"Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналлари ҳамда "Ислом нури" газетаси орқали халқимизга маърифат улашилмоқда. Ушбу нашрларга энг кўп обуна ташкил қилган ходимлар эса ҳар йили тақдирланадилар.
Бугун 12 май куни Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳар имом-хатиблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчилигида ташкил этилган ушбу тадбир "Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналлари ҳамда "Ислом нури" газетасига фаол обуна ташкил этган имом-хатиблар тақдирландилар ва уларга эсдалик совғалари улашилди.
Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ўша яхшиликни қилганнинг ажридек ажр берилади", дея марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, яқинларга, дўстларга яхшилик улашиш, маърифат тарқатишга далолат қилиш таҳсинга сазовор ишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати