўлган бу китоб ушбу мавзуда ёзилган ўзидан аввалги китобларни тўлдирувчи ва жамловчи ҳамда ўзидан кейинги китобларга асос ва таянч ҳисобланади. Яъни, “Муқаддима”дан олдин ҳам бу илмга бағишланган асарлар бўлган. Муҳаддислар ва ҳадис илми пешволари ўзларининг ҳадис тўпламлари ичида ёки алоҳида тарзда ҳадис турлари ва иллатлари баён қилинган асарлар ёзишган. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071-й.) ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1014-й.) каби уламолар ҳадис илмига аталган китоблар ёзишган бўлса ҳам, ундаги масалалар ва таърифлар бир жойда жамланмаган ёки тартибланмаган эди. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ эса аввалгиларнинг ишини камолига етказди. Имом Ҳокимнинг “Маърифат улум ал-ҳадис” асарида зикр қилинган 52 та навга зиёда қилиб китобларида ҳадис навларини 65 турга бўлиб баён қилди. Имом Нававийнинг “Иршод” асари ушбу “Муқаддима”нинг мухтасари ҳисобланади.

Муаллиф яшаган даврда Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддима”си жуда машҳур бўлган ва бу илмда асосга айланган эди. Имом Нававий “Иршод” асарини ҳадис илми ва усуллари билан узоқ шуғуллангандан кейин ёзади ва ҳадис илми истилоҳларини баён қилишда бор маҳоратларини ишга солади. Китоб муқаддимасида муаллифнинг ўзи бундай дейди: “Бу китобда “Муқаддима”ни мухтасар қилишни истадим ва бу орқали уни зикрини жонлантириш, бошқа манбалар қатори ундаги манфаатлардан ҳамма фойдалана олишини умид қиламан”.

Имом Нававий мухтасарда қўллаган баён услубини шундай изоҳлайди: “Китобдаги маълумотларни баён қилишда осон, енгил иборалар билан келтираман, ундаги муҳим ва муҳим бўлмаган қайдлардан бирортасини мазмунига халал етказмайман ва аксар ўринларда китоб соҳибининг иборасини келтиришга ҳаракат қиламан, фақат фойдали мақсадлардагина бошқа лафзлар билан алмаштираман, бир қатор далиллар ва мухтасар мисолларни ҳам зикр қиламан ва унга баъзи ўринларда кичик лафзлар, қўшимча ва тўлдирувчилар қўшаман”.

Дарҳақиқат, Имом Нававий китобида Ибн Салоҳни ибораларини сақлашга ҳаракат қилган ва кўпинча “قال الشيخ” (Шайх айтди) деб айтадилар ва бу билан Ибн Салоҳни назарда тутадилар. У киши қўшган зиёдалар бир неча жиҳатдан фойдали ва қийматли масалалар ҳисобланади. Бу жиҳатлар Имом Нававийни илмлари қанчалик юксак даражада эканини кўрсатади.

Замондош муҳаққиқ, ҳадис илмлари устози, асарнинг 2019-йилдаги замонавий-танқидий нашрини амалга оширган олим Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу афзалликлари билан мазкур китоб Имом Нававийнинг шахсан ўзи Иршодга ёзган мухтасаридан афзалроқ ҳисобланади. Сабаби, бу мухтасардан бирор шарҳсиз фойдаланиш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Иршод китоби эса “Тақриб”да келтирилмаган фойдалари ва ибораси ҳам енгиллиги билан ажралиб туради”.

“Иршод”га ёзилган мухтасар асарнинг тўлиқ номи: “Ат-тақриб ва ат-тайсир ли маърифати сунан ал-башийр ан-назийр”. Ушбу  асарга ҳам бир нечта шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 902/1497-й.)нинг “Шарҳ ат-тақриб ва ат-тайсир” асари ва Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 911/1505-й.)нинг “Тадриб ар-ровий” асаридир. Бу икки асар ҳам ўз бобида ёзилган машҳур ва мўътамад асарлардан саналади.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Нававийнинг асарлари кейинги уламолар учун асос бўлиб хизмат қилиши билан бирга уламолар ҳам бу китоблар устида кўплаб хизматлар қилишган. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин.

 

Муҳаммаджон ИСРОИЛОВ,
ТИИ магистратура талабаси